Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 19 Март 2015 Кӯришлар: 2219
Печат

 

bahoriy guzallikБир жаҳон қувончлар олиб, юртимизга яна Наврўзи олам келди!..

Кўкда кулган камалак товусдек ранг-баранг товланади. Боғлар барқут либослар кийиб безанди. Қуёш шамалоқ, оппоқ парқут булутлардан этак боғлаб, бодом шохларида бодроқ қовурди.  Қип-қизил лолақизғалдоқлардан далалар бағрига тўшалган чўғдек гиламлар лов-лов ёнади. Бутоқлардаги куртаклар кўз очади. Борлиқ фасллар санами - баҳорий гулларга бурканади.

Само денгизида турналар арғимчоғи вазмин сузиб, ўз қанотларида Наврўз шодиёналарини олиб келади.

Майин шамоллар замҳарирнинг ғафлатини йироқ-йироқларга олиб кетади…

Наврўзи олам!.. 

Уйғониш, яшаришнинг улуғ айёмисан. Ғунчанинг лаб очмоқлиги, куртакнинг кўзи ёримоқлиги, гўзалликнинг яралиш фаслисан.

Далалар, тоғу даштларни, боғу роғларни гулга буркагувчи, гулдасталардан тароват ато қилгувчи, камалакнинг етти ранги ила гўзаллик мўъжизалари сувратини чизгувчи моҳир мусаввирсан.

Сен нафосатсан - Наврўзи олам!..

 Дошқозонларда яхши ниятлар билан солинган сумалаклар «мил-мил» қайнайди. Ўчоқ бошида дуога қўл очган онахонлар касбу корга ривож, умру жонга барака, улуғ ризқ, ёшларга имону инсоф, тинчлик-хотиржамлик тилаб, Яратганга илтижо қиладилар.

Қалдирғочлар тилидан «Валфажр» қироати тушмайди.

Деҳқоннинг бошида бир дунё ташвиш. Эзгу ният -  тупроқдан тириклик ризқини яратмоқни кўнглига тугиб, остонасидан саҳрога улоққан сўқмоқларда шахдам қадамлар ташлаб, қадрдон даласи томон одимлайди.

Она-замин ҳосил ишқида тўлғонади…

Наврўзи олам!..

Сен - ризқу насиба, тўкин-сочинлик, фаровонлик сарчашмасисан.

Қадоқ қўлли деҳқоннинг кетмонга узанган қўллари табаррук замин бағрига барака уруғини қадайди. Бободеҳқон ушоқдеккина уруғдан улуғ ризқ яратиш илинжида ҳалол меҳнат заҳматини чекади. Унинг маржон-маржон пешона теридан нозу неъматлар мўл-кўллиги, дастурхон тўкин-сочинлиги бунёд бўлади.

Сен - фаровонлик манбаисан, Наврўзи олам!.. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 64-сессияси қарори билан Шарқ халқларининг улуғ байрами Наврўз тарихида янги саҳифа очилди. Унда зарҳал ҳарфлар ила қуйидаги битиклар қайд қилинган: «21 март - Халқаро Наврўз байрами сифатида эътироф этилсин.

Наврўзни байрам қилувчи давлатларда улуғ айёмга хос урф-одат, анъаналарни тиклаш, уларни тараққий эттириш, кенг омма ўртасида тарғиб ва ташвиқ этиш йўлида зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилсин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар ушбу қарорни маъқулласинлар ва ўз ҳудудларида Наврўзнинг пайдо бўлиш тарихи билан боғлиқ маълумот ва маданиятни тарғиб этишни йўлга қўйсинлар.

Зеро, 21 март Наврўз кунини байрам қилиш, миллатлар ўртасида ўзаро ҳурмат-эҳтиром уйғотади, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлайди. Тинч ва осойишта ҳаёт бағишлашда муҳим рол ўйнайди…»

Бугун она-Тожикистонимиз эллари халқаро байрам мақомини олган Наврўз шодиёналарини бошдан кечириб, кўтаринки руҳда яшашмоқда.

Барчанинг қалбида орзу-умидлар ниҳоли қулф уради. Кўнгил мулки янгиланаётган муроду мақсадлардан обод бўлиб, тилаклар жўшади. Қалбларни бир-бири билан боғлагувчи меҳр ришталари мустаҳкамланади.

Наврўзи олам!..

Меҳр-оқибат, саховат рамзисан. Лаҳзаларинг қатида улуғ туйғу - эзгуликни олиб келасан. Меҳрга ташна қалблар оқибатнинг зилол чашмаларидан қониб-қониб сипқорадилар. Ўзгаларга меҳр кўргизишади. Юраклар интиқлик билан бир-бирларига талпинади. Дилларга меҳр улашгувчи ғанимат дамсан.

Сен, латофатли дунёсан - Наврўзи олам!..

Диллар шодиёна сурури ила тўлқинланади.

Элим, юртим сенинг фараҳли онларингни қўмсаб яшайди. Сенинг ҳусну жамолингга маҳлиё қалблар ҳаяжондан энтикиб-энтикиб депсинади.

Яратган эгам муборак қадаминг ила халқларимиз дастурхонига қут-барака, обод ҳаёт, тинч-тотувлик, шоду ҳуррамлик насиб этсин илоё!

Қадаминг қутлуғ келсин, Наврўзи олам!..

Абдуҳафиз МИРЗААҲМЕДОВ.


КАЛЕНДАР

« Август 2026 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
          1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31            

МАҚОЛАЛАР

БИР ИЙМОННИНГ ПАЙВАНДИ

 

Тожикистон ва Ўзбекистон республикалари ўртасидаги дўстлик муносабатлари ҳақида гап кетганда, икки биродар - тожик ва ўзбек халқлари алоқаларининг асрлар қаърига бориб туташувчи тарихи кўз ўнгимизда гавдаланади. Агар ушбу тарихга ибрат кўзи билан қарайдиган бўлсак, ўртадаги муносабатларнинг энг яхши ва бахтли дамлари бу - халқлар ўзаро тинчлигу дўстлик ҳамда меҳрибонлигу хайрхоҳликда яшаган онлари бўлганлигини

Муфассал...

ТУБИ ЙЎҚ ЖАРЛИККА БОРМА, ҚУЛАЙСАН…

 

Баҳриддин Алиқулов, Панжакент ноҳияси, нафақадаги ўқитувчи:

- Жамиятда пайдо бўлаётган ҳар бир номақбул амал, маданиятимизга ёт бўлган одатлар олдини олиш ҳар бир кишининг вазифаси бўлмоғи лозим. Бу борада эса, оммавий ахборот воситалари вакиллари-журналистларнинг мажбурияти бир мунча кўпроқ эканлиги яққол кўзга ташланади, менимча.

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
2510229

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

9959371
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
1432
2925
18676
9916238
95932
107749
9959371

Сизнинг IPнгиз: 216.73.216.165
Бугун: 30-08-2026 11:20:29

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015