Босқон ҳар урилганда сачраётган учқунлар гуриллаб ёнаётган олов, алангада қизиб, қип-қизил чўғ тусини олаётган темирдан чиққан ёндираман, деяётган иссиққа қўшилиб, атрофни аёвсиз қиздиради. Юз-кўзидан тер шовиллаб қуйилаётган уста Ҳабибназар босқон ураётган невараси, қўлида ясаётган тешасига бот-бот кўз қирини ташлаб олиб, ишида давом этаётган ўғлига меҳр билан қарайди. Барибир ҳар икковининг танасида ҳам бобокалонлари – устазода
темирчиларнинг қони оқяпти-да. Зуваласи пишиқ. Йўқса, бу алангали оташга унча-мунча одам чидаб бўпти! Ана, шогирдликка олинг, темирчи бўламан, сизга ўхшаб чиройли пичоқлар ясамоқчиман, дея илтимос қилиб келган не-не йигитлар: «Кечирасиз, уста, бизга бўлмас экан»,- дея кетиб қолишмадими? Биттаси бир ҳафтагача тузукроқ босқон тутишни ўрганмади. Биттаси бир кунгина чидади, яна бошқа бири – ўн саккиз ёшли йигит: «Намунча иссиқ, нафас ололмаяпман»,- дея ярим соатдаёқ жуфтакни ростлаб қолди…
Шу лаҳза раҳматли дадаси – Акрамназар Ҳабибовнинг сўзлари шундайгина қулоғи остида жаранглади: «Ўғлим, темирчининг нони оғир, лекин балиқ гўштидан ҳам ҳалол. Майли, агар қийналиб қоламан, десанг, бошқа касб этагини тут!» Отаси бу гапларни айтар экан, янги, ўткир ўроқларни бир-бир қўлига олиб, «энди буғдойни вақтида ўриб оламан, бегона ўт уруғлари пишмасдан бурун, бошоқлари тўкилмасдан олдин», дея кўзлари севинчга тўлган деҳқон шундайгина Ҳабибназарнинг ўнгида намоён бўлди. Деҳқоннинг ортида эса, бири кетмон, бири болға, бири теша ушлаган кишилар миннатдор жилмайиб туришарди…
х х х
Ҳабибназар етмиш беш ёш арафасида турган бўлса-да, ҳамон отасини кўп эслайди. Унинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида туриб, фашистлар устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшганини кўплардан эшитган. Айрим пайтлар отасининг ўзи ҳам сўзлаб берган. Отаси айнан уста темирчи бўлгани учун у ва яна уч кишини урушга юборишмаган. Отаси ўша пайтдаги артелда кунни-кун, тунни-тун демасдан, ғалабага ҳисса қўшиш ниятида шижоат-ла меҳнат қилган. У ясаган учли белкураклар билан жангчилар жанггоҳларда ҳандақ-окоплар қазишган. Отаси ясаган темир каравотлар госпиталларга жўнатилган. Уруш, барибир, уруш-да. Ўқ ёмғирдек ёғилади, қулоқни қоматга келтириб, бомба портлайди – яраланганлар зудлик билан госпиталларга жўнатилади. Госпиталларда каравот етишмай қолади. Устига янги-янги госпиталлар очилгани-очилган. Фронтга жўнатишларини сўраб илтимос қилган, жангга шайланган темирчиларга Ўратепа шаҳар ҳарбий нозирлигида ишлайдиган масъуллардан бири шундай деган экан: «Сиз ясаётган каравотлар жангчиларимизнинг тезроқ соғайиб кетишларига ва яна фронтга қайтишларига хизмат қилади. Яраланиб, тузалган жангчилар эса, аввалгидан ҳам қаттиқроқ жанг қиладилар. Тушунтира олдимми, сиз шу ерда туриб, фашистларни қиришга ёрдам беряпсизлар, ғалабани яқинлаштиришга ҳисса қўшяпсизлар!»
Акрамназар гарчи бошқа тенгқурлари каби урушга бора олмагани учун кўпинча аламини боса олмаса-да, бора-бора қилаётган ишларининг ғалаба учун қанчалик нафи тегишини тушунди. Айниқса, фронтдан ўзлари ясаган буюмлар учун миннатдорчилик мактублари келганда, бир ғайратига ўн ғайрат қўшилиб, ишлади. Уруш тугай деб қолганда эса, ҳар бир нарсада ҳикмат борлигига яна бир бор инонди. 1944 йили 26 январда ўғил кўрди. Унга отасининг исмини қўйди – Ҳабибназар. Қувончи ичига сиғмасди. Энди темирчилар сулоласи давом этади. Етти аждоди темирчи ўтган Акрамназарнинг ўғли ота-боболарининг касбини давом эттиради. Одамлар учун, эл учун, юрт учун зарур темир жиҳозлар ясаб беради!
Боболари касбини давом эттирган Ҳабибназар отасининг айни шу яхши ниятини амалга ошириш учун меҳнат қилди. Отасидан эшитгани бор – темирчилар ҳеч қачон ўзлари ясаган буюм-жиҳозларнинг ёмон мақсадлар учун хизмат қилишини исташмайди, Исташ не, ўйлашмайди, ҳатто. Масалан, ўз касбини қадрлайдиган, ўзини ҳурмат қиладиган темирчи ҳеч қачон ясаган пичоғи бирон ёвуз ниятли киши қўлига тушишини, кимнингдир умрига зомин бўлиши ё яралашини истамайди.
х х х
Темирчиларнинг бошқа кўпгина касб эгаларидан фарқ қилиб турадиган ҳаёт йўллари бор. Бу йўллар кўпинча уларнинг ўзлари туғилиб-ўсган макондан узоқроққа бошлаб боради. Чунки битта маҳаллада, битта қишлоқда темирчи ўн-ўн бештадан ошдими, уларнинг ўз касблари ортидан тирикчилик қилишлари қийинлаша боради. Шунинг учун ё тайёрланган маҳсулотлар темирчилар йўқ ва оз манзилларга олиб бориб сотилади, ё бошқа шаҳар ё қишлоқдан макон топилади.
Урушдан кейин Ўратепа шаҳрининг ўзида темирчилик маҳсулотлари кўпайиб қолгач, Акрамназар атроф қишлоқларга бориб, шартнома асосида ишлай бошлади. Лекин кунларнинг бирида шартнома тузган бригада бошлиғи сўзида турмади. Икковлон орасида гап қочди. Худди ўша пайтлар Акрамназар ўзи тайёрлаган нарсаларни ҳафтада бир бор Нов бозорига олиб бориб сотарди. Новда у тайёрлаган сифатли маҳсулотлар чаққон сотиларди. Отга тақа борми, бигиз борми, ўроқ, теша борми, у нарсаларга эҳтиёж бор эди. Урушдан тўрт йил ўтган эди. Новдаги колхоз раиси устанинг ишини кўриб, кўчиб келишга таклиф этди. Лекин уста Новга бир ўзи келиб яшай бошлади, чунки оиласи билан кўчиб келишга уй-жойи йўқ эди.
- Мен Ўратепадаги мактабда ўқирдим. 1956 йилмиди, Новга катта сел келди. Дадамларнинг дўконлари колхоз омборхонаси ёнида эди. Омборхона ёнида чойхона. Дўкон ҳам ишхона эди, ҳам турар жой. Таътил пайтида мен ҳам Новга боргандим. Ҳаво иссиқ, дўконнинг томида ётардик. Селнинг кучини ўшанда кўрганман. Сел икки дарахтни чирпирак қилиб оқизиб келиб, омбор дарвозасига кўндаланг қилиб тақаб қўйди. Раҳматли Кўчим ака Эгамбердиев омборчи эдилар. Омборда колхозчиларга тегишли қанча нарса борлигини айтиб, сув остида қолмасин, дея куйиб-пишардилар. Дарвоза билан чойхона орасида девор бор эди. Дадам қўлларига катта кетмон олиб девор бузишга тушдилар. Шунда колхоз раиси, адашмасам, Рустамов эди, от миниб келиб қолди. Сув отнинг қорнига урарди. У отамнинг қанчалик шижоат билан ишлаётганликларини кўриб, қайта-қайта раҳмат айтди. Ўша йили колхоз ҳисобот мажлисида раис оиламизга томорқа беришни таклиф этган экан. Эшитишимча, бизга колхоз иши учун жонини ҳам беришни аямайдиган устага ўхшаган одамлар керак, деган экан. Шундай қилиб, биз новлик бўлиб қолдик. Отамни қанчалик ҳурмат қилишларини кўриб, мен янги маконга, одамларига меҳр қўйдим…
х х х
1966 йили Ҳабибназар ҳарбий хизматни тугаллаб, Новга қайтди. Келди-кетди камайганидан кейин от тақалаётган отаси сўради: «Нима қиласан, ўғлим, ўқийсанми, ишлайсанми, темирчилик қиласанми ё ҳарбийдан бирон касбни ўрганиб қайтдингми?» Ўғил синовчан қараб турган отасига: «Сизнинг, боболаримнинг касбини давом эттирсам, дегандим»,- дейди. «Сендан айнан шу жавобни кутгандим. Бўпти. Касбимизнинг қанчалик машаққатли эканлигини биласан. Болалигингданоқ кўргансан. Мен кимдир иши тушиб келса, ҳеч қачон «вақтим йўқ, қилмайман, қилолмайман», демаганман. Эшигимдан ҳеч ким ноумид қайтмаган. Ва, албатта, буюртмани вақтида бажарганман, тайёрлаган нарсам сифатли чиқиши, эгасига узоқ вақт хизмат қилиши учун интилганман. Темирчи учун бақувват билаклар, чидам, сабр-тоқат кераклигини яхши биласан. Ўғлим, бу нарсаларнинг ҳаммаси сенда бор. Майли, яна уч-тўрт кун дам ол, кейин ишга киришгин. Илоҳим, ота-боболаримнинг руҳ-арвоҳлари қўлласин!»
Ота рози – Худо рози, дейдилар. Акрамназар ака Ҳабибназарнинг ўзи айтган ҳар бир гапни уққанини, уқиб, айни у истагандайин ишлаётганини кўриб ҳаётдан хотиржам кўз юмди. Бунга ҳам 23 йил бўлай, деб қолибди…
-Ҳозир 74 ёшга кирдим. Лекин ҳалигача дадамларнинг ўгитлари қулоғимда. Аждодлар касбини фарзандларим давом эттириши учун интилиб келдим. Ўғилларимни ўргатганман. Катта ўғлим Авазжоннинг иши пишиқ, неварам Ҳабибжон яхши темирчи бўлиб қолди, - Ҳабибназар ака шундай дея ўйланиб қолади. -Ким шогирд тушмоқчи бўлса, биринчи навбатда кувалда ушлашни ўргатардим. Ва устанинг ҳар бир қўл ҳаракатини синчиклаб тикилиб ўрганишини истардим. Шогирдлар, аввало, қозиқ, бигиз каби оддийроқ нарсаларни ясашдан иш бошлаганлари маъқул. Уларни ясашга қўли келишдими, оғир меҳнатдан қочиб қолмадими, демак, энди мураккаброқ нарсаларни ясашга ўтиши мумкин бўлади.
Уста бошқа уйга кириб чиқиб, қўлида пичоқ кўтариб келади. Уни олиб, завқланиб томоша қиламан. Чинакам санъат асарига ўхшайди. Устанинг бутун меҳр-муҳаббат билан ишлагани кўриниб турибди. Сопи ҳайвон суягидан ишланган. Пичоқ четига нақшлар битилган. Безаклари ҳайратланарли даражада чиройли. Ўзимча бу пичоқ билан қўй-мол сўйиш нари турсин, унинг эгаси, ҳатто, сабзи-пиёз тўғрашга ҳам ишлатмаса керак, дея ўйлайман.
- Дадамларнинг пичоқлари фақат Тожикистонда эмас, бутун СССРда машҳур бўлган. Ўттизтача пичоқлари катта-катта кўргазмаларга, ўша пайтларда ВДНХ (Бутуниттифоқ халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси – муаллиф) бўлган, у ерга қўйилган.
Ҳабибназар ака ўзининг эмас, отасининг қанчалик моҳир уста бўлганлиги ҳақида сўзлайди. Лекин агар у ясаган пичоқлар отасиникидан қолишмайдиган бўлмаганда, совға тариқасида буёғи Канада-ю Америка, уёғи Европага олиб кетишмаган бўларди.
- Пичоқ мен учун – миллатимизнинг қуроли. У ҳеч қачон одам ўлдириш учун эмас, яхши ниятлар билан ясалади. Мен кўпинча пичоқ сопини буғу, сайғоқ шохларидан ясардим. Лекин ҳозир уларни топиш қийин, тўғрироғи, топиб бўлмай қолган. Филнинг тиши ё каркидонники бўлса-ку, қўяверинг. Асил харидор ўзи нархини айтиб, олиб кетади. Ҳозир минг сомонийгача кетар-ов. Лекин юз сомонийдан икки юз сомонийгача кетадиган пичоқлар ясаяпмиз. Лекин ҳеч қачон молнинг суягини ишлатмаймиз. Отам унинг каффорати бор, дердилар. Яна ҳеч қачон ёлғон гапирма, иккита нарса ясама, биттасини сифатли қилиб яса, иккитасининг пулига сотасан. Қиммат олган одам ўша нарсани эҳтиёт қилади, арзонга олса, қадрига етмайди, дердилар. Билиб қўй, ясаган пичоғинг хорланса, сен ҳам хорланасан, деган гаплари ҳамон эсимда.
Уста шундай дея, қўлидаги пичоқни айлантиради.
- Рўзғор учун ясалган пичоқни ўн йилгача чархлатмасдан ишлатганлар ҳам бор. Айримларнинг пичоқ ўткирлашда пиёла ишлатишганини кўрганман. Пиёланинг таги қиров чиқариб, пичоқнинг дамини уради. Зарур бўлганда, қайроқтош ишлатган яхши.
х х х
Ҳабибназар Аҳроров ҳарбий хизматдан қайтгач, узоқ йиллар давомида собиқ «Ленинободселмаш» заводида ишлади. Иш бошлагандан кейин кўп ўтмай, уни бригада бошлиғи қилиб тайинлашди. Ҳар қандай топшириқни вақтида ва қойилмақом қилиб бажаргани учун заводда ҳурмат қозонди.
… Заводга қишлоқ хўжалик машиналаридан бирини тез фурсатда яшаш учун буюртма тушади. Лекин аксига олиб металл вақтида етиб келмайди. Ўша пайтдаги завод директори Бибик узайтирилган навбат қилсак, нима дейсизлар, дея ишчилар қўйнига қўл солиб кўради. Буюртманинг муҳимлигини сезган уста бригада аъзолари билан маслаҳатлашиб, рози бўлади. Смена – навбат охирида санаб кўришса, тайёрлаган маҳсулотлари саккиз юзтага етибди. Директор билан бирга техник назорат бўлими бошлиғи Пак келиб, тайёр маҳсулотларни кўришади. «Мен қачондан буён шу заводда ишлайман, лекин бир сменада олти кишининг шунча маҳсулот тайёрлаганини кўрган эмасман»,- дейди у. «Ишонмасанглар, қараб туринглар»,- дейди уста ва ишида давом этади. Кейинги навбатда 1200та маҳсулот тайёрлашади. Сифатини кўздан кечирган Пак мамнун жилмаяди ва устма-уст «қойил», дейди. Завод директори Бибик эса, тайёрланган ҳар битта маҳсулот учун 5 тийиндан қўшимча ҳақ беришга буйруқ чиқартиради. У пайтларда беш тийинга бешта гугурт, саккиз-ўн тийинга битта нон бериларди…
х х х
Устанинг темирчилик устахонаси шундайгина дарвозалари қаршисида. Кўчанинг нариги бетида жойлашган. Энди устахонага ўтмоқчи бўлганимизда, бир йигит салом бериб, яқинлашади. Қўлидаги тугунда камида беш-олтита пичоқ ва яна нималардир бор экан. «Уста, буларни чархлатишга олиб келгандим. Фақат тезроқ керак эди»,- дейди у. «Майли, кечқурун келиб, опкетишинг мумкин»,- дейди уста ва устахона эшигини очади. Унинг ортидан устахонага аввал ўғли Авазжон ва сал кейинроқ невараси Ҳабибжон кириб келишади. Уста оловда қизиётган темирга ишлов беришга киришган ўғлига йўл-йўриқ кўрсата бошлайди…
Ўринбой УСМОН, Спитамен ноҳияси.
Вахш водийси лимон етиштиришда республикамизнинг бошқа минтақаларидан фарқ қилади.
Бир неча ўн йиллар муқаддам лимон етиштиришда водийнинг саховатли ҳамда танти халқи республикамиз миқёсида етакчи мавқени қўлга киритган эди. Фуқаролар уруши ва унинг мудҳиш жараёнлари туфайли лимон етиштириш суръати кескин равишда пасайиб, соҳага эътибор бериш ёддан кўтарилиб кетди,
Муфассал...
Бош мураббий Усмон Тошев бошқарувидаги Тожикистон терма жамоаси декабр ойида Яман, Уммон ва Баҳрайн термаларига қарши бир қатор ўртоқлик учрашувлари ўтказишни режалаштирди.
Бу ҳақда Тожикистон футбол федерациясидаги манба хабар тарқатди.
Манбанинг маълум қилишича, мамлакатимиз бош жамоаси 9 декабр куни
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015