Биз билан боғланинг:

   

Бизга қӯшилинглар

ХАБАРЛАР

МИНТАҚАЛАР

Муаллиф: Super user Категория: МИНТАҚАЛАР
Чоп этилган 19 Май 2014 Кӯришлар: 1790
Печат

КӮНГИЛЛАРДА ЧАМАН ЯРАТИБ...Биродаркушлик урушидан кейинги оғир йиллар...

Мамлакатда халқ хӯжалигининг кӯплаб соҳалари каби қишлоқ хӯжалиги ҳам фалаж аҳволга келган. Энди қудратли Шӯролар давлати йӯқ, демакки, юқоридан техникаю ёқилғи, минерал ӯғитлару сифатли уруғлар юбориш, борингки, оталарча ғамхӯрлик ҳам йӯқ...

Узоқ йиллар давомида режали иқтисод системаси таркибида ишлаб келган колхозларнинг ишлари ӯлда-жӯлда қолиб кета бошлади. Кундан-кун, ойдан-ой, йилдан-йилга емирилишу йӯқолишлар ортиб бормоқда, аммо қурилишу яратиш, бунёдкорликдан дарак йӯқ. Ҳамма-ҳаммаси, боши берк кӯчага кириб қолган, гӯё.

Нафақат Суғд вилояти, балки бутун Тожикистондаги барча колхозларда аҳвол шундай.

Шаҳристон ноҳиясининг уч қишлоғи: Қайирма, Муқири ва Ишқилининг меҳнаткашлари тер тӯкиб келган “Қайирма” хӯжалиги ҳам бундан мустасно эмасди. Бу хӯжаликда ҳам йилдан-йилга йӯқотишлар ортиб борди-ю, холос. Хӯжаликда меҳнат қиладиган одамлар–қишлоқ аҳли ҳам икки гуруҳга бӯлиниб қолди. Ишдан унумдорлик, орадан қут-барака кӯтарила бошлади. Одамларда хӯжаликнинг қайта тикланишига ишонч ҳам қолмади. Кӯплар совуққонлик билан қӯл силтади. Ундан ҳам кӯпроқ одамлар эса, ярим ҳайрат, ярим ҳаяжонда “Энди нима бӯларкин?”,-дея кутишар, аксарият томошабинга айланган. Одамлар деярли ишламай қӯйган, ишнинг кӯзини билмаган раҳбарлар эса нима қиларини билмай, ожиз қолган...

Бу орада хӯжаликда бир нечта раис ҳам алмашиб улгурди. Аммо айтарли ӯзгариш йӯқ. Кунлар, ойлар, йиллар шу зайлда ӯта бошлади...

Адашмасам, 2003 йил эди. Бир кун илгари қишлоқ оқсоқоллари ӯзаро маслаҳатлашиб, эрта тонг– бомдод намозидан кейин Худойқул шофёрнинг уйини сӯроқлаб келишди...

Худойқул Жӯраев бу пайтда “Боғистон” деҳқон хӯжалигини идора этар, хӯжалик аъзолари аҳил бӯлиб фаолият юритарди.

Бу хӯжаликнинг ташкил этилиш тарихи ҳам узун. Худойқул Жӯраев йил–ӯн икки ой сув кӯрмайдиган ташландиқ ерга сув чиқариб, 50 гектар ерни обод қилишга бел боғлайди. Туну кун куйиб-пишиб қилган меҳнатлари зое кетмайди. Олдига қӯйган мақсадига эришади. Худойқул Жӯраев яратган боғ нафақат оиласини боқади, балки у кишини эл-юртга танитади. Ҳатто Давлат сарвари назарига тушади. Мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон 1996 йилда Худойқул Жӯраев сарварлик қилаётган хӯжаликка ташриф буюриб, у кишининг ишларига юқори баҳо беради...

Оқсоқолларнинг айнан Худойқул Жӯраевни йӯқлаб келиши ҳам бежизга эмас. Улар узоқ муҳокамаю маслаҳатлардан кейин бир хулосага келишган:

–Емирилиб, йӯқолиб бораётган “Қайирма” хӯжалигини кимдир қайта тиклай оладиган бӯлса, бу киши шу Худойқул, бӯлмаса йӯқ–бошқа бировнинг қӯлидан келмайди!

Аммо бунга Худойқулнинг ӯзи нима деркин, “Қайирма” хӯжалиги раислигини ӯз зиммасига олишга рози бӯлармикин?..

Оқсоқолларнинг ҳадиги тӯғри чиқди: ӯз хӯжалиги ишларини жиловланган от мисол йӯлга солиб олган Худойқул Жӯраев катта хӯжаликка раис бӯлишга рози бӯлмади.

Қишлоқ оқсоқолларидан бири ӯша кунги Худойқул шофёрнинг хонадонида бӯлиб ӯтган суҳбатни шундай эслайди:

–Худойқул иним, сенга маълумки, кейинги пайтда, қисқа фурсат ичида бизнинг хӯжалигимизда бир неча раис алмашди. Биз бир вақтлар бу хӯжаликни талон-тарож этиб, йӯқотиб юбориш учун қурмаганмиз. Шунинг учун хӯжаликни ӯзинг қӯлга олиб, унга сарварлик қилмасанг бугун эрта у бутунлай йӯқолиб кетиши мумкин, - деган хулосага келдик.

Худойқул, аввалига таклифимизни ҳазил деб ӯйлади, шекилли. Аммо бизнинг жиддий эканлигимизни кӯриб, бироз ӯйланиб қолди. Сӯнг дона-дона қилиб сӯзлай бошлади:

–Қизиқмисизлар. Мен бир маълумотсиз кишидан қанақа раис чиқиши мумкин?! Хӯжаликни бирор бир маълумотли киши бошқариши керак. Ахир мен бор-йӯғи ҳайдовчилик маълумотига эгаман, холос.

–Ӯзинг биласан, қанча маълумотлилари ҳам кеп-кетди...

Хуллас, Худойқулнинг йӯқ дейишига қарамай, оқсоқоллар масалани кӯндаланг қӯйиб, туриб олишди. Ноҳия ҳукуматига мурожаат қилишларини айтиб, қӯзғалишди.

Худойқул Жӯраев шу куни оқсоқолларга бирор тайинли жавоб бермаган бӯлса-да, тинчини йӯқотганди. Бир неча кун хаёлида турли фикрлар билан юрди. Бирор қарорга келолмасди. Шундай кунларнинг бирида ӯша пайтдаги ноҳия раиси Ибодулло Ахмедовни учратиб қолди. Ноҳия раиси ҳам “Қайирма” деҳқон хӯжалиги раислигини ӯз зиммасига олиши лозимлигини таъкидлади.

–Раис, ишончингиз учун раҳмат, аммо мен бир ҳайдовчи одам бӯлсам, раҳбарлик тажрибасига эга ҳам эмасман,–жавоб қайтарди Х.Жӯраев.

–Деҳқон хӯжалигингизни қандай бошқаряпсиз? Давлат сарвари Эмомали Раҳмон ҳам хӯжалигингизга ташриф буюриб, юқори баҳо берганди. Қолаверса, қишлоқ аҳлининг ӯзи сизнинг номзодингизни кӯрсатиб, шуни қӯямиз, деб талаб қиляпти,–далда беришга уринарди раис...

Худойқул Жӯраев бошқа иложи қолмаганлигини тушунди, чоғи,–Майли раис, кейинроқ қабулингизга кирарман, маслаҳатлашиб кӯрармиз,–дея хайрлашди.

Худойқул уйга келиб хотини Турсуной опага дардини очиб, дилидагини айтди. Сӯзини охирида, “Ноҳия раиси ҳам, оқсоқоллар ҳам қаттиқ туриб олган, аммо қишлоқ аҳли ҳам икки гуруҳга бӯлинган, бошқариш осонмас, ҳайронман нима қилишга”,–деди.

–Мен ҳам шуни айтаман-да, дадаси,–хотинининг ҳам юраги бетламасди.

Аммо ваъда бериб қӯйганлиги учун ҳам ноҳия раиси қабулига кирди. И.Ахмедов нима хизмат бӯлса ноҳия маъмурияти қӯллаб-қувватлашини айтиб, Х.Жӯраевни “Қайирма” деҳқон хӯжалиги раислигини қабул қилишга кӯндирди.

2003 йил “Боғистон” кичик деҳқон хӯжалиги раиси Худойқул Жӯраев уч қишлоқ аҳли меҳнат қиладиган “Қайирма” хӯжалигига раис этиб сайланди.

Эртаси куни янги раис ишга чиқиб, аҳвол ӯйлаганидан ҳам баттарроқ эканига гувоҳ бӯлди: хазинада бир дирам ҳам пул йӯқ, техникалар халққа тарқалиб кетган, фермадаги моллар ӯз гавдасини зӯрға тутиб турибди, одамлар эса икки гуруҳга бӯлиниб, муросага келишни истамайди, раиснинг қӯлида қуруқ муҳрдан бошқа ҳеч вақо йӯқ!.. Шундай бӯлса-да, Худойқул ортиқ тушкунликка тушмади. Мамлакат Президентидан ибрат олиб, ишни яраш ошидан бошлашга қарор қилди. Икки гуруҳга бӯлинган одамларни яраштиришга киришди. Жума намозига чиқиб, ӯз фикрини айтди ва икки томонни ҳам эртага яраш ошига чақирди. Эртаси куни гуруҳлар бошлиғига чопон кийдирилиб, халққа ош берилди. Томонлар бир-бирига қӯл берди. Оқсоқоллар дуога қӯл очди...

Ташқаридан қарасанг, ҳаммаси изга тушиб бораётгандек кӯринарди. Худойқул Жӯраев эса, кӯплаб қийинчиликлар олдинда эканлигини билар, аммо муҳими халқ ярашди, қолганини йӯлга солса бӯлади, деб ӯйларди, чоғи. Лекин вақт ӯтиши билан ишлар ӯйлаганидан ҳам мураккаброқ эканлигига гувоҳ бӯлди. Қолаверса, одамлар ярашган, кӯпчилик “Энди ҳақиқий раисни топдик, энди яхши бӯлади...,–деса, чекка-чеккада туриб “Ҳолингни кӯриб қӯяман Худойқул, раислигинг уч кундан ошса уч ойга етар, аммо ташлаб қочишинг тайин!”,–дегувчилар ҳам йӯқ эмасди.

Ҳақиқатдан ҳам биргина яраш билан муаммолар ҳал бӯлиб қолмади. Орадан бир ҳафта ӯтса ҳам ошга чиққанларнинг ишга чиқишидан дарак йӯқ. Янги раис техникаларни йиғишга киришди. Барибир натижа бӯлмади. Ҳеч бир шофёр ё тракторчи ӯзи ҳайдаган техникани олиб келиб топширишни истамас, ҳаммаси хӯжалик техникасини ӯз уйига элтиб қӯйганди.

Худойқул Жӯраев жума куни масжидга чиқиб, намоздан кейин икки оғиз сӯз сӯради. Йиғилганларга мурожаат қилиб шундай деди:

–Биродарлар, мен бироз шошилдим, чоғи. Келинглар, хӯжаликка бошқа кишини раис этиб сайлайлик...

Кутилмаганда янги раиснинг бундай фикридан ҳамма-ҳайрон. Оқсоқоллар нега бундай фикрга келганлиги сабабини сӯрашди.

–Тӯғри тушунинглар, мен бундай аҳволда ишлай олмайман. Техникаларни олганлар хӯжаликка топширмайди, аъзолар эса ишга чиқмайди. Ферманинг аҳволи ҳаммасидан баттар, моллар зӯрға оёғида турибди. Ӯзларингга маълумки, бу ҳолда узоққа бормайди. Яхши биласизки, бир ёқадан бош чиқариб ишламасак, ишларни йӯлга солиш ҳеч бир кишининг қӯлидан келмайди. Одамлар эса ишлашни истамайди. Шунинг учун мен вазифани қайта топширмоқчиман. Мени тинч қӯйинглар, ким истаса раис бӯлаверсин!..

Орадан бироз фурсат ӯтгач, оломон орасида ғала-ғовур овозлар анча баландлаб қолди. Ҳар ким ӯзича муҳокама этарди. Ӯшанда ким эди, ҳозир аниқ эслолмайман, аммо нуроний мӯйсафидлардан бири. Ӯртага чиқиб, қӯлини кӯтарди. Оломон тинчигач, сӯз бошлаб шундай деди:

–Биродарлар, Худойқул раис бӯлишини ӯзимиз истадик. Ноҳия раиси ҳам гапимизни олди. Ӯзимиз сайладик. Энди уни ӯзимиз қӯлламасак, қандай бӯлади?.. Эртага ҳамма ишга чиқсин. Биз қариялар ҳам қараб турмаймиз...

Сӯнг Худойқул Жӯраевга қараб, “Сизга бутун қишлоқ оқ фотиҳа берган. Мана эртадан ҳамма ишга чиқса, сиз ишни давом эттиришга розимисиз?”–дея сӯради.

–Одамлар олган техникаларни ҳам қайтаришлари лозим. Таъмирталабларини ремонт қилиб мавсумга тайёрлаш керак. Одамлар қайтаришни истамайди. Техникасиз иш юрмайди, ӯзларингга маълум. Қачонки, одамлар техникаларни ҳам хӯжалик паркига келтириб қӯяди, кейин иш бошлашга розиман,–деди Х.Жӯраев.

Йиғилишда иштирок этаётган бир неча шофёр, тракторчилар эртагаёқ техникаларни қайтаришга ваъда беришди.

Раис ишга киришди.

Ишга киришишдан олдин, яна бир бор одамларнинг олдидан ӯтиб олди. Халққа мурожаат этиб, –Ӯртоқлар, ҳаммангиз кӯриб турганингиздек, хӯжалигимизнинг аҳволи оғир, иш қаттиққӯлликни талаб қилади. Шунинг учун иш жараёнида қаттиқ гапирсам, хафа бӯлманг. Яна маълум муддат ӯз фойдамиздан кӯра хӯжалик ишини устун қӯйишимизга тӯғри келади...–деди.

Одамлар ҳам, –Худойқул, сен қаттиқ тур, керак бӯлса туну кун ишлайлик, хӯжаликни оёққа турғазайлик,–дея рози бӯлишди.

Худойқул иш жараёнида бировни урмади, бировни ота ё онасидан олиб, сӯкмади. Фақат ӯрни келганда, қаттиқ туриб талаб қилди. Лекин талаб қилишдан аввал ҳар ишда ӯзи ӯрнак бӯлди. Ӯрни келса, аҳволни ётиғи билан тушунтирди. Ӯзи ҳам халқ дардини ҳар лаҳза ҳис қилиб турди. Натижалар ёмон бӯлмади. Натижада, ҳар қанча хоксор бӯлмасин, ӯзининг ҳам обрӯ-эътибори оша борди. Халқ вакили этиб сайланди. Ноҳия мажлислари, вилоят йиғинларида халқ вакили–депутат сифатида қатнашиб, халқнинг дардини айта олди. Йиғинларда нафақат халқ дардини айтди, халқ учун юзлаб эзгу ишларни амалга оширишда бош-қош бӯлиб хизмат қилди. Жумладан, Қайирмадаги 5-ӯрта умумтаълим мактаб биносига алоҳида электр тармоғи ӯтказиш, 1936 йилда қурилган эски мактаб биноси ӯрнига янги замонавий мактаб биноси қурилиши учун мактаб директори Мусобек Ӯрунбоев билан елиб-югурди.

Ишқили ва Муқири қишлоқларида мактаб биноси қурилиши ва тоза ичимлик суви билан таъминлашда ноҳия раҳбарлари ва ҳар икки қишлоқ фаоллари қатори ӯз хизматини аямади. Натижада, Ишқили қишлоғига 2,5, Муқири қишлоғига 4,5 километрлик масофадан сув олиб келинди.

Қайирмада янги мактаб биноси фойдаланишга топширилди.

Аммо асосий иши–хӯжалик фаолиятини бир лаҳза ҳам назардан четда қолдирмади. 74 гектар ерни боғ қилдирди. Дастлаб, 9 минг туп олма, ӯрик, гилос, шафтоли, каби мевали дарахтлар ниҳолини, 8 мингта оқ терак, минг туп тол, арча кӯчатлари ӯтқазиб, кӯп йиллик ижарага шартнома боғлаб 48 кишига тақсимлаб берди. Боғ аллома шоир Абуабдулло Рӯдакий қутлуғ санаси нишонланаётган пайтда бунёд этилганлиги учун ҳам “Рӯдакий боғи”, деб аталди.

Яна 22 гектар боғ яратиб, “Боғи шамол”, 12 гектарлигини “Имоми Аъзам боғи” деб атади.

Худойқул Жӯраев катта хӯжалик ишларини ҳам оёққа турғазиб, одамнинг ҳавасини келтирадиган даражага етказди. Халқнинг ишончини, маҳаллий раҳбарларнинг ҳурматини қозонди.

Худойқул Жӯраев ҳақида охирги беш-олти йилдан бери Шаҳристон ноҳия раиси вазифасини бажариб келаётган Наимжон Муқимов шундай дейди:

–Худойқул ҳожини анча йиллардан бери яхши биламан. Иш фаолиятига хулоса қилиб айтаманки, қӯлидан иш келадиган одатига тан бериш керак. Худойқул ҳожи тажрибали, кӯпни кӯрган, ишда баҳона эмас, имкониятлар қидирадиган раҳбардир. Бундай заҳматкаш инсонлар қадрига етиш керак. Ҳозирги иқтисодий оғир шароитда иш юритадиган тадбиркор раҳбарлар кам.

Худойқул Жӯраевнинг ӯзидан раҳбарликнинг қийинчиликлари ҳақида ва қисқа фурсат ичида шунча ишни қилиб улгургани ҳақида сӯрасангиз, камтарлик қилади.

–Кӯпчиликка раҳбар бӯлиш, айтганингиздек, осон эмас. Бировни ака, бировни ука, деб иш юритамиз,–дейди. –Маслаҳатли тӯй тарқамас, деганларидек, қишлоғимизда ӯтадиган ҳар қандай тадбирни маҳалла фаоллари билан биргаликда ӯтказамиз. Бизнинг халқимиз азалдан майдонларда кураш тушиб, яйловларда улоқ чопиб, марра кӯрган ва бунга ӯрганган қавмдир. Шу боис ҳар йили Ваҳдат, Мустақиллик, Наврӯз байрамларида мусобақалар бӯлиб туради. Хӯжалигимизда ҳам байрамларни эсда қоларли қилиб ӯтказамиз. Бундай байрамларда илғор ишчиларимизни қадрлашни ҳам унутмаймиз, албатта,–дейди Х.Жӯраев.

Худойқул Жӯраевнинг яна бир эзгу хислати шуки, бир ишни бошлашдан аввал қишлоқ қариялари, фаолларни йиғиб, маслаҳат солади. Барчанинг дилидагини билгач, “Агар сизларга шу иш маъқул бӯлса, келинглар биргаликда бошлайлик”,–дея иш бошлайди. Кӯпчиликнинг розилигию дуоси билан бошлаган ишлари Худойқулга ҳар доим омад келтирган. “Қайирма” хӯжалигида ҳам Худойқул Жӯраевнинг омади чопди. Унга раҳбарларнинг ихлоси, халқнинг ишончи икки ҳисса ошди.

Умр йӯлдоши Турсуной опа билан 8 фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган.

Бугун хӯжалик ишлари билан бирга ӯттиздан ортиқ невараларининг тарбиясини ҳам назардан четда қолдирмайди. Токи неваралари ҳам фарзандлари каби мӯмин-қобил, муҳими халқ кунига ярайдиган йигит-қизлар бӯлиб улғайишсин ва ҳаётда ӯз ӯрнини топиб кетишсин.

Худойқул Жӯраев ҳаётда нимага эришган бӯлса, бунинг учун халқдан ва раҳбарлардан миннатдор эканлигини айтади.

–Халқимнинг файзли дастурхонига файз киритаётган бӯлсам, умримнинг зое кетмаётганлигидан мамнун бӯламан. Албатта, менинг бош-қош бӯлиб келганлигимга, аввало, Яратганнинг ӯзи раҳнамо бӯлса, ноҳия раҳбарларининг кӯрсатмаларию, Қайирма халқининг кӯрсатган муруввати, жонкуярлиги, меҳнаткашлиги менга қувват бӯлди, деб ӯйлайман. Токи томиримда қоним бор экан, халқимга хизмат қилишга доим тайёрман. Она ватанимизда тинч ва осуда ҳаёт давом этаётган бир даврда озод ва обод юрт келажаги учун туну кун меҳнат қилиб, авлодларга ибратли ишлар, эзгуликлар қолдиришни орзу қиламан, - дейди Худойқул Жӯраев.

 

Мирзоолим Қаршиев,

Тожикистон журналистлар Иттифоқи

ва Халқаро журналистлар Конфедерацияси аъзоси

КАЛЕНДАР

« Ноябр 2024 »
Дш Сш Чш Пш Жм Шб Яб
        1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30  

МАҚОЛАЛАР

Ёлғон хабар қаламга хиёнатдир

Ёхуд "Озодий" радиосида нашр этилган баъзи "фейк" хабарлар хусусида

Бутун дунё халқлари ҳамма томонлама ривожланиб бормоқда. Тараққий этиб бораётган жаҳон давлатлари қаторида Тожикистон ҳам ўз мавқеига эга. Тожик халқининг тарихи эса, олис мозийлар қаъридан жой олган. Ва Орийлар саналган бу қавм жаҳон маданиятига ўзининг улкан ҳиссасини ҳам қўшганлигини ҳеч ким инкор этолмайди.

Яқинда "Озодий" радиоси Жаббор Расулов ноҳиясининг Меҳробод

Муфассал...

Балоғат (Қиссадан парча)

 

Таниқли ёзувчи, А.Рўдакий номидаги Тожикистон Давлат мукофоти лауреати Юсуф Акобировнинг ижодида «Балоғат» қиссаси алоҳида ўрин тутади. Унда ҳаёт мавзуси замондош тасвири, ёшларнинг интилиши, илк муҳаббат, инсон ва унинг тақдири ҳикоя қилинади.

Бемор чол уй бурчагида кўрпага ўралиб ётарди. У етмишдан ошган бўлса ҳам, бардам эди. Нима сабабдандир касал бўлиб, оёқдан қолди. Мана бир ойдан

Муфассал...

СТАТИСТИКА

Сайтга кирганлар
1
Мақолалар
872
Мақолаларни кӯрганлар сони
1990564

ӮҚУВЧИЛАР СОНИ

7477728
Бугун
Кеча
Шу ҳафта
Ӯтган ҳафта
Шу ой
Ӯтган ой
Ҳаммаси
3656
4027
21341
7426653
99372
114875
7477728

Сизнинг IPнгиз: 18.188.205.95
Бугун: 23-11-2024 16:56:15

ҲАМКОРЛАР

 

 

   

2015