Азиз ватанимиз истиқлолиятга эришгандан сўнг, барча соҳаларда илгари силжишлар, ривожланиш юз бериб, порлоқ келажак сари шахдам қадамлар ташланди. Давлатимиз ва республика Ҳукумати бошчилигида мустақиллик даврида эришилган муваффақиятлар сифатида "Сангтўда-1", "Сангтўда-2", "Помир-1", Роғун ГЭСлари, "Душанбе-2" иссиқлик узатиш маркази, "Қўрғонтепа-Кўлоб" темир йўли, «Қулма-Қароқурум» автомобил йўллари,
"Анзоб", "Истиқлол", "Чормағзак" ва "Шар-Шар" туннеллари қурилишлари давлатимизни дунёдаги буюк мамлакатлар даражасига кўтарганлигини эслатиб ўтиш мавридлидир.
Республиканинг коммуникацион қамалдан чиқиши ва тўлиқ энергетик мустақилликка эришиши йўлидаги саъй-ҳаракатлари қадамма-қадам ушбу эзгу ниятлар сари элтаётгани, шунингдек, Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг Роғун ГЭСини қуриш ташаббуси ҳамма ташкилоту муассаса, вазирликлар ва бутун аҳоли томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланганлиги - ҳақиқат. Чунки шу йўл билан мамлакатимизнинг коммуникацион боши берк кўчадан чиқиши, энергетика соҳасида мустақилликка эришиши мумкинлигини муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон бошлиқ республика Ҳукумати англаб етиб, бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Худо хоҳласа, ушбу ГЭС қурилиши, нафақат, Тожикистон, балки қўшни мамлакатларни ҳам чароғон айлаб, халқнинг ижтимоий ҳаётини яхшилашга хизмат қилиши турган гап.
_______________________________________
Мамлакат Ҳукумати гидроэнергетика захираларини миллий бойлик, деб ҳисоблайди. Шу боисдан, биз сув орқали олинадиган энергия соҳаси тараққиётини ўз фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бири сифатида билиб, халқаро шерикларимиз билан ҳамкорликда энергетика иншоотларини таъмирлаш, қайта қуриш ва қуриш ишларини давом эттирамиз.
Э. Раҳмон.
________________________________________
Тарихга назар солсак, республикага Давлат бошлиғи этиб сайланганидан унча кўп вақт ўтмай, 1993 йилдаёқ Норак ГЭСига илк сафарларидан бирида муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон ГЭС ишчилари билан суҳбат ўтказар экан, улар руҳиятини кўтариб, мамлакат энергетика соҳасининг келажаги порлоқ эканлигини башорат қилганди ва республика Ҳукумати уларнинг меҳнатини қадрлашини ҳам айтиб ўтганди.
Истиқлолиятнинг дастлабки йилларида мамлакатда электр энергияси тақчиллиги муаммосини ҳал этиш ва ўзгаларга бу борада қарам бўлиб қолмаслик учун ҳам, мазкур йўналишда жиддий ва устувор қадамлар ташланмоғи лозим эди. Шу боис, Давлат раҳбари дастури билан Норак ГЭСи қайта таъмирланиб, камчиликлар тўлиқ бартараф этилди.
Давлат бошлиғининг мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида энергетика соҳасига бўлган ғамхўрлиги ва узоқни кўзлаган сиёсати натижаси ўлароқ, қийин лаҳзаларда ҳам эсанкираб қолмадик.
Шундай қилиб, Роғун ГЭСи ҳақида тўхталиб ўтишни ният қилдик.
Ўтган асрнинг 70-йилларида собиқ СССР раҳбарияти Совет Иттифоқи турли минтақаларининг кейинги ривожу равнақи программасини яратар экан, Тожикистон Совет Социалистик Республикасини электр энергияси ишлаб чиқарувчи минтақа сифатида белгилагани, бежиз эмас. Зеро, ҳудудининг қарийб 93 фоизини баланд тоғлар ва зилол сувли дарёлар ташкил этган бу диёр гидроэнергетик иншоотлар қурилиши учун жуда мос эди.
Ўлкада катта-кичик дарёларнинг кўплиги туфайли гидроэнергетик захирага бойлиги жиҳатдан ҳам Тожикистон, нафақат, минтақада, балки дунёда юқори поғоналарни эгалларди. Шу боис, ўша пайтдаги Иттифоқ раҳбарияти ва айниқса, Ўзбекистон Коммунистик Партияси Марказий Комитети биринчи Котиби Шароф Рашидов ҳамда Туркманистон Коммунистик Партияси Марказий Комитети биринчи Котиби Муҳаммедназар Гапуровлар ташаббус ва ризоликлари билан Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилиши бошланган эди.
Ва мазкур иншоот қурилиши учун Совет Иттифоқининг 40дан зиёд лойиҳакашлик институтлари жалб қилинган бўлиб, Тошкент "Гидропроект" лойиҳа институти эса, ушбу тадбирда ғолиб чиқиб, тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Роғун ГЭСи лойиҳаси, айнан, ушбу институт лойиҳачилари томонидан чизилганди.
Роғун ГЭСининг дастлабки бошлиғи Савченков Николай Григоревич сўзларига кўра, режага мувофиқ мазкур иншоот 1991 йилда қуриб битказилиши ва минтақани нур билан таъминлаши лозим эди.
Аммо Совет Иттифоқи тарқалиб кетиши ортидан мустақил давлатларга айланган собиқ социалистик республикаларда юз берганидек, Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилиши ҳам турли сабаблар туфайли тўхтаб қолди.
Н. Г. Савченковнинг айтишича, кейинчалик "Хайрок холдинг лимитед" компанияси, Покистон давлати ҳамда Россия Федерацияси томонидан бошланган ишни охирига етказиш нияти билан мурожаатлар бўлган. Бироқ баъзи масалаларда бир тўхтамга келинмаганлик туфайли, ишда силжиш юз бермади.
Россия номидан иш олиб бораётган "РусАл" ширкати раҳбари Дерипаска меркантил (ўз манфааатини кўзлаш) усулни қўлламоқчи бўлди. Миллий манфаатни юксак санаган Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари эса, Дерипаска билан ҳамкорлик қилишни истамади. Зеро, унинг учун давлат ва миллий манфаат биринчи навбатда турарди.
Бир муддат ўтиб, Тожикистон халқи талаби билан Роғун ГЭСи қурилиши қайтадан бошлаб юборилди.
Бироқ мазкур ГЭС қурилишига қаршиликлар ҳам вужудга келди. Шунда Тожикистон Ҳукумати катта бунёдкорлик ишлари давом этаётган Роғун ГЭСи иншоотини ўз кўзлари билан кўриб, ҳамма томонлама ўрганишиб хулоса беришлари учун халқаро экспертларни таклиф этди.
Алқисса, ГЭС тўғони ва бошқа катта-кичик сабабларни важ қилиб кўрсатганларга жавоб ўлароқ, Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳаси бўйича экспертлар гуруҳининг якуний ҳисоботини эълон қилган Жаҳон банки бундай тўғон қурилишини техник жиҳатдан амалга ошириш мумкинлиги, унинг экологик ва ижтимоий оқибатлари эса, керагича юмшатилиши лозимлигини қайд этди.
Жаҳон банки ҳисоботига кўра, Роғун ГЭСи лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланиши бўйича тадқиқот Франциянинг Coyne et Bellier, Италиянинг Electroconsult ва Буюк Британиянинг IPA ширкатлари консорциуми томонидан ўтказилган. Бунга параллел равишда Швейцариянинг Poyry Energy Ltd. ширкати лойиҳанинг экологик ва ижтимоий таъсирини баҳолаган.
Ҳисобот муаллифлари лойиҳанинг ижобий жиҳатлари билан бир қаторда, ёз пайтида дарё қуйисида сув ҳажми камайиб кетиши эҳтимоли йўқлигини, сув ГЭС қурилгандан кейин ҳам қуйи минтақаларга етиб боришини айтиб ўтишди.
Шундай қилиб, Жаҳон банки ҳамда Франция, Италия, Буюк Британия, Швейцария экспертлари ГЭСни обдон ўрганишиб, бу ерда ГЭС қуриш мумкинлигини тасдиқловчи хулоса берди.
Шундан сўнг, жуда кўп давлатлар мазкур аср иншоотини қуриш истагини билдиришди. Аммо ушбу ГЭСни қуриш бахти тендер орқали ғолиб бўлган Италиянинг "Салини Импрежило" компаниясигагина насиб этди.
Шундан сўнг, Роғун ГЭСи майдонларида бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда амалга оша бошлади. 2016 йилнинг 29 октябрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг шахсан ўзи ГЭС тўғони қурилиши ишларини бошлаб берди.
Ҳа, ўшанда - 2016 йилнинг 29 октябри куни дунёдаги энг катта тош-шағал тўғони - Роғун ГЭС қурилишига старт берилганди. Унда Миллат пешвоси Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари шахсан ўзи булдозер рулига ўтириб, эрталабки соат 10:00дан 11:30гача, яъни бир ярим соат Вахш дарёси бўйлаб шағал сурди ва шу тариқа тожик халқи учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Роғун ГЭСи қурилишини бошлаб берган эди.
Бир ярим соат давомида булдозер рулини бошқарган Давлат раҳбари иншоот қурувчиларига ўрнак-намуна бўлди. Бу лаҳзаларни ойнаи жаҳон орқали томоша қилган бутун Тожикистон халқи қалбида ифтихор ҳисси уйғонгани, айни ҳақиқат.
Давлат сарвари ҳамиша таъкидлаб келганларидек, аср иншооти номини олган мазкур ГЭС - муҳим стратегик объектнинг қурилиши ва қайта тикланиши бугунги ҳамда келгуси авлод вакилларининг муносиб ҳаёт кечиришларига замин ясайди ҳамда мамлакат иқтисодиёти ва умуман, халқ хўжалигидаги барча соҳалар ривожи учун қулай шароит яратади. Шунингдек, ГЭС эксплуатацияси мамлакатда тўлиқ энергетик мустақилликка эришиш борасидаги стратегик мақсадга эришиш демакдир.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, Душанбе шаҳридан 110 километр узоқликдаги Роғун шаҳри яқинида жойлашган ГЭС ҳар бирининг қуввати 600 мегаваттни ташкил этувчи олтита агрегатдан иборат бўлади. Станция тош-шағал тўғонининг баландлиги эса, 335 метрни ташкил этади. Роғун ГЭСи 3600 мегаватт (йилига 17 миллиард киловатт/соатдан кўп) электр энергияси ишлаб чиқариш билан минтақада энг йирик ГЭС саналади.
2017 йилнинг 10 майида муҳтарам Президентимиз иш суръати билан яқиндан танишиш ниятида Роғун ГЭСига борди. Ўшанда, тўғон қурилиши ишлари 75 фоизга бажарилган, айни вақтда, станциянинг икки агрегатини ўрнатиш ишлари олиб борилаётган эди.
Роғун ГЭСи қурилиши суръатини кўздан кечирган Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари қурувчилар ишини яхши баҳолаганди. Бундан руҳланган қурувчилару мутахассислар иш суръатини янада оширишга ваъда беришди.
Минтақада ҳам эндиликда "Роғун" масаласига ижобий назар билан қараладиган давр яқинлашмоқда эди. Ушбу аср иншооти қуриб битказилса, бундан барча манфаат топиши англашилиб, бу борада вазият анча мўътадиллаша бошлаганди. Айниқса, бу ҳолни Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) таҳлилчилари ижобий баҳолашди. Улар фикрича, қўшнилар билан муносабатларнинг нормаллашуви ГЭС қурилиши суръатини янада ошириб, дастлабки агрегатни жорий йил ноябр ойларигача топшириш эҳтимолини вужудга келтиради.
"Тожикистон Ҳукуматининг Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш бўйича режалари қўшимча турткиларни олди. Тожикистон-Ўзбекистон муносабатларининг нормаллашуви ҳамда халқаро капитал бозорида 500 миллион долларлик маблағлар жалб этилиши италиялик пудратчига, нафақат, жадвалдаги фарқни йўққа чиқариш, балки Роғун ГЭСининг биринчи навбатини 2018 йил охирида якунлаш имконини беради", - дейилади ЕОТБ бош иқтисодчиси гуруҳининг макроиқтисодий таҳлилида.
Мазкур ГЭС масаласи, нафақат, хориж, балки мамлакатда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳам доимо қизиқтириб келган. Жорий йил бошларида ўтказилган матбуот конференциясида ҳам ушбу масалага оид савол берган журналистларга Тожикистон энергетика ва сув захиралари вазири Усмонали Усмонзода Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар бажарилаётгани, гидростанциянинг биринчи агрегатини жорий йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилаётганини хабар қилганди.
Вазирнинг сўзларига кўра, барча пудрат ташкилотлари гидроэлектростанциянинг биринчи агрегатини белгиланган муддатда, яъни жорий йилда ишга тушириш мажбуриятини олган.
-Биз мамлакат раҳбариятининг лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш бўйича топшириғи бажарилишига ишонамиз, - дея таъкидлаб ўтганди вазир Усмонали Усмонзода.
Жорий йил феврал ойи бошларида муҳтарам Президентимиз "Салини Импрежило" компанияси раҳбари Пиетро Салинини қабул қилиб, у билан муҳим гидроэнергетик иншоотдаги қурилиш ишлари даражаси ва сифати юзасидан фикр алмашган, лойиҳа ишларининг ўз вақтида бажарилишини муҳокама этган эди.
Роғун ГЭСи тўғони қурилиши пудратчиси "Салини Импрежило" (Salini Impregilo) компанияси объект қурилишида лойиҳа ишларини бажариш бўйича керакли чора-тадбирларни кўриш ҳамда уларни ўз вақтида ва юқори сифатда якунлашга ваъда беради.
Шундан сўнг, "Салини Импрежило" (Salini Impregilo) компанияси раҳбари Пиетро Салинининг журналистларга маълум қилишича, Роғун ГЭСининг биринчи агрегати 2018 йилнинг 16 ноябр куни ишга туширилади.
"Мен бугун Роғун ГЭСи қурилиш майдонида бўлдим ва ҳурматли Президент Эмомали Раҳмонга бу сафар натижалари ҳақида ҳисобот бердим. Айтишим керакки, қурилиш майдонида ишлар яхши кетмоқда ҳамда унинг алоҳида участкаларида кўплаб қурувчилар меҳнат қилмоқда. Мени қурилиш ишларидаги муваффақиятлар қувонтирди. Давлат раҳбарига Роғун ГЭСнинг биринчи агрегати жорий йилнинг 16 ноябр куни ишга туширилиши ҳақида ваъда қилдим", - дея маълумот берган эди Салини.
Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва Покистон давлатлари ўртасида битилган улкан СASA-1000 лойиҳаси иштирокчи давлатлар бир қатор иқтисодий-ижтимоий, экологик манфаатларини ҳимоя қилиб, энергетик тақчилликка барҳам бериш, иштирокчи давлатлар учун янги иш жойлари ташкил этиб, энергетик муаммолар ҳал этилишида фойда бериши ҳақида ҳам бугунги кунда ишончли гап-сўзлар мавжуд.
Ушбу лойиҳа Тожикистон ва Қирғизистон учун ўзида мавжуд энергияни экспорт қилиш имконини беради.
Тожик энергетикасининг бу ва бошқа муваффақиятлари, айнан, Давлат бошлиғи, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон Жаноби олийлари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлангани учун ҳам бугунги иқтидорига етди. Айни замонда мамлакатимиз тўлиқ электр тақчиллигидан чиқди, республикамизда электр энергиясига қўйилган чеклов олиб ташланди. Худо хоҳласа, яқин йилларда Тожикистон қўшни мамлакатларга энергия экспорт қилувчи мамлакатларидан бирига айланажак!
… Суратчи мухбиримиз Нарзулло Нурбобоев ҳамроҳлигида нурчилар шаҳри - Роғундан қайтар эканмиз, кўнглимдан шулар кечди. Роғундан Файзободгача ястаниб ётган қир-адирлару сайҳонликларга оппоқ қордан гиламлар тўшалган. Ўзгача файз, ўзгача сокинлик бахш этаётган ушбу манзара руҳиятимизда ажиб бир илиқлик уйғотгани ва яқин келажакда улкан аср иншооти номини олган Роғун ГЭСи агрегатлари тўлиқ ишга тушиб, нафақат, азиз Тожикистонимиз, балки бутун минтақани арзон электр энергияси билан таъминлашига ишончимиз ортди.
Дарвоқе, ён ва жон қўшнимиз Ўзбекистон билан бурунгидек, ёз палласида 1,5 миллиард киловатт электр энергия бериш иқтидоримиз борлиги ҳақида гап-сўзлар бўлиб ўтмоқда. Ушбу хабар бир томондан энергетик иқтидоримизнинг ошиб бораётганидан дарак берса, иккинчи томондан, биз ҳамиша яхши қўшничилик тарафдори бўлиб келганимиз ва ҳамиша шундай бўлиб қолишини англатади! Бир сўз билан айтганда, асримизнинг ушбу улкан иншооти, нафақат, нур кони, балки дўстлик ришталарини боғловчи манба эканлигига шубҳа йўқ.
Абдулло Саидов, "Халқ овози".
Ўзбек ва тожик халқларининг дўстлиги узоқ тарихий илдизларга бориб тақалади. Бу икки қондош, жондош бўлган халқ бир дарёдан сув ичиб, бир ҳудудда яшаб, бир қориндан тушган оға-инилардек эт билан тирноқ бўлиб кетишган. Бу икки қадимий халқнинг урф-одатлари, расм-русумлари, миллий анъаналари шундай умумлашиб кетганки, уни асло фарқлаб бўлмайди. Мирзо Турсунзоданинг қадрдон дўсти академик шоир Ғафур Ғулом бу икки ажойиб
Муфассал...
Дариғо, кўп йилким тўкилади қон,
Мусулмон давлатлар аро беомон.
Гуноҳсиз мусулмон сақлаш учун жон,
Мусулмон бўлмаган юртларга томон,
Мусулмон юртлардан қочар мусулмон.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015