Турналар мезон ипларини солиб ўтган каби иссиқ ўлкаларга учиб кетаётган кез... Умримиз тақвимига сариқ япроқларини ташлаб ўтаётган куз... Сени эслагим келди, Ёшлигим.
Ижтимоий-сиёсий мавзуда мақола ёза олмайсан, сен, деб қўлини ниқтаб кўрсатганларга қараб, “Тўғри, ёза олмайман. Аммо мен болалигимнинг соф хотиралари билан яшайман”, дея сенга қараб кетдим, Болалигим.
Қишлоғим булоқлари хотирамнинг пок чашмаси бўлиб мени софликка чорлаб турар экан, манфаат учун ўзини турфа кўйга солганлардан, ўзлигини топмай, турмушнинг майда-чуйда гапларига беланиб, яна киши билмас буюклик даъво қилганлар даврасидан сенга кетдим, Қишлоғим.
Тўртинчи синфга ўтганимдан бошлаб, барча қишлоқ болалари, айнан болалари каби дала-даштга бориш уйимизда менинг зиммамда бўлган. Тўғри, опаларим ҳам борган. Аммо тенгқурлару тўш маҳалладош қизлар билан аксари мен борганман. Эсимда бор. Уларнинг бирини “Қаро”, деб атардик. У бизнинг, яъни синглиси ва менинг, онабошимиз эди. Уч киши бўлиб, куз кунларида мактабдан қайтиб, тушлик қилиб, далага жўнардик. Қишлоғимизнинг гоҳ Сунбул мавзеига, гоҳ Жаварипоя мавзеига борардик. Табиийки, куз пайтида даладан ўт ё сомон олиб қайтиш гумон. Биз Жаварипоя томонларга мевали дарахтлар хазонларини похолкашакларда супуришга борардик. Гоҳо тутнинг пишган баргларини қўлимиз билан сидириб, хуржунларимиз кўзини тўлдириб қайтардик. Боғ қоровуллари қўймаса, олма ё ўрик дарахтлари хазонини супурардик. Ёзда йиққан сомонларимиз ёнига хазонларни келтириб тўкардик. Айни Жаварипояда хазон супуриб, дарахт шохларида яккам-дуккам қолган олмаларни ё уриб туширардик, ё дарахт учига чиқиб, олиб тушардик. Бу олмалар дунёда энг ширин олмалар эди. Чунки уларни қўлга киритиш мушкуллиги бир тараф, совуқроқ куз кунида хазонли боғда оч қоринга олма ейиш лаззати бир тараф эди. Жаварипоя боғларига қоровуллар қўймаганида, биз Чиймантепа томон чўзилиб кетган токзорларни нишонга олардик. Узумлар узилиб, тупроққа кўмилишни кутиб ётган токзорларда (биз томонларда токлар, анжирлар, анорлар кузда совуқ урмаслиги учун кўмилади) шох-шабба тагида яшириниб ётган узумдан “ҳосил” йиғардик – починак қилардик. Бизда токларни осма ва ераки, деб аташади. Совхоз далаларида, асосан, ераки токлар бўлиб, колхозчилар териб кетганидан кейин ҳам кўздан яшириниб, панада қолиб кетган узумларни теришни починак, деб атаймиз. Токзорлар қоровуллари починакка рухсат берарди. Чунки ҳосил йиғиб олинган. Энди фақат токларни кўмиш керак. Биз – уйимизнинг далачилари бу ишни жуда уддасидан чиқардик. Починакда топилган узумлар жуда ширин бўларди.
Ёдимда бор, Сумбулсой томонга Мулчоқтепа йўли билан борганимиз. Тепаликлар оралаб Сунбулга тушиб бордик. Ўт топмадим. Кузнинг куни оқшомга қараб кетиб бораяпти. Қоронғу тушганида хуржунларимизни хом ёнғоқларга тўлдириб (“ерга кўмсак, пўсти ўзи тушиб кетади”, деб бизни ишонтирди Қаро), қайтаяпмиз. Ғира-шира Мулчоқтепа йўлида қора шарпаларга тўғри келиб қолдик. Олдинда кетаётган кишининг қўлида ёстиқ.
Уларни четлаб ўтдик. Қишлоққа тушиб кетдик. Аммо юрагимизни ваҳима босди. Биз Ўлим шарпасига учраган каби нохуш ҳислардан қўрқиб, намозшомда уйга қайтгандик. Эртаси эрталаб билдикки, бировнинг тилаб олган бир яшар ўғли вафот этган экан. Ўшанда Ўлимнинг бешафқат эканлигини чуқур ҳис қилганман.
Хуллас, кунни кеч қилиб, гоҳ хазон, гоҳ узум, гоҳ ёнғоқ олиб уйга қайтардик. Албатта, уйдагилардан мақтов эшитиш истаги билан. Бугун ҳар куни телевизор аталган қутига тикилиб, мултик кўрадиган қизим савол беради: “Ая, Акуна мататани биласизми? Рапонцелни-чи?” Мен Эркин Аъзам қаҳрамони каби “Чантриморееееееее” дегим келади унга қараб. Менинг болалигим “Акуна матата”си дала эди, дашт эди. Ва шу дала-даштда юриш гашт эди.
Ишхонада лавлагини қўрга кўмиб еганмисиз, деб сўрашганди гап келганда, бир-бирларидан ишчилар. Шу биргина савол мени олисга олиб кетди. Еттинчи синфдалигимда дарсгача бизни совхоз лавлагисини ковлашга – Чиймантепага олиб боришган. Нон олиб борган сумкамизга оқ лавлагидан солиб келардик баъзан. Онам нон ёпиб бўлганларидан кейин, ҳалиги лавлагини тандирдаги чўққа кўмиб, пишишини тандир олдида кутиб ўтирганларим ёдимга тушди. Бугун бизни гап-сўзга ўша лавлаги каби кўмиб, ўша гап-сўз ичида нафас етмай, ўлишимизни кутади Ҳаёт. У лавлагилар ширин эди, гарчанд дадам раҳматлик уни “кормовой”, деб атаган бўлсалар ҳам. Аммо Ҳаёт лавлагисини хом ейишга тўғри келади баъзан...
Қуйида хотираларим ичидан кузатишларимнинг айримлари “починак” қилиб олдим. Бу “починаклар” менинг починакларим.
Ижодга дахлдорлигим учунми, қўлига қалам олиб мақола-пақола ёзиб юрганлар менга қараб, “менинг ижодга дахлим йўғ-у, аммо шеър...” деб гап бошлаганида, мен ўшаларни айнан ижодга дахлдорлик даъво қилаяпти, деб ўйлай бошлайман. Бундай хулосага келишим сабаби оддий. Бир танишим доим ўзи ҳақда гапирмоқчи бўлса, ”Мени биласизу...” деб гап бошлайди. Аслида мен уни қаердан биламан, ким деб биламан, буни у билмайди. Ва унинг асл қиёфасини мен билмайман. Унинг “Мени биласизу” дегани унинг ўзига баҳоси баландлигидан, деб биламан.
Ижод оламининг ўз пасти-баланди бор. Битта булҳавас: “Шоирдан журналист чиқмайди. Шунга мен ижод қилишни йиғиштириб, журналистлик қилаяпман”, - деганди менга бир вақтлар. Починак қилиб қарасам, чаласаводлик ҳиди келиб турган мақолалар ҳаммаёқни босиб кетибди. Аммо“журналист” йўқ.
“Таҳрирриятга шоир керакмас», - деб бот-бот – оёқ тагидан починак янчилиб ўтади. Аксари таҳрирриятлардаги журналистикадан бехабар “журналист”ларга қараб, ҳа, бунақа журналист бўлмайди, шоир, дейман ичимда.
Ҳарбий журналист бўлиб, ўлмас асарлар ёзган Хемингуэй у ёқда, уруш фожиасини инсон умрига солган зарбаларини роман қилган Ремарк нарёқда менга қараб, “Биз журналист бўлмай киммиз?” дейди починак ўйларим ичра.
Матбуот саҳифаларига қарийб йигирма етти йилдан буён битиклар бериб келаман. Аммо Халқаро журналистлар конфедерациясига аъзолик ҳақда ўйлаб кўрмабман. Баъзан кўзга чағиртош каби тегадиган айрим “битиклар” тагида “Халқаро журналистлар конфедерацияси аъзоси”, деган ёрлиқни ному насаби тагига тиркаб қўйганларни кўриб, ўйлайман, булар журналист кимлигини билармикан, деб.
Аксари бир “муаллиф”нинг “битиги” таҳриррият эшигини тез-тез қоқади. Бу битикларни “қайта ишловчи” “муаллиф” билан талашиб, тортишиб чарчаганидан ахийри индамай қайта-қайта “битиклар”ни ишлаб беришдан ўзга чора йўқлигига кўнибди. Шу “муаллиф” “битик”лари ҳам починак бўлди менга. Барча битик бир хиллиги билан чинакамига “замонавий журналистика намунаси” бўлишга арзир экан. Оддийгина савол бериш маданияти ва саволга қўйиладиган белгини билмай, бу муаллиф ҳам “Халқаро журналистлар конфедерацияси аъзоси” бўлса, ажабмас. Унинг “битиклар”и на интервю ёки репортаж ёхуд хабар, ёинки очеркка тўғри келади. Бизнинг починак каби турфа улоқ-қуроқ, олди-қочди гаплар бўлади аксари. Бизнинг починаклар жуда ширин эди. Мезон шамолини еган, куз офтобида тобланган починаклар эди. Аммо бу муаллиф «битиги» оёқ остида босилиб, эзилиб кетган “починак” бўлса керак.
Куз... Ҳосилни йиғиб олиш ва ерни янги ҳосилга тайёрлаш вақти. Яъни починаклар вақти. Ватан кенгликларида шу ватан учун яшаш завқи бор экан, шу ватан дала даштида орзулаш гашти бор экан, мен орзулашдан тўхтамайман. Бу орзуларим ижобат бўлишидан умид узмайман. Шу ватан муаммолари, шу ватан халқи орзу-ҳавасларини ёзадиган марди майдонлар, албатта, топилади. Ток занглари тагидан топилган починак узум каби мазмуни бўлиқ мақола, очерк, репортажларни, албатта, ўқиймиз, деган ниятни қилиб, “Акунаматататааааааа”, дейман.
Мунаввара Ойматова, Хўжанд шаҳри.
ёхуд тадбиркорлар йўлидаги тўсиқлар хусусида
Сўнгги йилларда мамлакат олий раҳбарияти ташаббуси билан тадбиркорлик ҳамда хусусий сектор фаолиятини ривожлантириш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва қулай шарт-шароит яратиб бериш борасида қатор чора-тадбирлар кўрилаётганлиги барчага аён. Бу соҳага оид қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, қабул қилинмоқда.
Муфассал...
Муаллифдан: Мен Тожикистон Халқ шоири Нурмуҳаммад Ниёзий билан бир йилдан буён суҳбатлашишга чоғланаман. Лекин ҳар гал негадир суҳбат ортга сурилаверади. Халқ бахшиларидай ич-ичидан туйғулари тошиб келиб, экспромт тарзида шеър битадиган, шеъриятни муҳаббат деб биладиган, Она юрти, халқи, она тили ҳақида юрак-юракдан берилиб гўзал сатрлар тузадиган бу ижодкор билан суҳбатим одатдагидан бошқача бўлишини истардим.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015