Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАЗМ

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 20 Феврал 2019 Кӯришлар: 1509
Печат

 

s1200Аҳадқул Аҳмадқулов (Аҳад Аҳмад) Панжакент шаҳрида таваллуд топган. 1975 йили Хўжанд Давлат университетининг филология факултетини битирган. Кўп йиллардан бери ижод билан шуғулланади. Шеърлари ноҳия, вилоят ва республика газеталарида мунтазам чоп этиб келинмоқда.

НАВОИЙ

Машҳур туркий лисон шоирнинг бари

Даҳо қошингизда айлаган таъзим.

Шуаро аҳлин сиз - туғдор сарвари,

Шеърингиз - мунаввар пардаи назм.

 

Руҳият поклигин истар бўлса ким,

Буткул шеърларингиз қалбга этиб жо,

Ўтли шоҳбайтингиз шуурин ёрқин -

Этаркан, руҳида барқ ургай жило.

 

Тафаккур кўкида сиз мисли қуёш

Оламга ёғдусин беғараз сочган.

Сизсиз шоҳ ёнида юртга бўлиб бош,

Халқим, деб мурувват қучоғин очган.

 

Маънолар маҳзани - "Хамса" билан сиз

Шеърият тоқига тиккансиз ялов.

Шеърпараст қалбларда тенгсиз, монандсиз

Даҳри дун тургунча ёққансиз олов.

 

Тилимни камситиб пастлар эрта-кеч

Эл ичра ёйганда мағзи пуч ғоя,

Ўзингиз мардона, бўйин эгмай ҳеч

Улардан тилимни қилган ҳимоя.

 

Порлоқ бир юлдуздай нур тараб абад

Тургайсиз узукка ярашган кўздек.

Алпомиш келбатли чинордек тик қад,

Ўз халқин тимсоли донишманд Ўзбек.

 

ТУПРОҚ

Қўлимда бир ҳовуч муқаддас тупроқ

Заррасида мавжуд не бир синоат.

Руҳимда қўзғалур ҳазин, зил титроқ,

Шу буюк тупроққа қилурман тоат.

 

Бобом Рўдакийнинг ёниқ руҳлари                              

Шу қутлуғ тупроқда бўлур жилвагар.

Ёвқур Деваштичнинг шон-шукуҳлари

Сўнмагай, ўлмасдир мисли самандар.                                                    

 

Темур тулпорининг туёқларидан

Чарсиллаб чақнаган ёлқинлари бор.

Мусаввир Беҳзоднинг бўёқларидан

Тўкилиб битмаган талқинлари бор.

 

Навоий изининг мунаввар хоки

Шу тупроқ қатида турибди, қаранг.

Улуғбек - мунажжим, маърифат моҳи

Тупроққа қоришиб, олмиш ўзга ранг.

              

Ғанимлар хоки ҳам бор эрур бунда,

Унут бўлиб кетган ғаламислар бор.

Рўдакий кўзига мил тортган кунда

Жаҳон қора кийган, ўртанган минг бор.

 

Маънилар ганжисан, эй она-тупроқ,

Бағрингда аёну ноаён маъни.

Кўзимга суртгайман, о, сени кўпроқ,

Аждодлар хокининг дилбар Ватани.

 

Қўлимда бир ҳовуч муқаддас тупроқ,

Заррасида мавжуд не бир синоат.

Руҳимда қўзғалур ҳазин зил титроқ,

Шу буюк тупроқда қилганда тоат...

ҚУТЛОВ

Устоз Абдували Бердиалиевга

 

Ҳайратдан яралган ҳар бир кашфиёт:

Оламни лол қилган Миср эҳроми.

Таҳайюр бешиги мафтункор ҳаёт,

Ижодкор аҳлининг қайноқ илҳоми.

 

Ёшликдан қалбингиз эта олган ром

Кошғарий "Девонин" гавҳар ҳикмати.

Завқингиз жўштирар сеҳрлаб тамом

Мусаввир Беҳзоднинг ўлмас санъати.

 

Тилимни бетиним ўрганиб тун-кун,

Таниқли олимлар сафида борсиз.

Чекилган шу заҳмат эвази учун

Порлоқ саодатга ҳамиша ёрсиз.

 

Тилнинг талқинига юксак иқтидор

Бўлмаса, ўтмасди унга тишингиз.

Илм аҳли ичида топган эътибор

Юракдан қўл урган илмий ишингиз.

 

Саёҳат эттириб сўз мулкига гоҳ,

Сўзнинг чин маъносин сиз этганда шарҳ.

Киши кўз ўнгида жонланар ногоҳ,

Минглаб донишмандга доя бўлган Шарқ.

 

Энг яқин дўст янглиғ вафодор, ҳамдам

Сиздаги санъатга бўлган зўр ихлос.

Руҳан толиққанда олмоқ учун дам

Сувратлар чизгансиз соф юморга хос.

 

Тадқиқ этиб она тилимни ҳамон

Яширин сирларин айлаб ошкора.

Сиз элим руҳида барҳаёт, омон,

Бамисли аллома Маҳмуд Кошғарий.

 

Олимлик аслида игна билан чоҳ -

Қудуқ қазиш каби машаққатли иш.

Тирноқ билан тоғнинг бағрин этиб чок,

Уловлар учун ё хавфсиз йўл очиш.

 

Таваллуд тонгингиз муборак, устоз,

Юзу кўзингизда балқиб турсин нур.

Майли, ҳурмат атанг, майли, бир эъзоз,

Сиз менинг кўксимда шуълабахш ғурур.

 

Абуллайсдек улуғ устози аъзам,

Ҳеч завол кўрмасин қалб қуёшингиз.

Бир тилак айтарман айлаб минг таъзим:

Кошғарий ёшидан ошсин ёшингиз.

 

Тўртликлар

 

Қалблар каъбасига қилдим ибодат,

Руҳимга ёғилди ҳузурбахш ёғду.

Манглайим ёритиб шамси саодат

Бошимдан улуғ Зот раҳмати ёғди.

***

Унга бахт - ўлмоқлик ҳур қучоғида,

Сенга бахт - жон бермоқ дур қучоғида.

Муборак саодат - мен учун ўлмоқ

Ўлмас руҳ бергувчи нур қучоғида.

***

Ким тўкис бахтини менга кам деди,

Ҳар куни, ҳар соат, ҳар дам ғам еди.

Борига шукрона

             келтирган муслим

Муслимлар ичида

                   муҳтарам эди.

***

Бармоқлар чиқариб

                 бир ёқадан бош,

Зарбаси қаттиқ бир

                 муштга айланди.

Ғанимнинг кўзидан қалқиб чиқди ёш:

-Уни енгмоқ энди тушга айланди.

***

Бокира аёллар шаънига бир бор

Агарда тегизсанг беор тилингни,

Кўксингда кўтариб юрмоғинг бекор

Йўлингдан оздирган маккор дилингни.

***

"Сабр таги олтин" дейилмас, бежиз,

Таъмагирнинг нони ейилмас, бежиз.

Қув шайтон измига кирмасин, деб кўп,

Одамзотнинг умри минг йилмас, бежиз.

***

Ёмон ёмон билан улфат бўлсанг, дўст,

Бошга минг бало бу - кулфат, билсанг, дўст.

Ёмондан янада кўп ёмон - ёмон,

Яхшига ноҳақдан туҳмат қилсанг, дўст.

***

Жон юртим, мислингдек маъво топилмас,

Дардимга дардингдек даво топилмас.

Дардингда ҳар нафас чеколмасам дард,

Бир нафас олмоққа ҳаво топилмас.

***

Саломинг агар чин дилингдан келмас,

Нур сочиб эзгу сўз тилингдан келмас.

Аслинг-ку, тупроқдан - бўларсан тупроқ,

Шунда ҳам мушкин ҳид гилингдан келмас.

***

Ҳар сўзнинг изоҳи, шарҳи бор, билсанг,

Бинонинг лойиҳа, тарҳи бор, билсанг.

Сиртдан қараганда ўхшаш бўлса ҳам,

Одамнинг одамдан фарқи бор, билсанг.

***

Улуғлар мақбарин қилдим зиёрат,

Жисмимда мўъжиза юз берди шу тоб.

Қалбимда барқ урди шуъла, ҳарорат,

Худди бош қўйгандек кўксимга офтоб.

***

Жўмард бир отанинг фарзанди эдим,

Ҳалол меҳнати-ла ҳалол нон едим.

Бу ёлғон дунёда ҳамиша ростгўй,

Ва доим ҳақталаб бўлайин дедим.

 

Аҳадқул Аҳмадқулов,

Панжакент шаҳри.

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Миллат пешвоси кўчат ўтқазиш маъракасида

 

2018 йилнинг 21 январ куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомали билан биргаликда пойтахтнинг Наврўзгоҳ боғида кипарис, Лейланд сарв ва секвойя каби ноёб, манзарали ва сояли дарахтлар кўчатини ўтқазиб, кўчатлар ўтқазиш, атроф-муҳитни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини бошлаб

Муфассал...

Халқ ҳунармандчилиги ривожланади

 

Халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш мақсадида, «Тожикистон катта ёшдагилар таълим маркази» давлат муассасасининг Кўлоб шаҳри бўлими қошида уч ойлик қисқа муддатли ўқув курслари йўлга қўйилди. Бу ерда таълим олувчиларга тикувчилик, зардўзлик, қуроқ тикиш, атлас тўқиш, игна билан матога гул, кўрпача тикиш ва бошқа миллий ҳунарлар ўргатилмоқда.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991044

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478570
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4498
4027
22183
7426653
100214
114875
7478570

Сизнинг IPнгиз: 3.144.93.34
Бугун: 23-11-2024 17:44:25

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015