Китоб ёзиш, китоб яратиш, умуман, китобдорлик ҳунари маърифатпарвар миллатнинг маданий тарихида чуқур томир ёйган бўлиб, халқимиз ҳамиша китобни миллий қадриятлар қаторига қўйган ва китоб ёзган ёки унинг нашри билан шуғулланган кишига ҳурмат кўрсатган. Тожик адабиёти тарихида китоб шунчалик васф этилганки, жаҳон адабиёти дурдоналарида бунақаси бўлмаса керак. Улуғ олим ва адибларимиз китобни миллатнинг бебаҳо бойлиги деб билиб, уни, жумладан, «тўғрилик йўлбошчиси», «ақл ганжи», «диллар қуёши», «беминнат устоз», «миллат маърифатчиси»… деб атаганлар.
Китобни камолотга етишнинг биринчи воситаси, деб билганлар. Камолиддин Биноий айтганидек:
Ўзгалар ишига ҳаваси йўқ эди,
Китобдан ўзга ҳамнафаси йўқ эди.
Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги шоҳбайтини бутун асрлару замонлар ва мулку маконлар учун китоб ҳақидаги мукаммал сифатнома тарзида кўрсатиш жоиздир:
Танҳолик бурчида ёринг китобдир,
Донолик тонги, гулзори китобдир.
Китобнинг энг олий рисолатларидан бири шуки, асрлару наслларни бир-бирига боғлаб, тирикликка зиё бағишлайди, маънавий бани башар нақшини чизади.
Юртимиз мустақилликка эришгандан кейин бу анъана янада қизғин давом эттирилиб, китоб юртдошларимиз ҳаётида аввалгидан-да муҳим бўлиб бормоқда. Таъкидлаш жоизки, Давлат бошлиғи Эмомали Раҳмон ҳар бир маърузаларида жамиятимиздаги китоб ва китобхонлик мавзусига алоҳида тўхталиб ўтади. Жумладан, мамлакат Президентининг 2007 йилдаги республика Олий Мажлисига йўллаган Паёмида қуйидаги жумлалар бор: «Китобу китобхонлик ва илму маърифат аҳамиятини инобатга олган ҳолда тавсия қиламанки, бошқа байрамлар қаторида Миллий кутубхона қурилиши бошланган кун «Китоб куни» сифатида нишонлансин. Яна «2008-2015 йиллар полиграфия саноатини ривожлантириш давлат дастури» ишлаб чиқилиб, келгусида мамлакатимиз ичкарисида бадиий адабиёт ва илмий-таълимий, қимматбаҳо қоғозлар ва умуман, барча турдаги чоп этилувчи материаллар нашри учун янги замонавий дастгоҳлар олиб келиниб, моддий техник база бойитилсин». Етти йилдирки, 4 сентябр «Китоб куни» сифатида нишонланиб келинади ва юқоридаги гаплардан маълум бўладики, китоб кунини нишонлаш баробарида, юртимизда китоб тайёрлаш ва нашр этиш учун барча қулайлик ва шароитлар яратиб берилган.
Мен матбуот саҳифаларида бериб борилаётган «Китоб куни» паст савияда ўтказилади, деган мақолаларни маъқуллай олмайман. Аслида ҳар бир киши билмоғи керакки, Тожикистонда «Китоб куни»нинг нишонланиши бу халқимизнинг узоқ анъанасига бориб тақалади, бизнинг миллий ифтихоримиз билан узлуксиз боғлиқлиги бор. Давлат бошлиғи таъбири билан айтганда: «Китоб қадимдан тожик миллатининг паспорти, илму маърифат меваси эди».
Мустақил республикамизда ҳар йили «Китоб куни» ҳақиқатдан ҳам кўтаринки руҳда ва оммавий тарзда нишонланади. Бу қутлуғ кун бизнинг маънавий маданиятимизни улуғлаш, илму маърифатни кўкларга кўтариш ва миллий ифтихоримиз рамзидир. Бу кунда бутун мамлакатимиз бўйлаб анжуману учрашувлар, китоб сотуви ва кўргазмаси, шоиру ёзувчилар ва ноширлар билан учрашувлар ўтказилиб, адабий ўқишлар, шеъру қўшиқ базмлари байрамона руҳда ўтказилиб келинади.
Ҳар йили «Китоб куни» муносабати билан юртимиздаги нашриёту матбаалар кўпгина китоблар нашр этади ва кўргазма ташкил этилиб, арзон нархларда харидорларга сотилмоқда. Республикамиздаги газета ва журналлар мазкур байрам муносабати билан қизиқарли мақола, шеъру ҳикоялар нашр этадилар.
«Адиб» нашриёти ҳам, республика маданият вазирлигининг қуйи тизимлари қатори китобни нашр этиш, тарғиб қилиш ва омманинг қўлига етказишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Яқинда бир қатор янги китоблар нашрдан чиқарилиб, кўргазмаю сотувга қўйилди. Фарзонанинг «Қайноқ дарё», М.Ғойибнинг «Нур сояси», С.Маъмурнинг «Дийдор давлати», К.Олимзоданинг «Садоқат мактуби», А.Мирхожанинг «Иккинчи нафас», С.Турсуннинг «Танланган асарлар», А.Маҳмадшонинг «Яшашнинг ўзи камлик қилади», Сайф Раҳимзоднинг «Тонг кўзи», Шодон Ҳанафнинг «Беҳзод», бир неча жилдли «Адаб юлдузлари» силсила китоби ва Абулқосим Лоҳутийнинг «Куллиёт»ининг биринчи жилди шулар жумласидандир.
Нашриёт ходимлари пойтахтимиз ва республикамизда ўтказилаётган муҳим чора-тадбирларда фаол иштирок этадилар. Шунингдек, бизнинг намояндаларимиз мактаблар ва олийгоҳларга бориб, ўқувчи ва студентлар билан мулоқот уюштирадилар. Тадбирда китобу китобхонлик тўғрисида маърузалар қилишиб, фаол ижодкор, китобхон ҳамда кутубхоналарга янги китоблар тақдим этадилар. Нашриётимиз ҳар бир ходими миллий маданиятимиз тарғиботида алоҳида намуна кўрсатмоқда.
Маълумки, биз илму техника тараққиёти замонида яшаяпмиз. Жамиятимизнинг барча соҳаларида турли янгиликлар юзага келмоқда. Жумладан, компютер мосламалари мавқеи тобора ортиб, интернет саҳифалари, китобхонлик ва китобдорликда дискларнинг кенг қўлланилиши катта ўзгаришларни ўртага чиқармоқда. Аминманки, бундан кейин ҳам технология соҳасида бундан-да юқори натижаларга эришамиз. Бироқ, шуни комил ишонч билан айтаманки, бунинг барчаси жамиятда китоб ўрнини эгаллай олмайди.
Маърифатпарвар юртбошимиз бундан уч-тўрт йил илгари шундай деган эди: «Китоб миллатнинг абадий қадриятларидандир ва ҳеч бир нарса, ҳеч бир куч унинг ўрнини эгаллай олмайди, жумладан, компютер технологияси ҳам».
Халқимизда буюк ҳикмат бор: «Ҳодиса юз бермасдан олдин чора кўрмоқ лозим!» Бу борада биз – нашр мутасаддилари китобнинг бошқа воситалардан устунлик томонини одамлар ўртасида, хусусан, ёш авлодга тушунтирмоғимиз зарур.
Имоним комилки, бизнинг юртимизда китобу китобхонликнинг тарғиботи, китобга бўлган эҳтиром ва тарбияни талқин этиш керакли даражададир. Бу хайрли ва савобли ишнинг бошида мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари турибди. Муҳтарам Президентимиз ҳар бир учрашув ва нутқларида барчани китоб мутолаа қилиш, китобни севиш ва унга нисбатан эҳтиром кўрсатишга чақирадилар. «Китоб мутолаасисиз,- таъкидлайди Давлат бошлиғимиз,- ақлли ва маърифатли, яратувчану яхшилик қилувчи, равшан фикрлайдиган, ватансевар инсон ва юксак миллий ифтихор эгаси бўлишнинг иложи йўқ». Жаноби олийлари нафақат сўзда, балки амалда ҳам чинакам китобсевар инсон. Мана, ўн йилдирки, у кишининг бевосита қўллаб-қувватлашлари натижаси ўлароқ, мамлакат Президенти эҳтиёт хазинасидан маблағ ажратилган ҳолда, Тожикистон ёзувчиларининг китоблари нашр этилмоқда. «Адиб» нашриёти мингдан ортиқ китобни ана шундай чопдан чиқарди: муқаддас «Қуръон» китоби, Бобожон Ғафуровнинг «Тожиклар», Умар Хайёмнинг «Наврўзнома», Абуабдуллоҳ Рўдакийнинг «Донишнома», «Тожик тилининг изоҳли луғати»…
Қатор силсила китоблар, жумладан, «Адаб юлдузлари» 50 жилдли китобнинг бугунгача 25 жилди нашрдан чиқди, «Ўсмирлар ва ёшлар донишномаси» ва «Тожик миллий энциклопедияси» (12 жилдли) чоп этилиши ҳам Давлат бошлиғи маърифатпарварликларининг яққол намунасидир. Бундан ташқари, Президент мамлакат зиёлилари билан бўлган учрашувда тожик адибларининг баланд савияда яратилган асарларини рус ва инглиз тилларига таржима қилиб, нашр эттиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдириб ўтганди.
Ер юзида Президентимиз каби китоб, китобхонлик ва китобдорликларга нисбатан бу қадар эътибор берадиган шахслар учрамаса керак. Шу боисдан ҳам, Президентимиздан миннатдормиз ва шундай сарваримиз борлигидан фахрланамиз. Дарҳақиқат, муҳтарам Эмомали Раҳмон топшириқлари билан барча шаҳар ва ноҳия марказларида китоб дўконлари ташкил этилди. Бу ҳам мамлакатда китобни тарғиб этиш учун жуда катта аҳамиятга эга.
Тожикистонда тобора ривожланаётган яна бир анъана - бу халқаро китоб ярмаркаси бўлиб, китобдорлару ноширлар ва китобсеварлар эътиборини ўзига қаратмоқда. Кўчма кўргазма ва «Китоб карвони» охирги бир неча йилда фаолият юритиб, одамлар маънавий савиясини юқорига кўтариш ва бебаҳо илм манбаи – китобни тарғиб этишда муҳим ва самарали чора-тадбирлардан бирига айланиб бормоқда. «Китоб карвони» навбати билан бутун республикамизни айланиб чиқади ва мамлакат аҳолисини янги нашр этилган китоблар билан таништириб, одамларнинг ўзлари яхши кўрган китобни сотиб олишларига имкон яратади. Кишилар мазкур тадбир асносида адиблар суҳбатларидан баҳраманд бўладилар, маданият ва адабиётга оид ўзларини қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб оладилар. Тожикистоннинг барча минтақаларида «Китоб карвони»ни илиқ кутиб олишади ва китобларини улкан завқ билан варақлашади. Камина ҳам «Китоб карвони» билан юртимизнинг чекка ҳудудларига қилган сафарларимда одамлар китобга нақадар ташна ва адиблар суҳбатларини соғинишганига гувоҳ бўлганман. Оддий халқнинг китоб ва маънавиятга эътибори ва эҳтиромини кўрган машҳур адиблар Ўрун Кўҳзод, Гулназар Келди, Сайдали Маъмур, Ҳақназар Ғойиб, Атохон Сайфуллоев, Низом Қосим, Усмонжон Ғафуров, Мирзо Шукурзода, Ато Мирхожаларнинг хурсандчиликларини бир кўрсангиз эди.
Маданият, Маориф ва илм вазирликлари, Ёшлар, спорт ва сайёҳлик комитети, олий ўқув юртлари, нашриётлар ва бир қанча маданий ташкилотлар китобни тарғиб этишда ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Бундай икки томонлама ғамхўрлигу ёрдам янги куч-ғайрат бағишлаб, «Адиб» нашриёти ходимлари ўз фаолиятини бундан-да самарали бажаришга интилмоқдалар. Нашриёт ҳар йили энг яхши китобларни нашр этиб, ўқувчилар қўлларига етказади ва ижод аҳлининг одамлар ўртасида танилишига ёрдам беради. «Адиб» нашриёти Тожикистон китобларини хорижга ҳам чиқариб, халқаро кўргазмаларда фаолона иштирок этади. Охирги икки-уч йил ичида нашриётимиз бир неча халқаро китоб ярмаркаларида (Москва, Теҳрон, Боку, Минск, Пхенян, Олма-ота, Ашхобод) иштирок этиб, нашр этган китобларини кўргазмага қўйиб, олтита соврин ва диплому ифтихорномаларга сазовор бўлди.
Бундан ташқари, «Адиб» нашриёти мамлакатимизда ўтказиладиган барча маданий тадбирларда иштирок этади. Ўтган йилги нуфузли байрамлар - Тожикистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллиги ва Мавлоно Абдураҳмон Жомий таваллудининг 600 йиллигига нашриёт бир қатор янги китобларни чоп этди ва уларни меҳмонлар, байрам иштирокчилари ва зиё аҳли яхши кутиб олишди.
Шубҳасиз, юртимизда полиграфия соҳаси мунтазам ривожланиб, янгидан-янги нашриёту чопхоналар вужудга келмоқда. Айрим тадбиркорларнинг заҳмат ва ҳаракатлари билан республикамизга янги замонавий чоп дастгоҳлари кириб келмоқда. Бугунги кунда ноширлар ўртасида соғлом рақобат юзага келган бўлиб, бу келгусида соҳанинг янада ривожланишига ҳисса қўшади.
Лекин шунга қарамай, афсуски, бу соҳада ҳали айрим камчиликлар ва нуқсонлар мавжуд. Жумладан, 20 йил олдин Тожикистон аҳолиси 4 миллион эди, «Адиб» нашриёти эса бир йил давомида 5 миллион нусха китоб нашр қиларди. Сўнгги бир неча йил ичида 250 минг нусха китоб нашр этилди. Бу эса жуда кам ва одамларнинг китобга нисбатан иштиёқи сусайганлигидан дарак беради.
Соҳада кўзга ташланадиган яна бир мушкуллик бу – нашрдан чиқаётган китобларнинг сифати билан боғлиқ. Ҳар йили республикамизда минглаб нусха китоб нашр этилаётган бўлиб, айримлари таҳрирсиз, паст сифатда чоп этилмоқда. Китобнинг таҳрири ва уни чопга тайёрлаш осон иш эмас, жуда катта заҳмат талаб этади. Бу борада масъулиятли ва саводли муҳаррирлар лозим. Яхши бир муҳаррир тайёрлаш учун 10-15 йил вақт керак бўлади. Бугун етук муҳаррирлар жуда кам. Ёшлар эса соҳа маошининг камлиги боис, осон ва сердаромад иш топишга интиладилар.
Шу билан бирга, сифати ва иқтидори баланд замонавий чоп мосламалари етарли эмас. Бундай мосламалар нархи эса жуда қиммат.
Бизнинг яна бир қийинчилигимиз бу солиқ масаласи. Солиқ кодексининг янги таҳриридан кейин ҳам китоб ва унинг нашридан яна қўшимча фойда солиғи талаб қилиниб, ноширлар ва китоб сотувчилари-ю тарғиботчиларининг фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, китоб нархларининг юқорилиги ачинарли ҳол бўлиб, ўқувчиларнинг илму маърифат конидан бебаҳра қолишларига олиб келмоқда.
Республикада, чунончи, узоқ минтақаларда китоб дўконлари жуда кам ва шу боисдан биз янги нашр этилган китобларни ўз вақтида ўқувчиларга етказа олмаймиз. Бунга ўхшаш қийинчиликлар аввал (2003 йилгача) ҳам бор эди. Ўша йили пойтахтимиздаги «Кохи ваҳдат» мажмуасида биринчи республика китоб ярмаркаси ўтказилди ва у кўп кишилар эътиборини тортди. Бу нуфузли маданий тадбирнинг барча иштирокчилари, ноширлар ва мамлакат адаб аҳли истаги билан Давлат бошлиғи номига мактуб йўлланиб, китоб ва нашр соҳасини солиқдан озод этиш сўралди. Муҳтарам Президентимиз таклифимизни қабул қилди ва 2012 йилгача китоб ва унинг нашрини солиқдан озод этди. Бу китоб одамлар уйига кўпроқ кириб бориши ва полиграфия соҳасининг ривожланишига омил бўлди.
Аслида, китоб фойда ва даромад манбаи бўлмаслиги керак. Унга маънавиятни юксалтирувчи, жамият аҳли, давлат ва юртни олға етаклайдиган бир куч сифатида қарамоғимиз керак.
Гапнинг тўғрисини айтиш жоизки, китоб савдоси Шўролар даврида жуда фаол ва даромадли эди. Бугунги кунда у сусайиб, ўз талаботини бозор иқтисодиётига мувофиқ қилиш жуда ҳам қийин кечмоқда. Натижада, китобларнинг пули ноширларга ўз вақтида етиб келмаяпти.
Соҳа масъуллари ўз фаолияти ва китоб ноширлари билан ҳамкорликларини самарали йўлга қўйишлари ва бу борада тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқлари керак.
Муассаса тегишли органлар томонидан доимий текширувдан ўтиб туради. Бу, албатта, керакли ва яхши иш, лекин юқорида санаб ўтилган нуқсонлар шароитида нашриёт ўз зарарига фаолият юритмоқда ва агар давлат ғамхўрлик кўрсатмаганида, у аллақачон инқирозга юз тутарди.
Китоб ҳимоячи-ю йўлбошчи, фахру ифтихор ва миллий бойликдир. Китоб жамиятни турли хатарлардан сақлайди, илму маърифатнинг юқори чўққиларини забт этишга кўмаклашади. Китоб барчани маънавий озуқа билан таъминлаб, куч-қувват бағишлайди. Зеро, шоир айтганидек:
Китобсиз қалбимиз бўлолмас ёруғ,
Мисли даричасиз уй зулмат – қоронғу.
Фарҳод Каримзод,
«Адиб» нашриёти директори.
Сайловлар замонавий дунёда сиёсий жараён бўлиб, сиёсий ҳокимиятни шакллантириш ёки амалга оширишда халқнинг иштирокини таъминлашнинг тан олинган механизми сифатида кўрилади. Шу нуқтаи назардан, давлатлар ушбу муҳим механизмни амалга ошириш жараёнида ўзларининг миллий давлатчилик анъанаси ва маданиятига оид шаклланган қадриятлар, меъёр ва қоидалар доирасида ўз сайлов тизимини шакллантиришга интиладилар.
Муфассал...
12 декабр куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон суд ва ички ишлар органларида масъул вазифаларга тайинланган кадрлар билан суҳбат ўтказди.
Мамлакат Президенти фармонлари билан Тоғли Бадахшон мухтор вилояти, ТБМВ бир қатор ноҳиялари ва шаҳарлари, Хатлон ва Суғд вилоятлари,
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015