Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг таклиф ва ташаббусини қувватлаб, ўтган йил декабр ойида яна бир ўн йилликни сув йили, деб эълон қилгани мамлакатимиз сарварининг нуфузи, обрў ва эътибори халқаро майдонда алоҳида ўрин, мавқе кашф этганини кўрсатди.
Бу маъқулланиш 2003 йилдаёқ катта минбардан туриб сув масаласини жаҳон миқёсида дадил кўтариб чиққан ва халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланган ташаббуснинг давоми, десак ҳеч бир хато қилмаган бўламиз. Ана шу ташаббус асосида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2005-2015 йилларни «Сув - ҳаёт учун» тоза сув халқаро амалиёти ўн йиллиги, дея қарор қабул қилган эди. Бу сафар яна ана шу халқаро нуфузли ташкилот навбатдаги 2018-2028 йилларни «Сув устувор тараққиёт учун» халқаро амалиёт ўн йиллиги, деб эълон қилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 177 мамлакат имзо чеккан ҳаётан муҳим, жаҳон аҳамиятига молик қарорнинг ташаббускори яна Президентимиз бўлди. Нуфузли халқаро ташкилотнинг Давлатимиз сарвари таклифини қўллаб-қувватлаши ҳурматли Президентимизнинг саъй-ҳаракати, жонбозлиги, қолаверса, барқарор ва изчил сиёсатининг тантанасидир. Кўнгилларга ҳузур ва сурур, ғурур ва қувонч, фахр ва ифтихор туйғуларини олиб кирган бу хушхабар давлатимиз сарварининг Олий Мажлисга Паёмида биринчи шахс томонидан айтилганда, фақат залдагиларнигина эмас, балки оинаи жаҳон қаршисида ўтириб, ушбу кўрсатувни томоша қилаётган минг-минглаб ватандошларимизни тўлқинлантириб юборгани ҳеч кимга сир эмас. Бир зумда муҳит узра қанот ёзиб, кўнгилларни хушнуд этган бу тоза хабар акс-садоси пиру барно - барчани, яйловдаги чўпонни ҳам, даладаги деҳқонни ҳам, миришкор боғбонни ҳам, боғча боласи ва академикни ҳам қувонтириб, юрагига севинч ҳисларини олиб кирди. Ўз Президентидан, ўз Пешвосидан, шундай ватанда яшаётганидан ифтихор, шукрона ҳис-туйғуларини олиб кирди. Жаҳон бўйлаб неча миллионлаб одамлар бир томчи, бир қултум сувга зориқиб яшаётган ҳозирги замонда бизда сув сероб, мўл ва фаровонлиги учун шукроналар бўлсин. Зар, дуру гавҳар билан ўлчаб бўлмайдиган, ундан-да қимматлироқ, ундан-да азизроқ, ундан-да бебаҳороқ бўлган сувга эҳтиёж кун сайин, соат сайин ошиб бораётган бир пайтда Тожикистон, деб аталмиш гўзал ўлкамиз, ҳур ва озод диёримиз Пешвосининг ташаббуси билан халқаро миқёсда бир эмас, икки ўн йиллик сув йили, дея қабул қилинаётганидан шукрона, ифтихор ҳисси билан яшаш нақадар завқли, нақадар фараҳбахш!
Давлатимиз раҳбарининг жаҳон аҳли диққатини ҳушёрликка чорлаб, сув масаласига қаратгани, бу масалага катта эътибор бериш зарурлигини таъкидлагани бежиз эмас, албатта. Бу таъкид замирида ўз ғамини эмас, ўзгалар ғамини ейиш, эл ғами билан яшаш, қайғудошлик, куюнчаклик оҳанглари бор. Чунки жаҳонда молиявий-иқтисодий инқироз рўй бераётган, аҳоли жадал ўсаётан, иқлим ўзгараётган, кутилмаган об-ҳаво туфайли кўнгилсиз ҳодисалар юзага келаётган ҳозирги шароитда тоза сувга эҳтиёж катта муаммога айлангани ҳеч кимга сир эмас. Она сайёрамизда рўй бераётган бу ўзгаришлар туфайли, камбағаллик даражаси юқорилаётгани, юқумли касалликлар, оналар ва болалар ўлими кўпаяётгани ҳам ҳаммага маълум. Президентимиз ана шу муаммоларни олдиндан кўриб, сув Форумида сўзлаган нутқида бу масалани яна ўртага ташлагани эл ғами билан яшашдан кўра ортиқроқ бахтнинг йўқлиги тушунчаси моҳиятини ёрқин, аниқ ва равшан ифодалаб турибди. Беихтиёр ҳазрати Навоийнинг: - «Одами эрсанг демагил одами, ониким йўқ ҳалқ ғамидан ғами», - деган қуйма сатрларини эсладим. Гўё бу сатрлар Президентимизнинг саъй-ҳаракатида, олийжаноб фазилатида мужассамлашгандек эди. Бу ташаббус замирида дунёнинг кўп жойларида одамлар ташна ва чанқоқ яшаётган, ҳамма сувга талпинаётган, сувга интилаётган ўлкалар тақдирига қайғудошлик оҳанглари бор.
Ҳа, сув масаласи жўнгинамас, балки жаҳоний масала. Чунки сув инсон учун зарур бўлган тўрт унсурнинг бири. Ҳаёт тўрт унсур, яъни тўрт элемент – олов, сув, ер, ҳаводан ташкил топган. Шулар бўлмаса инсон яшай олмайди. Шунинг учун ҳам, боболаримиз бу тўрт унсурни муқаддас ҳисоблаганлар, иймон ва эътиқод даражасига кўтарганлар.
Аждодларимиз эрамиздан аввалги биринчи минг йиллик бошларида умуминсоний аҳамиятга молик нодир асарлардан бири ҳисобланган муқаддас китоб «Авесто» таълимотининг негизини ҳам ана шу тўрт табиий элемент ташкил этади. Улар бу нарсани буюк қадимий юксакликлардан илгари тушуниб етганлар ва табиат ҳамда инсон моҳияти ҳақидаги таълимотни ривожлантирганлар. Табиатнинг тўрт унсури – сув ва оловга, шамол ва ерга сажда қилиб келганлар. Вахш дарёси соҳилларидаги, Қабодиён ноҳиясидаги Тахтисангин ёдгорлиги, қадимий Панжакентдаги қазилмалар, ер ости сув йўллари шу ҳақда гувоҳлик беради.
Бизнинг яшамоғимиз учун, энг аввало, ер, қуёш, ҳаво билан бир қаторда сув ҳам зарур. Чунки сув – ҳаёт манбаи, ризқ-рўзимиз, тирикчилик манбаи. Сув - инсон, наботот, парранда-ю ҳайвонот ҳаёти асоси. Сувсиз ҳаёт йўқ. Ер юзидаги барча мавжудот - ўсимликдан тортиб қурт-қумурсқагача сув билан тирик. Сув бу тўкин-сочинлик. Демак, ҳаётнинг мавжудлиги учун сув жуда зарур экан.
Қуръони Карим «Муъминун» сурасининг 18-оятида шундай таъкид бор: «Биз осмондан (аниқ) ўлчов билан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, уни ерга жойлаб қўйдик ва Биз уни кетказишга ҳам, албатта, қодирмиз».
Қуръони азимуш-шаъннинг «Анбиё» сураси, 30-оятида эса, шундай дейилади: - «Барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми? Энди ҳам имон келтирмайдиларми?» (у инкорчилар).
Тириклик таърифи илмда тез-тез учраб турибди. Тириклик - ҳаёт аломати. Юқоридаги оят барча тирик мавжудот сувдан вужудга келганини англатади. Агар биз бу иборани сидирғасига шарҳласак, сув – бу ҳаёт дегани, жамики мавжудот сув билан тирик, дегани. Модомики, оят барча мавжудотни сувдан пайдо қилдик, дер экан, у жуда аниқ-тиниқ яратилиш мўъжизасини айтиб бераётир. Жуда қизиқарли бир шаклда сувнинг тамал ролини кўрсатмоқда. Бинобарин, тириклик сувдан пайдо бўлар экан, ҳаётни сувсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Ҳақ-Таоло ҳамма моддий нарсалар қатори оддий бирикма ҳисобланиши керак бўлган сувга нечоғлик мўъжизалар ато этганини ҳеч вақт эсдан чиқармаслигимиз лозим. Бир кимёвий бирикма ва физик ҳодисанинг ўз хусусиятига эгалиги ва айни чоғда илоҳий бир лутфга муяссар бўлганлиги маънавий қийматга эга бўлган сирдир. Сув шундай мўъжиза неъмат ва у азиздир.
Оқар сувлар илгаридан қаттиқ назорат остида бўлган, соқчилар қўйилиб, сувнинг мусаффолиги таъминланган, исроф қилувчилар, беҳуда сарфловчилар эса, жазоланган. Ҳашар йўли билан сув бўйлари, анҳорлар, ариқ-зовурлар, каналлар тозаланган. Боболаримиздан мерос бўлиб келган бу яхши удумга амал қилиш тоза сувга талаб ва эҳтиёж ошиб бораётган бугунги кунда ҳар қачонгига қараганда зарурроқ бўлиб қолди. Бу иш мироблар, сув тақсимловчилар, сувга мутассади шахслар, маъмурий ва ҳуқуқий органлар олдида турган галдаги вазифалардир, албатта. Сувга нисбатан қаттиққўллик, жавобгарлик, масъулият ҳис этилган жойда, виждон буйруғига амал қилинган, инсоф ва диёнат бўй кўрсатган жойда исрофгарчилик, тартибсизлик, бузғунчилик йўли тўсилади. Сув булғанмайди, дарё ва ариқ қирғоқлари ахлат, супуринди, чўп-хасдан мосуво бўлади. Табиат инъоми ҳамма замонларда бўлгани каби бугун ҳам ардоқланмоғи, кўз қорачиғидай асралмоғи зарур. Ҳаёт талаби, давр талаби, замон талаби, қолаверса, Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти умумий мажмуасининг «Сув устувор тараққиёт учун» резолюцияси талаби шундай!
Сув фақат ичимлик сифатидагина эмас, балки экин-тикиннинг қони, сув билан ер яшнаши, обод бўлиши, чўллар боғ-бўстонга айланиши билан ҳам қадрлидир. Шунинг учун ҳам: - Агар сувни хор қилсанг, оқибат у ҳам сени хор қилади, ер - хазина, сув - гавҳар, сувга бой юртнинг эли бой, - дейди халқимиз. Инсон ерни суғориб, ўз ризқини яратиши, ер сувдан тўймагунча эл тўймаслиги, ер юзини сув очиши азалдан маълум. Шундай. Сув – бу табиатнинг текин, беминнат ва улуғ неъмати. Боболаримиз бу ҳикматнинг мазмунини яхши тушуниб етганлар, сувнинг ҳар бир қатрасини эҳтиётлаб, мисқоллаб сарфлаганлар. Сувнинг исроф бўлишига, ифлосланишига йўл қўймаганлар. Халқимиз: - Қанча еринг бор? - деб сўрашмайди. - Суғориш учун сувинг борми? - деб сўрашади. Чунки сув она еримизни яшнатувчи бебаҳо бойликдир. Сувга ҳурматсизлик қилганларни халқимиз «Сувни ҳаром қилгунча ҳаром ўл», «Илоҳим, боғинг кўкармасин, ҳовлингга бораётган сувинг қурисин» , «Косанг оқармасин», деб қарғаганлар. Яхши инсонларни эса, «Афтидан бу қишлоқда яхши кишилар яшайди. Шунинг учун, сувлари тоза ва мазали», деб мақтаганлар, улуғлаганлар.
Бешкент воҳасида бир чашма бор. Чилучорчашма, деб аташади уни. Ҳар сафар ана шу чашма тўғрисида ўйлаганимда, онажонимнинг сув тўғрисидаги ҳикоялари ёдимга тушади. Бу ҳикоятларда сувга, чашмага муҳаббат оҳанглари бор…
-Кўзага эҳтиёт бўл!
Бу онамнинг ягона хоҳиши эди. Бобомерос бу кўза уйимизнинг энг ноёб буюми ҳисобланар, кўзадаги сувни онам азиз этиб асрар, ноёб дори каби бир қултум, бир қултум ичарди.
Кейин билсам, кўзага ҳамиша Чилучорчашмадан сув келтирилар экан.
Болалигимда кўп эртак эшитганман. Уларнинг анчаси сув ҳақида. Ҳийла ишлатиб, ёвуз аждарни ухлатган ва чашма сувидан қишлоқ аҳлини баҳраманд этган доно қиз ақл-заковати, бир қултум сувга кўз гавҳарини нодон дўстга ҳадя этган хайр-саховати, ўзларига, ўз ерларига, ўз қишлоқларига ҳаёт суви келтириш учун курашга бел боғлаган Фарҳоди кўҳканга ўхшаш ариқ қазиб, сув чиқарган паҳлавонлар жасорати мени ҳайратга солар, шуларни ўйлаганим сайин, сувнинг нақадар муқаддас эканлигига иймон келтираман.
Мана, бугун яна чашма ҳузуридаман. Онагинам мириқиб-мириқиб ҳўплаган сувдан бир қултум сипқораман. Майин тўлқинларига соғинч ҳиссиёти ила қуруқшаётган лабимни босаман, бет-қўлимни юваман. Беихтиёр ойимнинг: - «Кўзага эҳтиёт бўл!» - дея такрор-такрор таъкидлаганларини эслайман. Кўзада сақланадиган сувнинг нима учун онамга бунчалик азиз бўлганлигини англагандай бўламан…
Ўттизинчи йиллар ноҳақ таъқибга учраганлар орасида бобомлар, тоғамлар ҳам бўлган. Етим ўсган муштипар онам кўп қатори туғилган юрти Қабодиённи тарк этиб, кўздан пана дашту биёбонларда ҳаёт кечирган. Онам яшаган ерни Қорабалчиқ деб аташади. Эсанбойнинг чекка бир қишлоғи бўлган бу мавзеда ҳозир одам зоти яшамайди. Мен ана ўша харобада туғилганман. У ерда зардан кўра қултум сувнинг қадри баланд бўлган экан…
Саратоннинг сармаст палласи. Қуёш атрофга олов пуркамоқда. Онам оғир дард қабзасида тўлғанар, дўхтирлар дориси кор қилмас эди. Оғир-оғир нафас олаётган бемор волидам кўзага ишора қилиб: - Бир қултум сув, - деб қолди. Чашма сувидан бир қултум ичган онам кўзларини зўрға очар экан, сўниқ овозда:
-Шукр! Кўнглимда армон қолмади, - деди.
Бу онамнинг сўнгги сўзи эди.
Сув азалдан ана шундай қадрланиб келинган.
- Кулфатга йўлиқсанг, оқар сувга боқ, кўнглинг ёзилади, - дейишади кексалар.
- Арзингни сувга сўйла, - дейди кўпни кўрган оқсоқоллар.
-Тушингни сувга айт, енгил тортасан, - дейди таъбирчилар.
«Сув зар – сувчи заргар», «Сув бор ерда ҳаёт бор», «Сув келтирган элда азиз», «Сувнинг онаси булоқ, сўзнинг онаси қулоқ», «Сувсиз ҳаёт бўлмас, меҳнатсиз роҳат», «Бир ҳовуч тилла надир, бир ҳовуч сувинг бўлсин», «От бошига иш тушса, сувлиғи билан сув ичар, эр бошига иш тушса, этиги билан сув кечар», «Сувдай сероб бўлинг» каби халқ мақоллари ҳам сувнинг нақадар азизлигини ифодалаб турибди.
Сув ана шундай мўъжизавий кучга эга. Сув фақат ернинг қони, жонигина эмас, электр энергияси манбаи ҳам. Унинг бағрида беқиёс нур бор, беҳамто ёруғлик бор. Забардаст ГЭСларни ҳаракатга келтирувчи буюк бир қудрат бор, куч бор, қувват бор. Толе шуки, бизга ана шу имкониятдан фойдаланиш насиб этди. «Норак», «Қайроққум», «Сангтўда-1», «Сангтўда-2» ва ниҳоят, ўлкамизда, энергетик мустақилликни таъминлаш кафолатини берувчи Роғун ГЭСи бунинг ёрқин гувоҳидир. Қулоқ бошида бўлишимиз, бизда сувнинг мўллиги Аллоҳнинг буюк бир инояти, албатта. Лекин бу нарса беғамлик, бепарволик туғдирмаслиги керак. Ҳар қатраси бебаҳо қийматга эга бўлган сув исрофгарчилигига йўл қўймай, ундан оқилона фойдаланишимиз, муқаддас мерос сифатида келажак авлодга тоза ва покиза етказишимиз зарур. Қорли тоғлар бағридан оқиб тушаётган зумрад жилғалар, шаффоф ирмоқлар, ўйноқи сойлар, азим дарёлар, кенг чуқурликда йиғилиб қолган табиий зилол сув ҳавзалари – кўллар, ер остидан чиқаётган жилвагар чашмалар – булар бари сув манбаларидир. Буларнинг бари бизда бор, буларнинг бари бизнинг беназир бойлигимиз, ғуруримиз, шонимиз. Булар бари эл ардоғида бўлмоғи, кўз қароғидек асралмоғи зарур. Муҳтарам Президентимизнинг оталарча бу панд-насиҳатлари замирида олам-олам маъно бор. Муҳтарам Миллат пешвоси ўз Паёмида таъкидлаганларидай, тоза сув таъминоти бугунги кунда инсоният олдидаги энг катта муаммодир. Келажакда аҳолининг ўсиши билан сув тақчиллиги кучайиши, жаҳон бозорида нефт ва газга қараганда, сувнинг нархи ошиши кутилаётган, сув ҳаёт-мамот масаласига айланган бир пайтда мамлакат раҳбарининг оқилона ташаббуси билан навбатдаги ўн йиллик - сув ўн йиллиги, деб эълон қилингани жаҳон аҳамиятига молик, таърифлашга арзигулик ҳодисадир.
Сулаймон Эрматов,
Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси, Лоҳутий мукофоти лауреати.
КАБУТАР
Чарх айланар мовий осмонда,
Оқ кабутар, оппоқ, кабутар.
Интиласан офтоб томонга,
Оқ кабутар, оппоқ кабутар.
Муфассал...
Ҳаммамизга маълумки, 2018 йилнинг 16 ноябр куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон иштирокида «Роғун» гидроэлектростанциясининг биринчи агрегати тантанали равишда ишга туширилди. Бу Тожикистон тарихида жуда муҳим воқеа бўлиб, мамлакатимиз халқи томонидан катта шодлик билан қарши олинди.
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015