Тожикистонда ӯзбек халқи ӯзбек тилида телевизор томоша қилиб, ӯзбек тилида газета, журналлар ӯқийди. Ӯзбек тилида чиқиб турган китобларнинг сони бору саноғи йӯқ…
Хӯш, кӯнгилларни хушнуд этиб, кӯзларни қувонтирадиган бу ҳолат нимадан далолат беради?!
Гап шундаки, Тожикистон Республикаси, хусусан, Давлат бошлиғи томонидан юритилаётган ижтимоий сиёсат мамлакатимизда истиқомат қилаётган миллатларнинг конституцион ҳуқуқлари ҳимоясига, халқаро ҳуқуқий меъёрларни ҳаётга татбиқ этишга асосланганлигининг инъикосидир. Инсон ҳуқуқлари ҳимояси масаласи бизда давлат сиёсати даражасига кӯтарилганлигининг исботидир.
Ана шу сиёсий шаффофлик самараси ӯлароқ, давлатимиздаги отахон газеталардан бири, Тожикистон Ҳукуматининг нашри – «Халқ овози» («Қизил Тожикистон», «Совет Тожикистони») газетаси 85 йилдан буён фаолият юритиб, тожикистонлик ӯзбекларга биринчи рақамли ахборот манбаи сифатида хизмат кӯрсатиб келмоқда…
Аммо, бири кам дунё деганларидек, муштарийлар орасида газета 20 йил олдин фалончи муҳаррирлигида ундай эди, ҳозир эса бундай бӯлиб қолган, қабилидаги эътирозларни билдирувчилар ҳам топилади.
Бироқ биз бир нарсани: ҳар бир даврда чоп этилаётган газетаю журнал ёхуд китоб, ӯша давр дунёқараши нуқтаи назаридан келиб чиқадиган маънавий эҳтиёжнинг маҳсули эканлигини унутмаслигимиз керак. Яқинда ӯзбек адабиётидан анчайин хабардор бӯлган кекса бир ӯқитувчини кӯриб қолдим. У мен билан кӯришди-ю, мийиғида кулиб :
- «Совет Тожикистони»га Ҳожи Содиқ даврида ишга келган эдингиз, шекилли?-деб ӯсмоқчилади. Сӯнг маъқул жавобини ҳам кутмай қӯшиб қӯйди: - Ӯша даврдаги газеталарни илма-тешик бӯлиб кетгунча ӯқир эдик. Ҳозир-чи, дуруст бир нарса ӯқийман деб, газетани очасану ҳафсаланг пир бӯлади. Агар муҳаррир бӯлганимда газета, журналлардаги мақолаларнинг кӯпини чоп қилмаган бӯлардим.
- Ҳожи Содиқ бизга худди сиз айтгандек «чоп қилмаслик»ни ӯргатган эди,- дедим мен журналист биродарларимни ҳимоя қилиб.
Кекса суҳбатдошим илмоқли гапимнинг мазмунига тушунмай, елка қисиб таажжубланди:
- Чоп қилмасликни?
- Ҳа, шундай, чоп қилмасликни ӯргатган эдилар. Биз ҳатто, энг кичик хабарни ҳам таҳрир қилиб, эпақага келтириб, бӯлимда муҳокама қилиб, ниҳоят, котиботга жӯнатардик. Шундаям ана энди материал чопга кетади, деган гапни билдирмасди. Чунки олдинда бу материални котибот билан бош муҳаррир тегирмон тоши кутиб турарди. Кейин корректорлар ва навбатчилар... Хулласи калом, «пишиб етмаган» материал чоп юзини кӯрмасди. Ҳозир ҳам шу иш услуби сақланиб қолинган. Кузатишимча, охирги йилларда газета ихчам ишланган мақолалар, ӯқимишлилиги билан газетхонлар назарига тушаётир. Иқтидорли ва талантли ёшларимиздан умидимиз катта. Ҳожи Содиқ чоп қилмасликни ӯргатган эди, деганимда шуларни назарда тутган эдим.
- Сиз айтгандай, «даврий матбуот» майли,-деди кекса ӯқитувчи,- бирор арзирли ё муҳим гап айтилган мақоласи учун етти буклаб жавонга солиб қӯймасанг, ё бирор нарса ӯрашга яраб қолади. Лекин китоблар-чи.
- Китоб ҳам шу ,-дедим мен кекса ӯқитувчи «отган» таъналарни ёзувчи биродарлар пешонасидан паналаб қолиш учун. -Китобнинг ҳам ӯқиладигани ва ӯқилмайдигани бор. Баъзилар бутун умри ишхонасида ҳам, ундан қайтиб уйида ҳам адабиёт кӯчасидан юра туриб китоб ёзишдан ӯзларини тийиб туришади. Уйига келса, китоб тӯла жавон, ишхонасида ҳам шу. Ӯқиб билгани ва ҳазм қилган мумтоз адабиётнинг залвори қалам ушлаш учун кӯтарилган қӯлларини ерга босади. Минг бир андишага бориб китоб ёзмайди. Ҳолбуки, айтса, ёзса, китоб ҳолида нашр қилиб чиқарса арзийдиган жӯяли фикри ва муҳим гапи ҳам бор, қолаверса, яратганнинг ӯзи истеъдод ва маҳорат деган неъматлардан қисиб қӯймаган. Ҳожи Содиқ дедингиз, Баҳриддиновни танирмидингиз?
Кекса ӯқитувчи «хафа қилаяпсиз, нега танимас эканман» дегандек қилиб, ранжиганнамо қаради менга.
- Мен у кишининг қӯлида ҳам ишлаганман. Бӯлим мудири, редколлегия аъзоси эдим. Куни-кеча ана ӯша сиз билган, бутун республика билган Мухторжон ака Баҳриддинов билан телефонда гаплашдик. «Совет Тожикистони»нинг саксон беш йиллигига бағишлаб эсдаликлар китобини ёзаяпман. Қандоқ бӯларкан, Сулаймонжон, деб сӯрадилар. Ажойиб бӯлади, зӯр бӯлади устоз, деб жавоб бердим. Қаранг, шу устоз ёзувчи тӯқсон ёшни қоралаб қолдилару ёзган нарсасини асар ёки китоб деб аташни ӯзига эп кӯрмаяпти. Андиша қилаяпти. Ҳолбуки, шу кунгача Мухторжон ака ӯнлаб китоб ёзиб, нашр эттириш имкониятига эга эдилар.
Ёш ӯтгандан кейин жой бӯшатиш табиий ҳолдир. Бунга ёшлар айбдор эмаслар. Жиддий гапирадиган бӯлсак, бугунги кунда яхши асарлари билан танилиб қолган бир гуруҳ шоирлар худди шу Мухторжон ака Баҳриддинов редакторлиги даврида юзага чиққан эдилар. Одил Икромни ҳам, Зикрилло Валини ҳам, Асқар Маҳкамни ҳам, Сайфулло Қулаевни ҳам шу киши «Совет Тожикистони»га ишга олган эдилар. «Совет Тожикистони» газетасини тӯлиқ ӯқиб чиқардик, деб айтдингиз. Нимага шундай бӯларди? Чунки материал газетага босилиб чиққандан кейин ҳам редколлегия томонидан қизғин муҳокама қилинарди. Ӯша даврнинг тили билан бу муҳокама жараёни «летучка» деб аталарди. Бир куни навбатдаги летучкада барча материаллар хусусида сӯз юритилди-ю, Мухторжон ака Баҳриддиновнинг «Она» ҳикояси тӯғрисида лом-мим дейилмади. Улуғ журналистлар орасида энг ёши эдим. Аста ӯрнимдан турдим:
- Шуни айтиш керакки, Мухторжон аканинг «Она» ҳикояси жуда таъсирли чиққан,-дедим,- негадир шу ҳақда гапирилмади.
Шу сӯзларимдан кейин ижодкор ӯртоқлар бирданига ҳушёр тортиб «Она» ҳикояси тӯғрисида анча-мунча илиқ фикрлар айтишди. Мухторжон ака бу летучкани ҳали-ҳануз эслаб: «Биласизми, ӯшанда, летучкада , «Она»ни таъсирли чиққан, деб айтганингизда томоғимга бир нарса тиқилиб кӯзларимда ёш ғилтиллаган эди», деб айтди. Кейин Мухторжон ака ӯнлаб, балки бундан кӯпроқ «Она»га ӯхшаган таъсирли ва дилбар асарлар ёзди. Лекин ҳозиргача уларни жамлаб китоб ҳолида нашр қилишга юраги бетламайди. Ҳақли савол туғилади. Нимага бутун умри қалам тебратиш билан ӯтган инсон китоб қилишга юраги бетламайди? Чунки унинг юрагида, мен юқорида эслатиб ӯтган летучка, редакция летучкаси эмас, балки виждон летучкаси бор…
Ҳозирги даврнинг «китоб»ларидан безиб, совет давридаги асарларни қумсаб қолган суҳбатдошим:
- Дарвоқе, етмишинчи йилларда бир очеркингизни ӯқиган эдим. Кетма-кет бир неча сонда чиққан эди. Унда бир аёл икки қӯлидан ажралган эри билан тинч-тотувликда яшагани тӯғрисида сӯз борарди. Эсимда қолгани шуки, эрининг қӯлларини комбайн юлиб кетган.
- Тӯппа-тӯғри,-дедим мен юрагим жизиллаб,- катта очерк эди, сарлавҳаси «Сени севаман, ҳаёт!». Бу очеркни ёзишимга панжлик ногирон эр хотинининг «муҳаббат бор» деган, биттагина жумласи туртки бӯлган эди. Мен аввалига уларнинг ҳаёти билан танишдим. Иши, турмуш тарзи, фарзандлари билан қизиқдим. Ногирон эр билан бахтли яшаётган хотин - Тожинисонинг самимиятига шубҳа қилдим. Дабдурустдан Тожинисога: « Муҳаббат борми ораларингда?» деган савол билан мурожаат қилдим. У ҳам ӯйлаб ӯтирмай «Ҳа, муҳаббат бор»,- деб жавоб берди. Суянчимиз ҳам, таянчимиз ҳам муҳаббат. Ӯшанда Тожинисонинг бу сӯзлари қулоғимга «Менглиқулнинг кесилган қӯллари ӯрнига меҳр-муҳаббатнинг кӯз илғамас қӯллари ӯсиб чиққан», дегандек бӯлиб эшитилганди.
Бундай хотинга тириклигида ҳайкал қӯйсанг арзийди. Чунки яшириб нима қиламиз, баъзан қӯлингга қозиқ кириб кетса ҳам хотининг сенга нима бӯлди, деб қайрилиб қарамайди. Уларнинг ҳаётига муҳаббат туйғуси сарбон бӯлган. Ҳаётнинг ӯнқир-чӯнқир йӯлларидан муҳаббат етагида боришгани ҳар қандай одамга ҳам ӯрнак, ҳам сабоқ. Кейинчалик «Сени севаман, ҳаёт!» очерки муносабати билан беш юздан ортиқ мактуб олдим. Асарнинг умрбоқийлигини, инсонлар қалбида кӯп йилларга муҳрланиб қолишини ана шу хатлар белгилайди. Очеркнинг умри шу хатлар билан ҳам чекланиб қолмайди. Ҳар ҳолда шундай бӯлиши керак. Мен уни «Оила одоби»га киритган эдим. Қарангки, «Оила одоби»да ҳам умри битиб қолмади. Куни-кеча очерк қаҳрамони Менглиқул ака редакцияга келиб кетган эдилар. Ана шу ташриф ҳам бундан қирқ йил илгари ёзилган оддийгина бир очеркимга иккинчи ҳаёт бағишлади. Мен ӯзимни мақтамоқчи эмасман. Мен фақат газетада зӯр ҳавас билан чиқадиган нарсаларнинг шунчаки мақола эмас, балки конкрет инсон тақдири билан чамбарчас боғлиқ бӯлиши кераклигини таъкидлаётирман. - Кейинги пайтларда китоб чиқариш модага айланиб кетди. Адабий танқид йӯқ ҳисоби. Кап-катта, обрӯли одамлар ҳам китоб чиқариб ётишибди-ку. Тушунмадим, ҳеч ким қизиқиб ӯқимайдиган бу нарсаларни нима учун ёзишар экан?
Сиз тӯғри айтасиз, муаллим, бу қаламкашлар мумтоз адабиёт нималигини билишмайди.Юқорида таъкидлаганим юрак летучкаси етти ухлаб тушига кирмаган. Адабиётнинг катта қозонида қайнамаган. Газета тажриба мактаби дейдиган бӯлсак, шу тажриба мактабида жилла қурса уч баҳога жавоб берадиган бир шапалоқ мақола ёзмаган. Эндигина тетапоя машқлар қилган мактаб ёшидаги болаларни «Ӯқувчилар газетаси»да узлуксиз бериб боришимнинг сабаби ҳам худди шундадир. Дилбар, равон, назокатли ва улуғвор ӯзбек тилининг бачканалашиб кетишига чек қӯйиш йӯлидаги бир интилишдир. Мен ҳатто, шу кичкинтой болаларнинг ёзишмаларини ҳам аввал «Совет Тожикистони» газетасида орттирган тажрибаларим гази билан ӯлчайман. Бу юқорида Ҳожи Содиқнинг бизга «чоп қилмаслик»ни ӯргатган эди, деган гапимнинг маъносини ҳам англатади.
«Дунёга дарз кетса, бу дарз аввал шоир қалбидан ӯтади», деган гап бор. Бу – оддий бир лавҳа ёзаман, деб турган ҳаваскорга ҳам, енг шимариб қалин-қалин китоблар ёзиб чоп қилаётган шоир ва ёзувчиларга ҳам бирдек дахлдор гап. Ӯқ бориб мӯлжалга тегсин. Ёзувчининг ӯқи - сӯз, мӯлжали - китобхоннинг юраги, ӯқ бориб юракка тегсин.
Суҳбатдошим, кекса адабиёт ӯқитувчиси, мен билан хайр-хуш қилиб кетар экан, ӯз-ӯзича қуйидаги сӯзларни пичирлар эди:
- Чоп қилмаслик маҳорати...
ҚИЗИЛ РӮЗНОМА
Бу советлар даврининг-да бир қизил рӯзномаси,
Саксону беш қанча йилдир, шунча йил рӯзномаси.
Гарчи сӯзлар ул Навоий лафзи бирла аз азал,
Тожику ӯзбекка манзур барча эл рӯзномаси.
Бунда Бобожон Ғафурий, Ҳожи Содиқ ишлади,
Бу улуғларга дахлдор билма- бил рӯзномаси.
Кӯп эрур рӯзнома лек бу жонажон рӯзномага
Бас келолмас бу даврнинг қирқу чил рӯзномаси.
Зӯр қалам сургай дамо-дам ҳар замон Ӯлмас Жамол,
Унга устоз ул Аширмат ҳамда бул рӯзномаси.
Онадек мушфиқу ғамхӯр ӯргатиб ӯзбек тилин,
Бизга бӯлди ҳам забону ҳамда тил рӯзномаси.
Тошу гил остига кетди Маҳмуди Остон аё,
Мангуликдан суҳбат айлар тошу гил рӯзномаси.
Соли Қаҳҳор бошқа хилдир, бошқа Маҳмуд Тӯлқиний,
Давримизнинг турфа андом, турфа хил рӯзномаси.
Нил аро сузганда Бобур они тасвир айлади,
Гоҳи Жайҳун, гоҳи Сайҳун, гоҳи Нил рӯзномаси.
Ул Сирожиддин Саидга раҳнамолик қилди-ку,
Катта шоирларга бӯлди катта йӯл рӯзномаси.
Берди қудрат, берди қувват шунча йил миннатпазир,
Эй Сулаймон, тан ичида сенга дил рӯзномаси.
Сулаймон Эрматов,
Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси,
А. Лоҳутий мукофоти совриндори.
Суратда «Совет Тожикистони» газетаси редакцияси 1982 йил 15 март куни. Редакцияга Тожикистон ССР Маҳаллий саноат вазири А. Б. Бойматов ташриф буюрган лаҳза аксга туширилган.
Сурат «Халқ овози» газетаси архивидан олинди
Энди Ашт ноҳияси умумтаълим муассасалари ўқувчилар кийимларига буюртма бериш учун бошқа шаҳар ва ноҳияларга боришмайди. Кийимлар ноҳия маркази - Шайдон шаҳарчасида янги иш бошлаган тикувчилик цехида тикилади. Шунингдек, маҳаллий чеварлар ҳарбийлар, шифокорлар учун ҳам либослар тикиб беришади.
Янги тикувчилик корхонаси маҳаллий тадбиркор Пўлат Ашуров
Муфассал...
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг мамлакат Олий Мажлисига йўллаган «Республика ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги Паёми, барча қатори, биз – тиббиёт ходимлари фаолиятида ҳам ҳаёт дастури сифатида қабул қилиниши, табиий.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015