Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

НАСР

Муаллиф: Super user Категория: НАСР
Чоп этилган 02 Март 2017 Кӯришлар: 2331
Печат

 

turnalar 2017Катта чилланинг ўрталари бўлишига қарамасдан об-ҳаво худди мезонлари осмону фалакларда сайр қилиб юрган куз ҳавосига ўхшаб кетарди. Илмилиқ шабадалар одам юзини сийпаласа-да, гоҳ-гоҳида дайдиб юрган изғирин ўзининг борлигидан дарак бериб, юз-кўзларингни чимчилаб ўтади. Худди шундай пайтларда Абдулла Қодирий таъбири билан айтганда, руҳиятимда бир мажҳуллик пайдо бўлади.

Рости гап, бу ҳолат нимадан эканлигини ўзим ҳам анча пайтгача пайқамай юраман.

Қиш бўлиб, қишга ўхшамаган кунларнинг бирида биродаримиз, таниқли шоир ва мутаржим Абдулло Зуҳурнинг волидаи муҳтарамаси ҳожи онанинг дорил фанодан дорил бақога рихлат қилганлигининг нохуш хабари етиб келди. Аниқроғи, дўстимиз Абдулла Насриддин жаноза соат ўн бирда эканлиги хабарини етказди. Жамоамиздаги йигитлар - Ёқубжон Абдуманонзода, Искандар Маҳмадалиев, Абдулло Саид жаноза намозида қатнашиш учун Абдулло аканинг укаси Иззатуллонинг уйи томон равона бўлдик. Ярим йўлга етганимизда бир шоир акамиз ҳам жанозага биз билан бирга бормоқчи эканлигини айтиб қўнғироқ қилди. Аммо биз йўлнинг ярмига етганимиз учун ҳам, у кишини ўзимизга ҳамроҳ қилолмадик.

Биз марҳуманинг уйига етиб келганимизда, тумонат одам йиғилган бўлиб, одамлар жаноза намозини кутиб туришарди. Кўзим қадрдон акам, ёзувчи Эшмуҳаммад Донохоновга тушди. Эшмуҳаммад ака - том маънодаги ёзувчи. Мен ёзувчининг инсоний табиатини асарларидан бирининг қаҳрамони - Олломуродда кўргандекман. Аканинг афзал фазилати, одамнинг кўзига тик қараб гапира олишидир. Худди шунинг учун, мен у кишини ҳурмат қиламан. Чунки бу хусусият камдан-кам одамга насиб қилади.

Ёшлари бир жойга бориб қолган бўлса-да, қартайганини тан олмай ва ҳасадгўйликни ўзига касб қилиб олгани етмагандек, сеҳру жодуга муккасидан кетган баъзи бир туморпарастлар билан Эшмуҳаммад акани таққосларканман: - Тўни ўзига ярашибди,- деган фикр ўтди кўнглимдан. Кексаликни бўйин олган ва ҳазрат Навоий айтиб кетган кексалик фаслини барча қоидаларига амал қилиб, камтарона умргузаронлик қилаётган Эшмуҳаммад ака - фариштали одам… 

Узоқ-яқиндаги таниш-билишлар ва қавм-қариндошлар келиб бўлгандан сўнг, қишлоқ четидаги бедазорда жаноза ўқиладиган бўлди. Иззатулло аканинг ҳовлиси билан бедазорнинг ораси олисроқ бўлгани учун онахоннинг муборак жасади солинган тобутни бироз  кўтариб боришимизга тўғри келди. Умр бўйи покдомонлик фаслида яшаган ва эл-юрт хизматига камарбаста фарзандларни улғайтирган муслима  онахонларнинг барчаси биз учун муборак зотлардир. Тобутни елкамизга олар эканмиз (елкадош дейилганда, балки шу ҳолат назарда тутилгандир), менинг хаёлимдан ғалати фикрлар кеча бошлади. Шу сонияларда мен ўзимни бошқача ҳис қилардим. Елкамда худди тобут йўқдек сезардим ўзимни. Ўзимча: - "Бу муштипар аёлнинг заррача гуноҳи йўқлигидан тобут шунчалар енгилмикан?" - деган хаёлга ҳам бордим. Дарҳақиқат, тобут шу қадар енгил эдики, мен ўрнимни  бировга бўшатиб бергим келмасди.  Дунёнинг нариги четигача кўтариб бориш имконини берадиган куч пайдо бўлганди менда. Аслида, бундай пайтларда  одамлар савоб олиш мақсадида тез-тез ўрин алмашишади. Урфга айланиб кетган бу одат неча-неча асрлардан буён давом этиб келади. Ўлим бор экан, бу одат яна давом этишига шубҳа йўқ. Бироқ қанча давом этиши - жумбоқ.

 - Хўрозлар фаришталарни кўрса қичқиради, - деган ҳадиси шарифни ўқиганман.

Атроф-жавонибдаги хўрозларнинг қичқириғи авжига чиқаркан, тобут худди ҳавода сузиб бораётгандек туюларди, менга. Биз тобутни ерга қўярканмиз, кўктошлик машҳур Авлиёхон эшонбобонинг ўғиллари қисқача амри-маъруфдан сўнг, жаноза намозига ният қилдилар, биз у кишига иқтидода бўлдик...

Марҳума манзилга қўйиладиган пайт мен қабристондаги одамларга разм соламан: -Уларнинг дилидан  шу дамда нима ўтаётган бўлиши мумкин?- деган ўй хаёлларимни банд этади. Марҳум шоир Шавкат Раҳмоннинг: "Ўлим бирлаштирар бегоналарни…"- деган мисралари шууримда ёруғ из қолдириб, чақмоқдек "ярқ"  этиб ўтди. Тирикларни-да, ўликларни-да ўлим бирлаштираркан, барибир. Демак, ўлимдан қочмоқликнинг иложиси йўқ экан.

Шундай пайтларда ўлимнинг борлигига ҳам шукр қиларкансан, киши.

Оқибатсизлик сари юз бураётган бу дайри-дунда таниш-билишлар билан фақат совуқ маъракаларда учрашиб, ҳол-аҳвол сўрашганингга ҳам шукр.

- Яқинлар орасидан оқибатнинг кўтарилиши қиёмат белгисидир, - дейишарди эски китобларни ўқиган боболаримиз. Биз "ақллилар" уларни эскича фикрлашда айблаб юрган эканмиз...

Энди ўйлаб қарасам, ўзимизнинг ақлсизлигимизу маърифатсизлигимизга ҳам идрокимиз етмаскан.

Раҳматлик устозимиз Асқар Маҳкам билан бу мавзуда кўп суҳбатлашардик. Умуман, Асқар ака билан қайси мавзуда мулоқот қилманг, ундан баҳра олардингиз.

Мен Асқар Маҳкам билан Лойиқ Шералини бир-бирига ўхшатаман. Иккиси ҳам Она мадҳини куйлаб, дунёдан ўтиб кетди. Лойиқ дунёдан ўтганида Асқар ака қаттиқ ўксиган ва куюнган эди. Энди унинг ўзи ҳам йўқ.

Асқар Маҳкамнинг охират сафаридан сўнг, у кишига ўхшаган мард бир шоирни кўрмадим. Балки менга шундай туюлгандир. Билмадим. Асқар акада бошқача бир хислат бор эди.

Асқардан кейин, асқар бўлмоқчи бўлганларнинг бари палағда чиқди. Ер юзидаги бани одамзотнинг бармоқ излари бир-бириникига ўхшамаганидек, минг тақлид қилганинг билан тақдир йўриғи бошқача бўларкан.  Истеъдод ҳам...

Асқар Маҳкам тўғри ва шунга яраша соддадил одам эди, раҳматлик. У кўнглидагисини тилига чиқарарди. У айтган гаплар, қилган хатти-ҳаракатларининг барчаси табиий эди. Шоир сифатида баъзиларга ўхшаб шеър тўқимасди. Цицерон, Камю, Конфуций ва бошқалардан цитаталар ёки эпиграф олиб ўтирмасди. У ёза оларди, ёзганда ҳам, қотириб ёзарди.

Асқар ака, қавм-қариндош, дўсту биродарларига жуда меҳрибон бир инсон эди. У одамларни ажратмасди, табақаларга бўлмасди.

Асқар Маҳкам, мол-дунё, зиёфат ёхуд амал учун дўст тутинмасди.  Дўстлик борасида унга тенг келадигани камдан-кам топилади.

 Ўзининг иркит тўшагини реклама қилаётганларнинг исқирт ҳаётидан баланд турарди Асқар Маҳкам. Асосийси, унда кибру ҳаво йўқ эди. У суҳбатлардан бирида: -Фалончида кибр кучли, - деб қолди.

Учрашувларда қадимий ривоятларни қойиллатиб нақл қилиб юрувчи ва одамлар нигоҳида беш вақт намозини тарк қилмайдиган бу одамда заррача бўлса-да, кибр борлигига шубҳа билан қарагандим, ўшанда. Асқар аканинг сўзларидан сал ранжиганим ҳам рост. Чунки мен у одамни ўзимга жуда яқин олардим. Ака, дердим. Ёшим Асқар Маҳкамнинг ёшини қоралаганда, унинг ҳақ эканлигига заррача шубҳа қилмайман энди. Асқар Маҳкам ҳақ гапни айтиб кетган экан. Бўлар-бўлмасга кўзлари йилтиллаб тургувчи мазкур шахс баъзи бир хатти- ҳаракатлари билан ўзининг асл қиёфасини намоён қила бошлади.

Касб тақозоси ила кўп мавзуларда қалам сурдик. Баъзисидан кўнгил тўлгандек бўлди, баъзиларида эса, мажбурият ҳукмронлик қилди.

Худонинг охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом: -"Ота-она жаннатга кириладиган эшикнинг халқаларидир", - дея марҳамат қиладилар.

Нақадар, буюк сўз!... Биз шу марҳаматга лойиқмизми? Гап ана шунда…

Сир-синоатларга тўла қабристон-сукунат майдони. Сукунатга эш бўлган одам қўл қовуштириб, майин тортиб қолади бунда.

Абдулло аканинг укаси - Иззатулло, онаси ҳаётининг охирги лаҳзаларини армон билан сўзлаб берар экан, ўпкаси тўлиб, тутилиб қоларди. У бу дайри-фанода ўзини волидаи муҳтарамасисиз ожиз ва нотавон ҳис қиларди. Иззатулло онасининг хизматини қилган йигитлардан. Унинг бу ҳолати менга яхши таниш бўлганлиги учун ҳам, уни яхши тушунардим, ҳис қилардим.  Файласуфлар: -Бу дунёда онаси йўқнинг яқин кишиси йўқ, - дейишган экан.

Ким айтган бўлса ҳам, ҳақ гапни айтибди. Қандини урсин. Бани башар ичида онадан кўра меҳрибонроқ зот бўлмаса керак. Унинг меҳрибонлиги шу қадарки, фарзандига бўлган меҳри қуёшнинг ерга тушган тафтига нисбатан кучлилик қиларкан…

Мен ҳар гал қишлоққа - уйимизга борганимда, раҳматлик онам жуда хурсанд бўлиб кетарди. Ўзини қўярга жой тополмасди. Атрофимда гиргиттон бўлар, юз-кўзим, бошларимни силарди. Меҳрибонлик кўрсатарди.

- Қорнинг тўқми? - дерди. Унинг қўллари шу қадар майин ва жонсўз эдики, мен онам бу дунёни тарк этганларидан сўнг, бундай меҳрибон ва сеҳрли қўлни учратмадим. Бунинг ўрнига, бағримни соғинч парчалаб ташлайди. Онажонимни соғинаман. Мозорга унинг қабри зиёратига борган чоғларим бошқа қабрларга ҳам разм соламан, кўзимга онамнинг қабри чиройли бўлиб кўринади. Парвардигордан онамни ва тарихга айланган онажонлар қабрини мунаввар қилишини ёлвориб сўрайман.

Дарвоқе, баҳор келди. Баҳор қабристонлардан бошланади, дейишади. Ишонмасангиз, қабристонга боринг, яқинларингизни зиёрат қилинг, ўзингиз гувоҳи бўласиз.

Мен гўдаклигимда баҳор келганлигини онамдан билиб олардим. Осмондан турналар учиб ўтганида, онам турналарга боқаркан: - "Баҳор келибди", - дердилар. Турналар қайтган маҳаллар мақоми ва қадри осмонлар қадар юксак онамнинг сўзлари эсимга тушади. Баҳор келибди…

Хуш келибсан, эй - гуллар ва яшиллик олами!

 

Эркин ШУКУР. 

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Лимонзорлардаги қут-барака

 

Вахш водийси лимон етиштиришда республикамизнинг бошқа минтақаларидан фарқ қилади.

Бир неча ўн йиллар муқаддам лимон етиштиришда водийнинг саховатли ҳамда танти халқи республикамиз миқёсида етакчи мавқени қўлга киритган эди. Фуқаролар уруши ва унинг мудҳиш жараёнлари туфайли лимон етиштириш суръати кескин равишда пасайиб, соҳага эътибор бериш ёддан кўтарилиб кетди,

Муфассал...

ТИТП бўлими собиқ раиси: "ЙЎЛИНИ ЙЎҚОТГАН КАБИРИЙНИНГ ОРТИДАН БОРМАНГ, ОҚИБАТИ ПУШАЙМОНЛИКДИР"

 

Хориждан Ватанга қайтган ТИТПнинг А. Жомий ноҳиясидаги бўлими собиқ раиси Талбак Рустамов билан суҳбат

- Талбак ака, Ватанга қайтганингиз  билан табриклайман. Менимча, қайтганингиздан оилангиз ва фарзандларингиз ҳаммадан ҳам кўпроқ хурсанддир…

- Энг аввало, ўзим хурсандман. Оиладан йироқлик, кўп машаққатлар, оғир

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1991210

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7478945
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
4873
4027
22558
7426653
100589
114875
7478945

Сизнинг IPнгиз: 18.226.17.210
Бугун: 23-11-2024 17:59:01

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015