Бозорга ўхшайди, асли бу дунё,
Бозорга ўхшайди, бунда ҳам маъни.
Иккиси ичра ҳам кўрмадим, асло,
Молим ёмон, деган бирор кимсани. Абдулла ОРИПОВ.
Бозор - қадим-қадимдан бирор мамлакатнинг, у ёки бу минтақанинг иқтисодиёти, ўша ҳудуд аҳолисининг муомала, савдо-сотиқ маданиятини ўзида акс эттирувчи кўзгу саналган.
Обод бозорни, хушмуомала сотувчини кўрган меҳмон ёхуд сайёҳ бу давлатнинг ободлиги, одамларининг муомала маданияти юксак эканлиги ҳақида аниқ бир хулосага келган…
Аниқроғи, асил бозор ҳозиргидек, шайтоннинг ёлғончи, найрангбоз, ҳаромхўр, даллол "дўстлари" (заҳматкаш бободеҳқонлар бундан мустасно) ишлайдиган жой бўлмаган.
Ривоят қилишларича, кунлардан бир куни Шайтондан сўрашибди:
-Мулла Шайтон, сенинг ҳам масжидинг борми?!.
Шайтон ҳузур қилиб тиржайибди-да, жавоб берибди:
-Менинг масжидим - бозор…
Аслида эса, бозор - бу маданият маскани… Бу - исбот талаб қилмайдиган, бор ҳақиқат…
Аввал-охир эшитганларимизга ишониб-ишонмай, биз ҳам маданият муждаларини топиш илинжида, Шаҳринав ноҳиясидаги "Пайшанба" бозори томон йўл олдик.
Бозорга яқинлашгач, унинг киравериш жойидаги тартибсизликларни кўриб, ҳайрат ёқасини тутдик.
Сотувчилар кўчанинг учдан бир қисмини эгаллаб олишгани харидорлар ва транспортнинг ҳаракатланиши учун шу даражада қийинчилик туғдирадики, ўта зич "тиқин" оқибатида, 80-100 метрлик масофани 20-30 дақиқада, баъзан ундан ҳам кўпроқ вақтда босиб ўтишга тўғри келади.
Кези келганда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, биз бу ҳолатни бу куни эмас, ўтган йилнинг 29 январида ҳам тадқиқ қилганимизда, транспорт ҳаракатини кузатиб, тартибга келтирадиган бирор бир давлат автомобил назорати ходимининг "қораси"ни кўрмадик.
-Ишлаш оғир бўлган бундай пайтда "ГАИ"лар ўзларини олиб қочади. Улар бошқа тартиблироқ жойда "даромад" қилишяпти,- дея қичқирди бизни кузатиб турган "Тико" ҳайдовчиси деразадан бошини чиқариб.
Шу даражада тартибсизликки, халқнинг таъбири билан айтганда: Ажинабозор…
Шуниси ачинарлики, мазкур автомобил йўли ноҳиядаги аҳолиси энг кўп бўлган ҳудуд - Акрам Ҳасанов номли қишлоқ жамоати ва марказни боғлайдиган ягона йўлдир.
Тасаввур қилинг, касаллиги ёки туғруғи оғир кечадиган беморни ноҳия марказий касалхонасига олиб бориш зарурати бўлиб қолса, нима бўлади?!.
Оқибати қандай кечишини мулоҳаза қилишни сизнинг ихтиёрингизга ҳавола этамиз…
Биз бозорга "ташриф" буюрган кунимиз чексиз шодиёналар билан кутиб олганимиз, етти хазинанинг бири - Товуқ мучали билан кириб келган янги - 2017 йилнинг 5 январ санаси эди.
"Пайшанба" бозорининг ички ҳолати билан танишиш учун дарвозадан ичкарига "қадам ранжида" қилдик.
Ёғин-сочинли кунлар эди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, балчиқ тўпиғингизга уради.
Ана шундай балчиқ босган ерда озиқ-овқат маҳсулотлари, рўзғор буюмлари сотилмоқда.
Энди, бу ҳолатни ёзнинг иссиқ кунларига кўчириб тасаввур қилинг: чанг-тўзонли манзара.
Суриштириб билганимиз: бозор амал қилаётганига ўн йилнинг нари-берисидаги фурсат ўтган бўлишига қарамай, ҳали сотувчилар учун растада савдо қилиш шароити яратиб берилмаган. Бозорга айлангунга қадар шийпон қандай бўлса, шундай турибди.
Бояги-ю, бояги, бой бобомнинг таёғи…
Айланиб бозорнинг гўшт маҳсулотлари сотиладиган қисмига ўтдик. Қассоблар очиқ ҳавода, ўзлари омонат ясаган, ночор "стол"ларда (зеро, уларни раста, деб бўлмайди) савдо қилишмоқда. Уларда на халат бор, на бошқаси.
Маҳсулотини сув текин арзон нархда сотадиган деҳқонларнинг ҳафтасига бир шашликхўрлигу пирожкихўрлик қиладиган нуқтасини назорат қилганимизда, санитария ҳолатларига эътиборсизликнинг энг олий намунасига дуч келдик.
Ҳатто, ўтган асрнинг алла қайси йилида тикланган шийпон шиферларини "бақатўн" босиб кетган. "Муҳайё этилган" ана шундай шароитда инсон омили, деган тушунча, умуман, эътибордан четда қолиб кетган.
Ноҳия санитария-эпидемиология давлат назорати маркази ва солиқ нозирлиги ташкилотлари, Ички ишлар вазирлиги Шаҳринав ноҳияси бўлими, давлат автомобил назорати бўлинмаси раҳбарларининг эсу ҳуши, кўзи қаерда эканлиги бизга қоронғулигича қолаверди…
"Пайшанба" бозорнинг пастки эшикчасидан чиқсангиз, 50-80 метрлар чамаси кунботар томонда чорва моллари сотиладиган "филиали" ҳам бор экан.
У ер билан ҳам "танишиш"ни ният қилдик. Молбозорнинг киравериш жойида тўхтадик. Ҳатто, бизнинг қаватимизда борган одам ҳам: -Бу ерга кириб ўтиришнинг ҳожати йўқ,- дея изига қайтди.
Бизга айтдими, ўзига-ўзи гапирдими, билолмай қолдим.
Дарҳақиқат, бу ердаги балчиқ тиззангизни бўлмаса-да, болдирингизни бемалол расво қилади.
Гарчи бозор тонг қоронғусида бошланса-да, ёритиш воситалари билан мутлақо жиҳозланмаган!!!
Яна бир томони: молбозор темир йўлга шу даражада яқин жойлашганки, ҳатто, 5-6 қадам ташлаб, оралиқ масофани ўлчаш мумкин.
Билмадим, темир йўлга доир меъёрий ҳужжатлар, аниқроғи, қонун-қоидалар бундай бозор қуришга ижозат берадими, йўқми?!.
Бу ёғи соҳа мутахассисларининг муаммоси…
Суратга тушираётганимизни кўриб, бизга яқинлашган йигит (Афтидан молбозорнинг паттачисига ўхшайди) пўписа қилмоқчи бўлдими: -Бозор ноҳия раисиники…- деди ғалати оҳангда.
Биз қўрқмадик, аксинча, таажжубимиз бир неча баробарга кучайиб, «ҳайрат бармоғи» тишлаб қолдик. Наҳотки, ноҳиянинг биринчи рақамли одами Нусратулло Аюбзода Нажмиддинга қарашли бозорнинг аҳволи шу бўлса!?. Қолганлари-чи?!.
Зеро, ноҳияда "Жума" бозор, марказида яна иккитаси амал қилади…
Нима бўлганда ҳам, "Пайшанба" савдо масканидан бозорга тааллуқли бўлган ҳақиқий нишоналарни тополмай, қониқиш ҳисси ҳосил қилмаслик ҳолатини ифодаловчи таассуротлар билан қайтдик.
Кўнгилдаги гапни айтадиган бўлсак: бировнинг кўнглини хуфтон қилиш ниятидан жуда йироқмиз. Инсонпарварликка асосланган касбий бурчимиз ҳам бунга йўл бермайди. Аммо биз ҳаёт ҳақиқатини одмигина шиорга амал қиламиз: - Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам…
Асли мақсадимиз эса, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон томонидан Ватаннинг ободлиги, элнинг фаровонлигини кўзлаб олиб борилаётган оқилона ижтимоий сиёсат борлигини яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз, холос…
Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ,
"Халқ овози"нинг махсус мухбири.
Жорий йил бошидан буён Бохтар ноҳиясида 1814та янги иш жойи бунёд этилди, бу режанинг 92,8 фоизини ташкил этади.
Давлат ҳокимияти Бохтар ноҳияси ижроия органидан хабар беришларича, янги иш жойлари ва корхоналар ташкил этилиши ишлаб чиқариш умумий кўрсаткичининг ошиши омили бўлиб хизмат қилган.
Муфассал...
Ҳудудида турли номлар билан диний партиялар амал қилувчи бир неча мамлакатлар тажрибаси ўша давлатларда ушбу ҳаракатлар ва диний идеологияга эга партиялар «шарофати» билан ҳеч қандай ривожланиш вужудга келмагани исботланган. Аксинча, айнан, ушбу сиёсий бирлашмалар ўртасида сиёсий ҳокимиятни қўлга киритиш учун зўравонликлару қарама-қаршиликлар авжга чиқиб, умуман, ўша давлатларнинг бир маромдаги тараққиёти йўлидаги тўсиққа
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015