Авжи баҳор. Субҳидам. Йўловчи машинадан тушиб, дарвозадан лолақизғалдоқлар гулхани лов-лов ёниб турган, қарийб юз йиллик тарихга эга бўлган қабристонга қадам қўяман. Бу ер ҳаётнинг минг бир ташвишини елкага ортиб, бир кам дунёнинг камини бут қиламан деб, рўзғорнинг тубсиз ғорига кўмилиб кетмаслик учун эҳтиётлик билан елиб-югурган, аммо охир-оқибат, келиб-келиб тўхтаган, тин олган, йиртиқ-ямоқ бўз яктаги устида ҳилвираб
турса-да, бағри кенг, бор вужуди одамийлик, меҳнатсеварлик руҳи билан суғорилган, бугунги гуллаб-яшнаётган Тожикистоннинг тамал тоши, мустаҳкам пойдеворини қўйган фидойилар, хотиралари ҳали-ҳануз эл-юрт ёдидан кўтарилмаган ўнлаб-юзлаб, эҳ-ҳе, сон-саноқсиз азизлар маскани… Илоҳо, ҳамма-ҳаммаларининг охиратлари обод, имонлари ҳамроҳлари бўлсин.
Сукут сақлаганча аста-аста юриб, ичкарилаб бораман. Бири кичик, бири каттароқ, бири чўккан. Бировнинг эса, ҳали тупроғи нами қуримаган турфа қабрлар. Эрта тонгда шивалаб ўтган ёмғир томчиларидан қулоқларига сирға таққан, одам бели билан баҳслашадиган ўт-ўланлар бир маромда силкиниб, ўзаро шивирлашиб, гўё марҳумлар руҳини дуо ила шод этаётгандай. Ариқчадан ўтгандан кейин шундоққина ёлғизоёқ йўл ёқасида жойлашган иккинчи қабр бошига экилган ва бугун шиғил-шиғил ҳосилга кирган тут шохига қўнган паррандалар чуғур-чуғури эшитилади.
Мозористонни айлана-айлана яшил майсалар оғушидаги, бош томонидаги икки туп гилос ниҳоли ҳосилдан бошини қуйи солган, сал орқароқда эса, худди чин инсонга, адолат соқчисига таъзим қилгандай лолақизғалдоқлар силкиниб турган қабр олдида тўхтайман. Ва мен учун таниш бўлган «Ботиров Ҳабибулло (15.05.43 – 06.08.08)» деган ёзувни ўқийман.
Ҳабибулло Ботиров… Бу ном мен учун, йўқ, йўқ, мен учунгина эмас, балки кўплаб газетхонлар, минг-минглаб радио тингловчиларга таниш, ошно бўлган ном.
Ҳабибулло Ботиров… биз синфдош эдик. Ҳатто ёшларимизда ҳам у қадар катта фарқ йўқ эди. Мен йил бошида, у эса, баҳор фаслида туғилганди. Эҳтимол, шу боисдан бўлса керак, истараси иссиқ, муомаласи юмшоқ, кўнгли баҳор ҳавосидай очиқ эди. У билан сирдош эдик. Саводи, билими ҳам чакки эмасди. Ақли кўп нарсага етар, синфдошларидан бир қадам олдинда юрадиган талаба эди. Барча фанларни яхши ўзлаштирар, айниқса, адабиётга меҳри, ишқи бошқача эди. Ўша пайтлар мактабларда кенг йўлга қўйилган ва ҳар ой узлуксиз чиқариб туриладиган «Ёш куч» деворий газетаси, «Муштум» сатирик журналининг фаол қатнашчиси эди. Айрим хабарлари ноҳия рўзномасида ҳам кўриниб турарди.
Ҳабибулло (охирати обод бўлсин) ўрта мактабни битириб, пойтахтнинг энг нуфузли олийгоҳининг иқтисод факултетига ҳужжат топширди. Имтиҳон ва конкурсдан муваффақиятли ўтди. Ўтди, аммо ўқимади. Зеро, унинг кўнглида адабиётга, ижодкорликка майл устунроқ эди. У Хўжандга борди, «Ҳақиқати Ленинобод» газетаси билан ҳамкорлик қила бошлади. Рўзнома муҳаррири, таниқли ёзувчи Ҳожи Содиқ ва газета ўзбек бўлими мудири, иқтидорли ёзувчи Турғун Жамол ва шу каби ижодкорлар билан бирга ишлади, тажриба, малака оширди. Шеър ва лавҳалари билан танила бошлади. Кўп ўтмай, ҳарбий хизматга чақирилди. Йигитлик бурчини ўтаб келгач, Тошкентда ўқиди. Энди у келажак йўлини аниқ танлаб олганди. Ҳаётини, кучини, билимини журналистикага бағишлади ва бу соҳада ўзига хос из қолдирди. Ҳабибулло учун «Совет Тожикистони» («Халқ овози»)да ишлаган йиллар, айниқса, самарали бўлди. Бунинг асосий сабаби унинг ростгўйлиги, ҳақиқатни бор овоз билан айта олиши, турмуш нуқсонлари билан муросасизлиги, сўз қадрини ҳис эта олишида эди. Масъулиятни олий бир туйғу деб билиши, унга амал қилишида эди. Зеро, журналистнинг ҳам, сўзнинг ҳам сеҳрли қудрати ана шунда эмасми?!
Ҳабибулло рўзноманинг қайси бўлимида ишламасин, қайси бўлимини бошқармасин, ўз позициясини ҳимоя қила олар, гарчи аччиқ бўлса-да, кимларгадир ёқмаса-да, адолатли фикрини айта оларди. Эҳтимол, шунинг учун уни кимлардир ёқтирмагандир. Дўстимиз мамлакат бошига таҳликали кунлар тушганда, газетанинг жанубий вилояти бўйича махсус мухбири вазифасини адо этди. Ва у бу вазифани имкони борича уддалай олди ҳам.
Дўстим, биродарим ҳақида мазкур битикларни қоғозга туширишдан олдин «Халқ овози» рўзномасининг ўша оловли йиллардаги тахламларини синчиклаб ўрганишга тўғри келди. Ана шу жараёнда мен Ҳабибулло қаламига мансуб – «Қўрғонтепадаги ҳокимиятсизликдан ким манфаатдор?» («Халқ овози», 1992 йил 25 июн), «Хотиралар дафтаридан» рукни остида берилган – «Оғзимизда талқон бор эди (бир шеър тарихи)» («Халқ овози», 1992 йил 2 июл), «Бош қонун бўш бўлмасин» («Халқ овози», 1992 йил 9 июл), «Қочоқлар» («Халқ овози», 1992 йил 21 июл), «Тинчликка эришиш ташвишли ва таҳликали вазиятдан қутулиш чорасидир» («Халқ овози», 1992 йил 11 август), «Ён дафтардаги ёзувлар ва субъектив қайднома» (Халқ овози», 1992 йил) каби ўша даврнинг муҳим муаммолари ечимига қаратилган, юксак масъулият билан ёзилган мақолаларини учратдим. Одам кўзига ўз жонидан бошқа бирор нарса кўринмаган ўтли-оловли дамларда, бу каби долзарб масалалар ҳақида фикр билдириш осон эмасди. Ва дўстимиз Душанбега келиш арафасида қайси бир гуруҳ томонидан ташкил этилган постни сезмай ўтиб кетгани учун ана шу қора кучлар томонидан беш соат давомида сўроқ қилингани ҳам сир эмас. Ҳабибулло бу оғир вазиятдан эсон-омон жон сақлаб қолди, лекин айтган сўзидан, тутган қаламидан воз кечмади. Ҳа, адолатли сўз, ростгўй қалам унинг виждони ва таянчи эди.
Ҳабибулло Ботиров кейинчалик давр тақозоси билан Тожикистон ўзбеклар жамияти рўзномаси «Ҳақ сўз»га раҳбарлик қилганида ёки бошқа масъулиятли вазифаларда ишлаганда ҳам, адолат ва ҳақиқат устуворлиги учун курашди. Шунинг учун бўлса керак, кўпчилик Ҳабибулло ҳақида гапиришса, унинг ана шундай чин инсоний фазилатларига урғу беришади. Келинглар, уларнинг ўзларидан эшитайлик.
Ўлмас Жамол, шоир, «Дўстлик» ордени соҳиби:
-Ўз фикрида устувор йигит
…Ҳабиб (илоҳо охирати обод бўлсин) саводи баланд, дунёқараши ҳавас қилса арзийдиган, қалами ўткир, тўғрисўз журналист эди. Адолатсизлик, ноҳақликни кўра олмас, ўз фикр-андишасини қаттиқ туриб ҳимоя қила оладиган, шу билан бирга, ҳамкорларининг ҳам қарашларига эътиборли йигит эди. Менимча, «гап келганда отангни ҳам аяма», «бошингга қилич келса ҳам тўғри сўзла», деган халқ мақоллари худди унинг учун айтилгандай эди. Баъзида бош муҳаррир билан ҳам шартлашиб қоларди. Аммо муомала одобидан чиқмас, ҳар қандай вазиятда ҳам ахлоқ меъёрига риоя қилар, баҳс маданиятини унутмасди. Ҳабиб ҳеч кимга ҳасад қилмас, яхшиларга ҳавас билан боқарди, энг муҳими, одамгарчиликни улуғлар ва энг аввало, унга ўзи жуда-жуда амал қиларди.
Валижон Ҳакимов, ён қўшни:
-Яхши уйдан яхши тутун чиқади
Мен Ҳабибуллонинг оиласини яхши биламан. Дадаси Йигитали ака кўп вақтлар колхозда ҳисобчи бўлиб ишлаган. Бизнинг уйимиз шундайгина колхоз идораси олдида бўлганлиги учун у кишини тез-тез учратиб турардим. Қолаверса, Йигитали ака гулларга меҳр қўйган, табиатни севувчи инсон эди. Ишдан бўш вақтлари ҳовлиларида турфа гуллар ўстириш билан шуғулланар, уларни бозорга олиб чиқиб сотарди. Мен ҳам гулчилик билан машғул бўлганим боис, у киши билан ака-укадек бўлиб қолгандик.
Йигитали ака ҳисоб-китоб ишларида жуда ҳалолу пок, кишилар ҳақидан қўрқадиган инсон эди. Иш жараёнида бирор колхозчининг у кишидан норози бўлганлигини, ҳатто эшитмаганман.
Менимча, оиладаги ростгўйлик, адолатпарварлик, ишчанлик ва покизалик каби олий хислатлар Ҳабибуллонинг тарбиясида ўз ифодасини топганди. Ахир, халқимиз «яхши уйдан яхши тутун чиқади», деб бежизга айтмаган-ку.
Воситжон Муҳаммедов,
Республикада хизмат кўрсатган журналист:
-Муросасиз журналист эди
Ҳабибулло Ботиров менинг энг яхши шогирдларимдан бири эди. У ўтган асрнинг 60-йиллари охирида олийгоҳни Тошкентда битириб, бизга – «Совет Тожикистони»га ишга келди. Сиёсий жиҳатдан пишиқ, қалами ўткир, ишчан, тезкор, ҳар бир нарсага жиддий боқадиган йигит эди. Ўша пайтлар мен редакциянинг саноат ва транспорт бўлимини бошқарардим. Ҳабибулло шу бўлимда ўз фаолиятини бошлади.
У ёш журналист сифатида долзарб мавзуларни топар ва уларни қиёмига етказиб, газеталарга етказа оларди ҳам. Ҳабибулло ўз мақолаларида республика аҳамиятига эга бўлган муаммоли масалаларга қўл урар ва уларни ҳал этиш йўллари ҳақида ўз қарашларини ҳам баён қила оларди.
Ҳабибулло ҳаётда учраб турадиган айрим нуқсонларга бефарқ қарай олмасди. Лекин унинг танқиди заҳарли эмас, балки даволовчи, хатолардан қутулиш йўлларини кўрсатувчи танқид эди. У танқид қилинаётган кишининг иззат-нафсига тегмас, обрўйини тўкишга ҳаракат қилмас, худди бир дўст мисол камчилигини кўрсатарди, холос. Шу боисдан бўлса керак, Ҳабибулло қалами тиғига учраган кишилар, кўп ўтмай у билан ака-укадай бўлиб кетишарди. Шу борада бир мисол:
…Курортга борган киши дам олиб, саломатлигини тиклайди. Янги-янги дўстлар орттиради.
Курортга ҳордиқ чиқаргани бордим. Орадан икки-уч кун ўтгач, дам олувчилардан икки нафари мени ошга таклиф қилди. Йўқ, дея олмадим. Одамнинг кўнгли нозик. Овқатдан кейин чойлашиб ўтиргандик, ҳалиги янги танишлардан бири менинг иш жойимни сўраб қолди.
Мен «Совет Тожикистони» газетасида ишлашимни айтдим.
-Ие, - деди суҳбатдошим ҳайратланиб, - бўлмаса, Ҳабибуллони танир экансиз-да?
-Таниганда ҳам қандоқ, у менинг шогирдим бўлади, - дедим фахрланиб.
-Лекин ўзи ҳам олийжаноб йигит экан-да, катта газетада ишлашига қарамай, манманликни билмайдиган, маданиятли, аччиқ сўзини ҳам ширин тил билан тушунтирадиган йигит экан. Бир марта колхозимизда бўлди, аҳвол билан танишди, вазиятимиз ноқулайроқ эди, фикрларини айтди. Биз уларни тугатиш пайидан бўлдик. Энг қизиғи шуки, шу воқеадан кейин биз у билан яқин дўсту биродар бўлиб қолдик. Гап танқидни тушуниш, уни мардларча тан олишда, танқид қилган кишидан ранжимасликда, - деди суҳбатдошим – Куйбишев (ҳозирги А.Жомий) ноҳиясидаги колхозлардан бирининг раиси.
Орадан бир-икки йил ўтгач, Ҳабибуллонинг хонадонида катта тўй бўлди. Мен ана шу тўйда – ўша курортда бирга ошхўрлик қилган кишиларни учратиб, уларнинг гапларига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида мен фақат Ҳабибулло билан бирга ишлаган отахон газетачилар билан эмас, балки ёшликдаги бирга ўсган, бир партада ўтириб сабоқ олган ва кейинчалик ҳар ой, ҳар ойда учрашиб, дардлашиб, сирлашиб, ошхўрлик қилиб юрадиган энг яқин дўстлари – таниқли учувчи К. Умаров, маориф соҳаси фахрийси И.Давлатов, собиқ пахтакор, илғор бригадир, бир неча орден ва медаллар соҳиби А.Адимов билан ҳам суҳбатлашдим. Уларнинг ҳар биридан Ҳабибулло ҳақида фикрларини сўраганимда, худди бир-бирлари билан келишиб олишгандай – яхши, ахлоқ-одобли, кишилар ҳурматини жойига қўядиган, бировни бекорга хафа қилмайдиган, лекин ҳақ сўзни устувор туриб ҳимоя қиладиган, йиқилганларни кўтариб турғизадиган йигит эди, дейишди.
Шу ўринда мен ҳам юқорида айтилган фикрлар тасдиғи сифатида «Халқ овози» газетасининг 1992 йил 2 июл сонида босилган ва Ҳабибулло Ботиров қаламига мансуб «Хотиралар дафтаридан» рукни остида берилган «Оғзимизда талқон бор эди (бир шеър тарихи)» мақоладан айрим парчалар келтиришни ўринли деб билдим:
- «Аввало ўша шеър – «Пистафуруш чол»нинг юзага келишидан олдинги бир қуюшқондан чиққан воқеа хусусида, - дея бошланади мазкур мақола. –Коммунистик идеология бутун фронт бўйлаб ҳужумга ўтган саксонинчи йил бошларида рўзномамизнинг муҳаррири, кўплаб журналистларнинг устози, ёзувчи Ҳожи Содиқ Тожикистон Компартияси Марказий комитетидаги айрим раҳбарлар «диди»га ўтирмай қолиб, нафақага узатилди. Муҳарриримизнинг энг катта «хатоси» Марказқўмнинг мафкура бўйича котиби ва бошқа масъул ходимларига ўзининг республика зиёлилари ўртасида пок инсоний фазилатлари билан қозонган обрў-эътибори ила «юк» бўлаётгани эди. Бундан ташқари, Ҳ.Содиқ устидан Марказқўмга бирин-кетин бир хил мазмунда «юмалоқ» хатлар тушаверди.
…Тўғри, устоз ҳам ўз даврининг одами, партия номенклатурасидаги раҳбарлардан эди. Албатта, у даврларда ҳозиргидек ошкоралик ҳам, ўнгу сўлга қарамай ёзишу гапиришлар йўқ эди. Аммо ўз обрўйини тўккан партия ходими-ю, ишини дуруст йўлга қўймаган райком аппаратини танқид қилишдан чўчимас эдик. Чунки муҳарриримиз ёнимизни олишини яхши билардик. Газетада ўша пайтлар ҳар ҳафтада, мана, қарийб 12 йилдан бери йўқолиб кетган 1-2та фелетон чиқарди. Албатта, танқидга учраганлар судга, ўша пайтда суддан ҳам кучлироқ Марказқўмга шикоят қилишарди, турли найранглар ишлатишиб, журналистдан ўч олишга интилишарди. Лекин Ҳожи аканинг принципиаллиги, обрўси бизга нажот берарди.
Хуллас, амалпараст номенклатура мақсадига эришди. «Ўз» одамларини муҳаррир этиб тайинлашди… Партия ҳукумати мафиясининг кучлилигига ўшанда чиндан ҳам қойил қолганмиз. Ахир, ҳеч ким ўйламаган ва ҳатто хаёлининг бир чеккасига келтирмаган кишини Ҳожи Содиқ ўрнига келтириб қўйгандилар. Ҳолбуки, бундан сал олдинроқ шу кишини ишдан олиш масаласи тўғрисида коллективда гап бўлган, аммо устознинг одамгарчилиги яна устун келганди.
Янги бошлиқ ким қандай эканлигини яхши биларди. Аввало, эски раҳбарга яқин одамларнинг шохини эгиб олди. Сўнг шоирларга осилди. Жамшиднинг ўша пайтлардаги куни қурсин. Мана энди ўша кунларни эсга оляпмиз. У пайтлар бировнинг ёнини олиш, биров учун жон куйдириш ўта хавфли эди. Камина ҳам Жамшиднинг «ДПСИ» «Новости» (матбуот агентлиги)дан қилган таржимаси боис муҳаррир ва Марказқўм идеология бўлими мудири биринчи ўринбосари ғазабига дучор бўлибгина қолмай, балки миллатчини ҳимоя қилган кишига айланган эдим.
***
…Ўшанда қаҳрга учраб юрганда, Жамшид шу шеъри («Пистафуруш чол»)ни газетага бермоқчи бўлди. Анчадан бери газетамизда бирорта шеъри чоп қилинмаган, қалам ҳақи олмас, моддий жиҳатдан қийналиб юрарди. Уй-жойи йўқлигидан беш боласи билан ҳужрама-ҳужра кўчиб юрганини ҳамма билса-да, қўлимиз калта эди.
Хулласи калом, шу шеърини чиқаришга шундай иштиёқманд эдики, мабодо уни шундайгина муҳаррир кўрса, Жамшидни ишдан ҳайдаши турган гап эди. Хайрият, шеърини бўлим мудири ҳам ўтказмади. Шеърини мен ҳам ўқиб чиқдим-да, «идеологик ҳушёрлигим» тутиб кетди: Шеърга эътироф тариқасида «чет элда кўрганим, деб қўйишини маслаҳат бердим. Аввалига шунчаки шўхлик учун айтилган гап бўлди-ю, шеър чоп этилди. Жамшид умрида хорижда бўлмаганини ва шунчаки Партия марказий қўмитаси ва уларнинг газетадаги ноиби – муҳаррири кўзини шамғалат қилиш учун эканлигини ҳамма биларди. Оғзимизда талқон бор эди. Ахир, билмас эдикми, кўчаларда ҳар қадамда ночорликдан писта сотиб ўтирган чол ёки кампир борлигини? Билмас эдикми, боласини бағрига босиб, гадойлик қилиб юрган оналарни? Кўрмас эдикми? Албатта, бундайлар фақат хорижда мавжудлигини тан олишимиз ва ўз воқелигимизга тил теккизмаслигимиз керак эди.
Буниси ҳам майлику-я, шу шеър, яъни «Пистафуруш чол» чет элда кўрганим деган эътироф билан 1985 йилда Тошкентдаги «Ёш гвардия» нашриётида чиқарилган «Олтин беланчак»да чоп қилинди. Ҳамма жойда ҳам ўша вақт муҳаррирлар хўрозга ўхшаб, бир хил қичқиришар эди.
Газета тахламларини кўздан кечирар эканмиз, дўстимиз Ҳабибулло Ботировнинг «Ён дафтардаги ёзувлар»и ҳам диққатимизни ўзига тортди ва уларни сиз, азиз газетхонлар билан ўртоқлашишни мақбул деб топдик.
Ҳабибулло Ботировнинг ён дафтаридаги ёзувлар
Кўнгил деразаларини очиб ташланг, янгиланиш, покланиш шабадаси димиққан фикрларни тозаласин.
***
Ҳозир ҳамма танқидга кўникиб қолибди. Мақтовга қандайдир ҳайрат билан қарашади: бекорга таърифламайдилар-ов…
***
Ўтмишни қоралаш мумкин, жамиятни, умуман партияни танқид қилишга йўл очиқ. Қани, конкрет бир шахсга тегиб кўринг-чи?
***
Болалигимни кўраман болаларимда. Болаларим кўрар болалигини болаларида. Шундай ўтар дунё кексаймай.
***
Баъзи кимсаларнинг ўз умрини эмас, амали умрини узайтириш учун қилган ҳаракатларидан ёқа ушлайман.
***
Одамнинг тубан кетишини йиллар давомида кузатасан. Шунинг учун одамга баҳо беришда шошилмаслик керак экан.
***
Бир ўрта-миёна лавозимда ишлаб юрувчи ходим фалакнинг гардиши билан (аслида тоғалари ёрдамида) каттароқ амалга минди-ю, ўзининг ўрнига ҳамтовоғини қўйиб кетди.
***
- Энди сен ҳам кичик одам эмассан, дўппи кийиб юриш ярашмайди, - деб насиҳат қилди у.
***
Беруний айтибди: - Сиз менга болаларингизни, ёшларингизни кўрсатингиз, юртингиз келажаги қандай бўлишини айтиб бераман.
Беруний ҳазратлари тирик бўлганларида, ёшларимизни кўрсатишдан ор қилмас эдик.
***
Сўқир кўздан ёш чиқмайди, лекин сўқир қалбдан алҳазар!
***
Қаҳри қаттиқ одамлар ўзгалар андуҳига чидаш бера олмайди. Бу ожизликми?
***
Инсон меҳнатдагина эмас, шуҳратда ҳам синалади.
Омонбой Жуманов,
Тожикистон Ёзувчилар иттифоқининг С. Айний номидаги мукофоти лауреати.
P.S. мазкур мақола атоқли шоир Ўлмас Жамол ҳаётлик даврида тайёрланган эди. Айрим техник сабабларга кўра, мазкур мақола кечроқ эълон қилинмоқда.
Тожик ва ўзбек халқлари этник нуқтаи назардан бир-бирига шунчалик яқинки, бундай ҳолатни дунёнинг бошқа халқларида учратиш мушкул. Яратган бу икки халқни жаннатмакон диёрда яратиб, кўнгилларига самимий меҳр-муҳаббатни жойлаганки, таърифига қалам ожиз. Биз мана шундай меҳр-муҳаббатга йўғрилган самимийликка Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган икки дўст ва биродар мамлакат раҳбарлари - муҳтарам Эмомали Раҳмон ва муҳтарам Шавкат Мирзиёевлар учрашувида гувоҳ бўлдик.
Муфассал...
ВАТАН СОҒИНЧИ
Соғинч деб аталган соҳир туйғудан,
Қалбнинг яралари мудом ортади.
Сафарларда қолсанг
Узоқ ё яқин,
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015