Бугун Мадина қизимнинг туғилган куни. Чақалоқлар уч кунда туғруқхонадан ота уйига келса, Мадина уч ой деганда уйимиз меҳмони бўлди. Ушбу битикларимни она қизим Мадинага бағишлайман...
Ўша йил қиш жуда оғир келди. Одамлар-ку, ўз йўлида, ҳатто, жонворлар, паррандаларга осон бўлмади. Энг сергак ва одамзот кўзидан панада юрмоқни ихтиёр этадиган катта-кичик қушлар ҳам хўрак илинжида совуқдан хунук ва
ёпишқоқ тус олган одамлар эшигигача чўчимай бостириб кириб келар, "Егуликка бирор нима борми?" дегандек аланглар, иттифоқо, рўпарасида пайдо бўлиб қоладиган икки оёқли махлуқлардан заррача ҳадиксирамас, кўп қаватли уйлар ромлари атрофида ожиз ва нотавон тумшуқчалари билан муз бўлакларига айланиб улгурган овқат қолдиғига ўхшаш нарсаларни бесамар титкилар, кейин мунчоқдек мунғайган кўзчалари билан ичкарига боқар, имкон топиб иссиқ жойга кириб олиш илинжида дик-дик сакраб дераза атрофида гирдикапалак бўларди.
Икки-уч ой давом этган бу ҳолат, ишонинг, парранда зотини сурбет қилиб қўйди. Табиатнинг ожиз ва нотавон махлуқоти бўлган қушлар яшаш учун шу тарзда курашиб, жон сақларди.
Эски Жўва бозори йўлида машинадан тушиб қолдим. Атайин шундай қилдим. Шошиб нима қиламан?.. Хаёлимни сал йиғиб олишим учун бу жуда муҳим эди. Кетиб бораётиб англадим, негадир, кўчада одамлар сийрак. Ҳаёт деярли тўхтаган, ўлик тус олган кўчалардан бир мен қотиб қолган қор бўлакларини босиб кетиб боряпман. Қаршимдан жунлари ҳурпайиб кетган ит чиқди. Яхшиликка бўлсин. Ит йўл четида бамайлихотир ётарди. Шунда мен бу итни кеча ҳам худди шу жойда учратганимни эсладим. У кеча ҳам худди ҳозиргидек, йўл биқинида ғужанак бўлиб ётар, шундай ёнидан ўтиб қоладиган йўловчиларга эътибор ҳам бермасди. Бугун йўлак бўм-бўш, фақат, мен ўзим билан ўзим ёлғиз юриб келардим. Яқинлашиб ерга энгашдим, шунда ит ўрнидан қўзғалди, сал четга чиқиб, ўтиб кетишимни кутди. Ташланиб қолмасмикин, деган ҳадик кўнглимдан ўтди. Ит иссиқлик қувури ўтган жойни танлаган экан, думалоқ гардишли чўян қопқоқ тирқишларидан чиқиб турган иссиқ буғ қор ва муз бўлакларини аллақачон эритиб юборган, бу нафақат ит, балки, дейлик, анча-мунча дайди кимса учун ҳам роҳатижон жой эди. Шу ўйда ўтиб кетаётиб ортимга қарадим, ит аллақачон буғ сизиб чиқаётган гардиш тепасига қайтиб бориб, мен томон бир қараб қўйди-ю, оҳиста чўзилди. Мен бу ит қаҳратон совуқдан шу жойни макон тутганини, унинг бундан иссиқ бошпанаси йўқлигини билдим. Ва яна билдимки, кўча, ниҳоятда, совуқ эди ва мен итдан фарқли равишда айни пайтда буни сезмаётгандим.
Боя машинадан атай тушиб қолганимни айтдим, бир оз яёв юрай, дея. Мана, тарашадек қотиб қолган муз ва қор бўлакларига қоқилиб, урилиб-сурилиб кетяпман. Эски шаҳарнинг пастқам лойсувоқ томлари ортидан шайх Зайниддин бобо мақбарасининг бамисоли тоғликларнинг қадимий кулоҳидек тус олган оппоқ қуббаси кўзга ташланиб турибди. Мен бу қутлуғ масканга етмай, чапга - туғруқхона томон бурилишим керак. Бамисоли юз йиллик йўл азобини туюб қадам ташлайман. Қаҳратон - совуқ. Бутун борлиқ оппоқ рангга бўянган. Менинг аъзойи баданим ёнай дейди, ичим - кўнглим эса, қоп-қоронғу.
Узун йўлак бўйлаб юриб иккинчи қаватга кўтарилдим. Ҳамшира ичкарига кириш мумкин эмас, дея менга туғруқхонадаги темир интизомни эслатиб, йўлимга кўндаланг бўлишга уринди. Ўттиз даража совуқда ичи ёниб келаётган, дунёси қоронғу одамнинг йўлини тўсиб бўладими? Ҳамшира қиз ўзини четга олди, тўғри қизим ётган палатага кириб бордим. Хотиним йиғлаб, менга дўхтирлардан шикоят қила бошлади. Зудлик билан палатага кириб келган бўлим мудираси вазият издан чиқиб кетмаслиги учунми, кутилмаганда ҳужумга ўтди, менга қўрс гапира бошлади. Кийган либосларидан жинси тахминан аёл эканлиги англашилиб турган мудира учун бу ҳол - менинг ҳолатим ҳеч нарсани англатмаётгандек эди. Афтидан у қарши ҳужум билан кунда, кунора дийдиё қилиб келадиган мижозларнинг ковушини тўғрилаб қўядиган, пихини ёрган уста эди.
Хотиним нима деса, деяверсин. Она-да, айтаверади. Аммо бу Оллоҳнинг иродасидан ўзга нарса эмас эди. Менинг бу аёл билан ади-бади қилишимдан бир наф йўқ энди, шу боис хотинимга "Буларнинг қўлидан нима ҳам келарди?" дедим, ғазабимни ичимга ютиб. Бутун туғруқхона, палата, йўлакларни тўлдириб ғўдайиб, қийшайиб юрган қиз-жувонларнинг тақдири менинг қўлимда, деб турган шифокорга, табиийки, менинг бу "жиззакилигим" ёқмаса-да, ўзини гўлликка солди. Жаҳлим нақд бурним учида турганини, ўт олиб кетишим учун бир "пуф" кифоя эканини пайқади. Шунда ҳамширадан русчалаб "Касаллик варақасини бер-чи", деди. Бирдан ранги ғалати тус олиб хотинимга юзланди. "Тўртинчи ҳомиладорлик, дейилган, тўғрими?"
"Ҳа", деди хотиним.
"Нима, учта бола озлик қилаяптими?" - деди шунда аёл дабдурустдан. Аёл, боз устига туғруқхонада бўлим мудири бўлиб ишлайдиган шифокор сурбетларча шу гапни айтди.
"Бир тирноққа зор оилалар бор" - деди, яна Америка очгандек. "Дадаси..." дея менга қараган эди, рангимни кўриб чўчиб, нафаси ичига тушиб кетди - жим бўлиб қолди, кейин "Ўғил бола бўлса фойдасиз эди, қиз боланинг йўриғи бошқа - жони қаттиқ бўлади", деди. Ана шунда ҳам мен индамай тураверганман ва бундан ҳалигача ўзимни кечира олмайман. Мен ер юзидаги жамики аёлларга, оналарга, қизларга, сингилларга таъзим қилган, ҳурмат сақлаган ҳолда, балки унинг юзига тупиришим керакмиди?.. Тупуролмадим. Мен ҳеч қачон бундай қила олмайман. Бу менинг қирқ йиллик умрим давомидаги энг катта хатоим эди балки. Дунёга келганига ярим соат вақт ўтмай, қаҳратон совуқда Дўмбирободдан Кўкчага етиб бориб, туғруқхона йўлагидан то иккинчи қаватнинг энг чекка палатасигача йўлимда учраган кишиларга суюнчи улашиб борган жулдурвоқи отага тиббиёт ходимининг муносабати эди...
"Туғилдим-у, шу он бўғилдим..." Шоирнинг сиёсий - ижтимоий ҳайқириғига айланиб кетган бу сатрлар митти кўзчалари жовдираб, бутун вужуди билан ҳаётга интилаётган қизалоқнинг қулоқлари остида тинимсиз янграр эди. Ва бу ёқимсиз куй уни буткул эшитмайдиган - кар қилиб қўймаса эди, дея чўчирдим... Бу ҳайқириқ кучли антибиотик ва номлари фақат дўхтирларгагина маълум турли дори-дармонлар тимсолида унинг томирларида бамисоли қон бўлиб оқарди. Мен - дўхтирликдан бир кўча нари юрадиган дарди бедаво ҳам бунинг оқибати яхши бўлмаслигини англардим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўша бўлим мудираси қизимни бошқа касалхонада даволанишини зўр бериб менга уқтирмоқчи бўлди. Мен индамадим. Ўзинг пиширган ош, дейдиган бўлсам, табиийки, унга бунақа ош керак эмас. У бошқа нарса ейишга одатланган.
Кунларда ранг, кумуш қишда эса, тароват йўқ. Шу тахлит вақт ўтиб борарди. Бир пайтлар Нон шаҳри дея ном олган Тошкент дорихоналар шаҳрига айланиб улгурганини ва бундан бехабар қолганимни мен шунда англадим. Қурғур дорихоналарда нарх-наво ҳар хил - осмонда. Битта нархни иккита дорихонада кўрдим, дея кўрманг, айтиб қўяй, ёлғончи бўласиз. Ўртада жиддий тафовут бўлганлиги учун шаҳарда мен бош суқмаган дорихона қолмади, ҳисоб. Тентираб кетаверардим. Бахтимга ҳар қадамда дорихона.
Янги туғилган чақалоқни туғруқхонада узоқ қолиб кетиши қанақа аломат эканлигини дўхтирлар айтмаса ҳам, ич-ичимдан ҳис этардим. Икки ҳафталар ўтиб ёши кексароқ ҳамширами, санитарми аёл болани олиб кетиш лозимлигини, маълум кун уйда бўлгач, кейин бошқа йўлини ахтариш, балки ихтисослашган марказларда муолажани давом эттириш лозимлигини ётиғи билан менга тушунтирган бўлди. Оллоҳ ўзи меҳрибон, деди, бечора.
Мен эса, шу пайтгача ҳали қизим дунёга келганлиги ҳақида гувоҳнома ҳам олганим йўқ эди. Нега? Ўзим ҳам билмайман. Бу ёғи ишхонага ўтганимда профсоюздан "Суюнчи пули" олиб кет, дея қисташади. Бунгаям оёғим тортмайди. Суюнчи - пул нима керак, шу сабилни деб одамлар ўзларини не куйларга солаётган, пул - ҳамма нарса бўлиб турган бир палла кўнглимга сиғмасди. Бундай қилишимнинг боиси бор эди...
"Фақат, битта йўл бор!" - дея, ҳаётда шафқатсизларча яшаган устозим оғир бетоб бўлди. Вақти соати етиб қазо қилди. Яқинлари, фарзанд, дўстлари бу беназир зотнинг сўнгги лаҳзаларига гувоҳ бўлишди. Бирдан сукут чўккан хонадон, ҳовли-кўйда дод-фарёд кўтарилди. Ҳамма қон йиғлаб турган палла, "Дўхтирни чақириш керак", - деди кимдир. Дўхтир келди. Бошини кўтармай, бир парча қоғозга нималарнидир ёзди ва чиқиб кетди. Шаҳарда дўхтирнинг хулосаси бўлмаса, ўликка ҳам, унинг соҳиби - тирикка ҳам қийин. Шу қоғозни олиб мен ва яна бир акахонимиз маҳалла идорасига бордик. Котиба катта дафтарни очиб қидира бошлади, "мана, топдим" - дея, унинг исм-шарифи устига қора чизиқ тортди. Кейин ЗАГС бўлимига ўтасизлар, деди. Бу даргоҳдаги ходим ҳам биз тутқазган бир парча қоғозга ҳафсаласиз назар ташлаб, у ҳам бир жойга хат урди. Сўнг бошпуртни олиб жуда қўпол равишда ( балки менга шундай туюлгандир) расмни кўчириб олиб менга тутқазди ва исм-шариф ёзилган жойга крест қўйиб, кўз ўнгимда яроқсиз ҳолатга келган бошпуртни ёнидаги, назаримда, ахлат қутиси эди, отворди. "Бўлди, собесга борасиз", деди ўз навбатида. Бу воқеалар қандайдир дақиқалар ичида юз берди. Шундай қилиб тириклигида ҳалоллик, поклик, деб елиб-югурган кимса умрига нуқта қўйилди. Шу-шу, баъзан қўлимга тушган ҳар қандай ҳужжатга узоқ-узоқ тикилиб қоладиган бўлганман. Ана шу ўйлар юки елкамдан босар, касалхонада оғир ётган қизимга ЗАГС бўлимига бориб метрика олишимга имкон бермасди.
Бесамар ўтаётган кунларнинг бирида, аниқ биламан, жума куни эди, эрталаб касалхонадан дилим хуфтон бўлиб чиқдим, ортимга - уйга, ойиларини кутиб ўтирган болаларим қошига қайтгим йўқ эди, негадир кўнглим Шайх Зайниддин бобо зиёратгоҳи сари юришни ихтиёр этди. Шу кунгача рангимни сарғайтириб шифокорлардан мадад кутдим - ўзгариш йўқ. Ҳатто, санитар аёл: -Болани олиб кет, кейин бирор йўли топилар, Худо ўзи меҳрибон, - деди-ку.
Энди Ўзининг ҳузурига, уйига бораман. Эшикдан шалвираб, нотавон тиланчидек кириб борсам умидим борки, тилакларим ижобат бўлгай. Бугун ҳар кунгидан ҳам кўп - тумонат одам тўпланади, жоменинг бир четида туриб кафтларимни очиб туриб сўрайман. Йўқ, чойчақа сўрамоқчи эмасман, у ёғини айтсам, шу кунлар пулнинг юзига қарагим ҳам келмайди. Мен анойи тиланчилардан эмасман. Сўраганим бебаҳо неъмат - бир ҳовучгина дуо. Бир валийсифат зот: -Тақдирни фақат дуогина ўзгартира олиши мумкин, - деган эди, бир пайтлар. Ҳозир шу ҳикматни айтган одамнинг ўзи ернинг остида ётибди. Мен бир неча кун ушбу ҳикмат таъсирида юргандим, ўша кунлар ва манбаларни титкилаб ушбу ҳақиқатга иқрор бўлгандим. Мана, энди умримнинг қалтис дамларида Ҳақ йўлида юрган кимсаларнинг дуоларига умид қилиб, дилдираб турибман, дуо туфайли шоядки, бу хуфтон дилим ёришса, қизим ҳаётга қайтса...
Ҳар гал намозгоҳга кирганимда жоменинг тўрига, энг қулай ва иссиқ жойни танлаб ҳеч нимага эҳтиёжи йўқ кимсадек одамлар оқимини кузатиб, талтайиб ўтирган пайтларим бўларди. Ҳозир шуларни эслаб, уялиб кетяпман. Ўзимни ичкарига олмай ташқарида, ёғиб турган қордан нигоҳимни узмай имом маърузаларига қулоқ тутаман. Ниҳоят, маъруза тугаб, дуога қўл очилди. Имом ҳалитдан бери, ўз номига келиб тушган мактубларни номма-ном ўқиб, дуо қила бошлади. Бир умр корхона раҳбарига, маҳаллага, участка нозирига, у-бу идора, ташкилотга илтимоснома, ариза ёзиб чарчамаган мен нотавон бир парча қоғозга дардимни ёзиб минбар томон узатолмадим. Ахир, мен ҳозир маҳалла идорасида ёки Ўзтелерадиокомпания раиси қабулхонасида эмас, Оллоҳнинг уйида турибман. Оллоҳ эса, ҳамма нарсани билгувчидир. Биламан, дуонинг охирида умумий жойи ҳам бор - кимнинг дилида не тилаги, истаги бор Ўзинг ижобат қил, деган! Имом дуонинг ана шу авж нуқтасига келганда аъзои баданимни титроқ босди, пойгакда чўккалаб, қўлларимни дуога очганча: "Ё Оллоҳ!" дердим. Менинг ортимда ҳеч бир намозхон йўқ, фақат, оёқ кийимлар қалашиб ётар ва қишнинг изғирини бутун кучини ишга солиб ўзини ичкарига урарди.
Билганларим, биздан бир неча қадам нарида абадий қўним топган Шайх Суҳравардийнинг авлодлари бўлмиш Шайх Зайниддин бобо, Кўйи Орифи Тошкандий, Этемас Эшон, Алихонтўра Соғуний ҳазратлари ва яна Кўкча мозорида ётган кўп улуғ зотлар ҳаққи ҳурмати касалхонада ётган қизалоғимга Ўзинг шифо бергин, дея илтижолар қилдим. Омин-омин деган садолар қулоқларим остида янграрди. Ҳиссиётларим кўз ёшларга айланиб юзларимни ювди.
Қачонлардир Тошкент мени бегона қилмай, ўз бағрига олди. Нон - туз берди. Бир чолвор ва футболкада кириб келганим бу шаҳар мени худди онамдек сийлади. Бир эмас, иккита уй берди, иш берди, бандасини қўлидан деярли келмайдиган иш - ўз бағрига қайдга олди... Тошкентнинг тариғидан бир чўқиган чумчуқ Маккадан қайтиб келади, деган гаплар бор. Мен бу шаҳарни чинакамига севиб қолгандим. Бахтиёрликдан босар-тусаримни билмай юрган кезларим мана бундай ишлар, синовлар рўпарамда кулиб турарди. Мен ҳеч нарсани ҳазм қила олмасдим. Орадан қарийб чорак аср вақт ўтиб, Тошкент менга қилган шунча яхшиликларини миннат қилаётгандай, кўрсатган марҳаматлари эвазига мендан нимадир талаб қилаётгандай эди. У сўраётган нарсани, агар тўғри тушунган бўлсам, мен ҳаргиз бера олмасдим. Борди-ю ўртада очиқ савдо бўлганида, табиийки, бу шаҳар менга қачонлардир тортиқ этган барча неъмат, қулайликларини чўнтакларимдаги сўнгги чойчақагача, олдига қўйиб, орани очиқ қилган бўлардим ва ўша - бундан кўп йиллар бурун қандай келган бўлсам, худди ўшандай бу шаҳар кўчаларидан чиқиб кетишга тайёр эдим. Шу боис, ё Ҳақ эгам, марҳаматингни мен гуноҳкор ва ожиз бандангдан аяма, дея ич-ичимдан йиғлайвердим...
Ташқарига чиққанимда буткул бошқа одамга айланганимни ҳис қила бошладим. Ғурбатдан чиқмаган бошимда шамол ғувиллаб айланарди. Бу ел бошимдаги ёмон ўй-хаёлларни учириб, қайларгадир олиб кетарди. Босаётган қадамларим тобора енгиллашиб, руҳим бамисоли қанот ёзаётгандек эди.
Атрофга боқаман, оппоқ қор. Қор шу қадар оқки, беихтиёр кўзларим қамашиб кетади. Совуқ имкон топган жойидан аёвсиз чимчилайди. Ниҳоят, таним совуқни ҳис этаётгани, кўзларим дунёда қорадан бошқа ранглар ҳам борлигини ажратаётгани мени кечагача муккамдан кетган ҳаёт сари чорлар эди. Яшириб нетай, бу ҳаёт гўзал ва бетакрор эди. Мен шу кетганимча пойи пиёда бутун Эски шаҳар кўчаларини айланиб чиқдим. -Хавотирланма! - дерди бир овоз бамисоли шамолга айланиб қулоқларим остида, ҳайратдан лол эдим,-Кўпам қайғураверма, у яшаб кетади, у, ҳали сени сўнгги йўлга ҳам ўзи кузатиб қўяди, - дерди яна ел қулоқларим остида шивирлаб. Елкамни босиб турган тоғ қандайдир лаҳзаларда қулаб оёқларим остига қум зарраларидек сочиларди. Мен сўнгги кун, ойлар кўнглимга изнсиз кириб келган беҳисоб ғам-андуҳ, ташвиш, муаммолар гирдобини ёриб туриб, ёруғ дунёга кўзда ёш билан лолу ҳайрон боқардим.
Шу кун уйга хурсанд кириб келганимни болаларим ҳам пайқашди. -Ойинг яқинда сизларга кичкина сингилча олиб келади, - дедим, уларни хурсанд қилиб. Кейин сўнгги ойлар ичида илк бор қотиб ухлабман.
Қишнинг дами қайтиб баҳор эпкинлари эсаётган кўкламнинг илк кунлари уйга қайтдик. Уч ой деганда не-не синовларни сабр ва қаноат билан енгиб, тақдир ҳукмига бош эгиб, ниҳоят, биз учун қарийбки яшаш маконимизга айланиб қолган касалхонани тарк этиб, фарзандларимиз қошига келяпмиз. Мен, аёлим ва қизим - Мадина.
Дарвоқе, қизимга ўзим ўйлаб қўйган исм - Зарина эмас, Мадина дея ном қўйдик. Улуғ пайғамбаримиз ётган шаҳар номи кўнглимдан кетмай қолгач, яхши ниятлар билан шундай қилдим. Ҳатто, бу ҳақда тўрт қатор шеър ҳам қоралаганман:
Хаста бўлдинг бунча,
Мадина,
Юрагимни ер бир таҳлика.
Мен сен билан
бораман ҳали
Тошкентдан то Ясриб,
то Макка...
Ё Парвардигор! Марҳаматингнинг чеки йўқ. Ўзинг меҳрибонсан.
Аёлим қўлида чақалоқ - янги меҳмон Мадина билан уйимиз остонасига қадам қўйди. Мен унинг қўни-қўшнилар кўз ўнгида шалвираб бўш қўл билан уйимизга кириб келишини ҳазм ҳам, тасаввур ҳам қила олмас эдим, туғруқхонага кетаётганимизда кенжамиз Комроннинг бошини силаб туриб: -Сенга сингилча олиб келаман, - дея ваъда берган. Қолаверса, аёл зоти ҳаргиз бўш қўл билан сўппайиб уйига кириб бормасин экан...
Тошкентда Мадинам даволанмаган касалхона қолмади ҳисоб. Парвардигорга чексиз ҳамд бўлсин. Охир-оқибат у оёққа турди. У оёққа турган сайин мен ҳам тириклик рангларини ҳис эта бошладим.
Дилимда қолиб кетмасин, яна бир гапни айтай:
Қорлар ёғиб, излар босилди...
Тақдир биз ва қизим Мадинани дуч қилган, бизга кўмак берган ҳамма дўхтир, ҳамшира ва санитарларга бугун таъзим қиламан. Туғруқхонадаги бўлим бошлиғи ҳақидаги аччиқ гапларимни ҳам ишонинг, қайтариб олдим. Тошкентдан аразлаганим ҳам ёлғон, у мени аяди, бу шаҳарга бўлган муҳаббат менинг дилимда то сўнгги нафасгача яшайверади...
Алишер Нарзулло,
Тошкент шаҳри.
Сизга кўп битишган турфа «шиғир»лар,
Ғоратдир қофия захиралари.
Энди қоғоз-қалам беҳол шитирлар,
Қайдасиз, Кумушнинг набиралари?
Муфассал...
Шаҳритуз ноҳиясининг «1-май» қишлоғида туғилиб, камол топган Сирожиддин Пўлат қалами қайралиб келаётган ёш шоирларимиз сирасига киради.
Рўдакий ноҳиясидаги коллежнинг журналистика факултетини тамомлаб, бир муддат бу касб билан шуғулланишига қарамай, она-юрти
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015