Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 27 Феврал 2019 Кӯришлар: 2051
Печат

 

a narzullo 2019Хазонларнинг заъфар жуссасин

Ер бағрига чорлаган чоғда,

Бир қарғадан бошқа жонзотни

Кўрмоқ мушкул бўлди бу боғда.

 

Совуқ оқшом эдими, алҳол

Еллар боғни тарк этган они – 

Ким ўзидан кечиб бир лаҳза,

Соғинади олис самони?..

 

Осмон эса юлдузларини

Тўкар кузнинг кенг боғларига.

Ўлгиси ҳеч келмаган одам

Сиғмас ернинг қучоқларига.

 

Шояд яқин қолган у кунга,

Садо келмас лек у ёқлардан.

Менинг эса кетгим келмайди

Куни битган кузги боғлардан...

 

Маҳшаргача куяр энди ер, 

Гиёҳлар ҳам мук тушган садр.

Етти қадам босиб тўхтадим, 

Қолаяпти ортимда қабр.

 

... Руҳларинг шод бўлсин, эй руҳзор, 

Кимлар тирик, кимлар эса лош.

Қулоқларим очилиб борар,

Эриб борар кўксимдаги тош...

 

САҲРОДА

Шамоллар кезинар бегона

ёмғир савалайди қумларни.

Жунжикиб санайман

мен бу дам,

Ҳар лаҳза, ҳар соат...

кунларни.

Шамоллар қайтмайди ортига

бу дайри дунёда

кенглик йўқ.

Мен йўлга чиққанман

биламан,

Биламан

ҳеч қачон тенглик йўқ...

 

Қор ёғмоқда

Ғариб боғлар аро тинган

Чуғур-чуғур қушлар саси -

Унутилган бу чорбоғда

Ҳукмрондир қиш нафаси.

 

Боғбон балким бу ёқларга

Баҳоргача қадам қўймас,

Боққа осон бўлмас, аниқ

Қушларга ҳам осон эмас.

 

Дов-дарахтлар мисли одам

Чор атрофга зор боқмоқда -

Кеча хазон ёғар эди,

Бугун эса қор ёғмоқда...

 

***

Ғозий каби боқади саҳар,

Ёв мисоли тун ютади қон. 

Ер остида ғамлар кўмилган, 

Ер устида ишратдир ҳамон...

 

Кулга дўниб бормоқда қуёш, 

Ой айланган писта пўчоққа.

Бу дунёда топган матоҳинг 

Сиғмас, қара, битта қучоққа.

 

Беминнат нон қайда, деб, ишон

Изғиб чиқдим даҳама даҳа...

Чолдевордан осмон – аршгача 

Йиғи келди, келди қаҳ-қаҳа...

 

***

Елпиб ўтди жонбахш бир насим,

Кўкрагимни кўтардим аста.

Шамолларинг эсмаганида 

Ётармидим тупроқдан пастга.

 

Туриб олай оёққа, ахир,

Нетаман бу андуҳ ва кинни.

Кўзларига бир қарай дедим 

Отаётган ёп-ёруғ кунни...

 

Телба каби тингладим узоқ,

Бузолмадим лек жимлигингни... 

Ошкор қилгум келмади, ахир 

Сенинг бор ва азизлигингни...

 

***

Отиб борар оқ-оппоқ тонг,

Қиздиради қуёш қирни.

Тун соядек гумдон бўлиб

Олиб кетди зўр бир сирни.

 

Кўнгил – кўзгу, боқиб тўйдим,

Не дамлару не ғамларга.

Раҳмим келди

Кўзгудан

жим

Боқиб турган одамларга...

 

***

Нигоҳларим кўкка тикилган, 

Юрагимга соляпман қулоқ.

Осмонларга учганим сайин 

Қучгим келди ерни қаттиқроқ.

Тавба, дедим,

Кечиргин, дедим... 

Кимдир тинмай чорлади ёнга.

Ва боладек энтикиб боқдим

Отаётган оқ-оппоқ тонгга...

Сукут сақлаб турдим, э,

лолман, 

Чиқгум, мана, дил кулбасидан.

Мангу уйқу бор деб ўйлардим, 

Уйғондим, о, тонг нафасидан...

 

ЖАВОБСИЗ ЎЙЛАР

Мен кимман, 

илдизим қайда, ердами, 

Томирдаги нима, зардобми ё қон?..

Оёғимдан чалиб худбин хаёллар 

у кун келар, дейди,

Келар, айт, қачон?..

Таслим бўлиб борар сарғайган боғлар, 

Кетсам, бу ерларда қолмагай ишим. 

Кўчага чиқишга сабрим чидамас 

Кўчага чиқишга ўлган хоҳишим.

Ташқарида эса ёмғир тинмайди

Кўнгил даричаси очиқ, беэга. 

Изн сўрамасдан ким ҳам кирарди

Кўкнинг йиғлашидан қўрқайин нега?

Куни кеча эди, том тепасидан 

Учиб ўтаётиб турналар, сўлга... 

Тоғлар хўмрайганча кузатганди жим

Овчи милтиғини олганди қўлга...

Титраб кетган эдим мен ҳам бир лаҳза 

Титраб, қақшагандим – 

бўлиб асаби.

Чўққиларга етмай ўшанда мен ҳам

Ерга қулаб тушдим ўқ еган каби.

Яраланган қанот билан бир ўзим

Ётганман чорасиз – 

ер ўзи қози... 

Қулоғим остида тинмай янграрди

Сукунатни бузган милтиқ овози...

Жоним ҳамон ҳалак, 

не бор айт, бунда

Ўлим билан ҳаёт талашадиган?..

Бу сипо ва совуқ нигоҳлар ичра

Бир кимса топмадим гаплашадиган...

Куни кеча эди

набилар ҳатто

Ерда туриб кўкдан узмасди нигоҳ. 

Бу дам юрагимга соламан қулоқ, 

Юрак, фақат, сендан топдим мен паноҳ.

Муаллақ тутунмас бугун ер юзи, 

Содда деб бўлмайди одам зотини. 

Англолмай қоламан кўрганимда мен

Баъзи майдакашлар илтифотини.

Юрак томирлари ернинг қаърида, 

қоним айланади 

ўлиб қолма деб... 

Мен эса хавотир ичра боқаман,

Ўзимни тергайман, тергайман ҳадеб...

Масжиддан қайтади чоллар бемаҳал

Бўш тобутни кўриб, 

ичдан бўзлайман. 

Онамни йўқотиб қўйгандан буён

Билмадим мен яна нени кўзлайман. 

Эй, Ер! 

Сендек яна меҳрибон борми?

Эй, Ер!

Айтгил, яна кимдир бу кулган?..

Ҳақ гапни ким айтар? Осмонга боқсам,

Осмон эшиклари, э воҳ, беркилган...

Алишер Нарзулло.

КАЛЕНДАР

« Апрел 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
    1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30      

МАҚОЛАЛАР

Армон

 

Норали телеграммани тонгда олди. Унда «Нозанин oғиp бетоб, тезроқ кел!» деб ёзилган эди. Норалининг кўз олди қоронғилашди. «Ой-куни яқин эди, соғ бўлсин-да!» Йигитнинг миясига яшин тезлигида урилган дастлабки фикр шу бўлди. Ётоқдош дўсти Қўлдош кўмагида апил-тапил тайёрланиб, ташқарига чиқдилар. Марказий кўчада учраган енгил машиналардан бирини тўхтатиб, тўғри аэропортга жўнашди.

Муфассал...

ОНА – МЎЪЖИЗАВИЙ ХИЛҚАТ, ОНА МУҚАДДАС ЗОТ…

 

Тожикистон Халқ шоири Камол Насрулло ёш ижодкорлар билан бир учрашувида жуда ажойиб гап айтганди: - "Она, Ватан ҳақида шеър ёзиш - жуда қийин. Чунки қалам яралибдики, шоирлар Онани куйлайди, Ватанни мадҳ этишади…"

Таниқли шоирнинг фикрига қўшилган ҳолда Она ҳақида ёзиш учун, Онадек муқаддас инсонни тараннум этмоққа, Она сингари буюк шахсни алқамоққа кишининг кўксида меҳр-мурувватга лиммо-лим юрак уриб турмоғи лозим бўлса керак дейман.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2378726

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

9486214
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4963
4125
29066
9420445
126101
133128
9486214

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.16
Бугун: 26-04-2026 22:34:25

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015