Меҳрибон ва беозор, озода ва поктийнат, олти ёшидан етимлик азобин тортиб, мактабда атиги икки йилгина ўқиган, қизалоқлик пайтидан бошлаб, улғайганича колхоз далаларида тер тўкиб ишлаб, суяги меҳнатда қотган, турмушга чиқиб, қалбининг азизи билан бирга икки ўғил ва уч қизни оқ ювиб, оқ тараган, меҳр ила тарбия берган, ўқитган, одам қилган онажоним раҳматли отам вафот этганларидан сўнг, роппа-роса беш юз олтмиш кундан сўнг дунёдан ўтган.
Боз устига, у тарихий шахс - сирли сеҳргар Волф Мессинг тўғрисида ҳеч нарса билмаган.
Берлинда яшаётган Волф Мессинг қонли уруш, минг-минглаб кишиларнинг ҳалок бўлиши ва ниҳоят, қудратли фашист машинасининг ҳалокати ҳақида олдиндан башорат қилган. Ва ана шу кундан бошлаб, уни гестапо таъқиб қила бошлаган. Мессинг Германиядан қочиб қолишга муваффақ бўлган ва ўз Ватани - Полшага етиб олган. Унинг онаси, опа-сингиллари ва қариндошлари дастурхон атрофига тўпланишган.
Опаларидан бири укасига ўйламай-нетмай шундай деган:
- Биласанми, Волф, гарчи биз яхши яшамаган бўлсак ҳам, тўғриси, қийналсак ҳам, онам сен юборган пулларнинг бир тийинини ҳам ишлатгани йўқ, сақлаб қўйибди.
Волф онасига тасвирлаб бўлмас таажжуб билан қараган,
- Нега? Нима учун? Мен бўлсам, сизлар ҳеч қийналмасдан яшаяпсизлар, дебон, хотиржам эдим…
- Мен бир кун келиб уйга қуруқ қўл билан, чўнтагинг бўм-бўш, бир тийинсиз қайтишингни билардим, - дейди она ўғлининг кўзига тик қараб.
Волф Мессинг онанинг улуғлиги, кўзи тўқлиги, узоқни кўра олиши ва донишмандлиги чексиз-чегарасиз эканлигини тушуниб етади…
Ўша қайғули кунда биз - хотиним ва ўғлим билан пойтахтдан ота уйимга қараб учдик. Укам ва сингилларим дафн маросимининг бор заруриятларини бажариб бўлган эканлар.
- Бугун оғир кун бўлди, - мен уйимиздагиларга юзландим. - Бироз мизғиб олинглар, эртага янада оғирроқ бўлади. - шундай дея, ўртанча синглим томон ўгирилдим, - икковимиз онамнинг бошларида ўтириб чиқамиз.
Кўзимизга сира уйқу келмади. Тонггача онажонимнинг хислатларини, унинг қандайин ажойиблиги, оқкўнгиллиги, меҳрибонлиги, меҳнатсеварлиги, ғамхўрлиги, болалигимиздаги воқеалар ҳақида эслаб чиқдик. Анъанага кўра, тонг ёришмасдан бурун биз маҳаллага оиламиз бошига тушган қайғу - онажонимнинг бу дунёни тарк этганини хабарлашимиз зарур эди.
Уйимизга юзлаб кишилар, эркак, аёл, кекса ва ёшлар узоқ-яқиндан келишар, кўнгил сўрашар, қайғумизга шерик эканликларини айтишарди… Бунга қарамай, йўқотмоқ азоби томоқларимизни бўғарди.
Мен дўстимдан илтимос қилдим:
- Илтимос, битта овозкучайтиргич топиб келгин.
У менга ҳайрон бўлиб қаради, лекин бир сўз демасдан чиқиб кетди.
Овозкучайтиргич ўрнатилганда, ҳовли одам билан лиқ тўла эди. Бу пайт кўз ёш қилишга ҳам кучим қолмаганди. Мавжуд урф-одатларга тўғри келмаса-да, мен дард тўла мисраларни ўқий бошладим… Шеър йиғлади, фарёд қилди, нола чекди, онажонимнинг қадамларини, овозини, беғубор кулгисини, унинг меҳрибон-мунис кўзларини, у ёпган болдек ширин нонларни, қоғоздек оппоқ қилиб ювадиган кирларини, чаққонлик билан териб, қуритадиган меваларини эслаб турган кўча ва деворлар оша кезди.
Ҳовлига чиққанимда, атроф сув сепгандек жим-жит эди. Мен оппоқ соқолли отахонларга - отамнинг дўстлари ва тенгдошларига бир-бир назар солдим. Ҳаммасининг кўзи ёшга тўлган эди.
Отахонлардан бири деди:
- Ўғлим, яқинроқ келгин,- мен унинг олдига бориб ўтирдим. - Раҳматли онанг неча ёшда эди?
- Етмиш олтида.
- Ҳозир қайси ой?
- Муборак Рамазон ойи.
- Синглимиз бу дунёни қачон тарк этди?
- Кеча, ўн иккига яқин…
- Кеча пайшанба эди. Уни бугун, жума куни тупроққа топширамиз. Билиб ол, Яратган биҳиштий онангга бундайин меҳрибонлик қилган. Бу улуғ айёмда жон бериш ҳар бандага ҳам насиб қилмайди. Синглимизнинг жойи жаннатдан бўлсин!
Мен хўрсинганча, енгил нафас олдим, кўнглим таскин топди…
Эртаси куни "уч" маросимига тайёргарлик кўриларди. Кенжа синглим қўллари титраганча онамнинг уйи эшигини очади. Тахмондаги сандиқ қопқоғини кўтаради. Яхшилаб тахланган ҳар хил чиройли матолар устида бир китоб турганини кўради…
Ва синглим мени чақирди.
У китобни очиб, варақлар орасидаги пулларни кўрсатди. Улар мен онажонимга юборган пуллар экан. Демак, у пулларни деярли ишлатмаган, сақлаб қўйган. Китоб варақлари орасидан бир қоғоз чиқди. Унда онам майда-чуйда учун ишлатилган пулларни эгри-бугри ҳарфлар билан ёзиб қўйганди.
Бўғзимга тиқилган дардли оғриқ ва алам ташқарига отилди. Фиғоним еттинчи осмонга ўрлади…
Кечқурун мен пулларни укамнинг олдига қўйдим:
- Бу пулларни онажонимиз ўлимликлари, маъракалари учун йиққан эканлар…
Абдуғаффор Абдужабборов.
Тожик тилидан Ўринбой УСМОН таржимаси.
Тожик ва ўзбек халқлари этник нуқтаи назардан бир-бирига шунчалик яқинки, бундай ҳолатни дунёнинг бошқа халқларида учратиш мушкул. Яратган бу икки халқни жаннатмакон диёрда яратиб, кўнгилларига самимий меҳр-муҳаббатни жойлаганки, таърифига қалам ожиз. Биз мана шундай меҳр-муҳаббатга йўғрилган самимийликка Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган икки дўст ва биродар мамлакат раҳбарлари - муҳтарам Эмомали Раҳмон ва муҳтарам Шавкат Мирзиёевлар учрашувида гувоҳ бўлдик.
Муфассал...
Ёхуд жойлардаги спорт иншоотлари ва уларнинг фаолияти хусусида
Тожикистон Республикаси Ҳукумати, хусусан, унинг Раиси муҳтарам Эмомали Раҳмон томонидан олиб борилаётган одилона ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири ёшлар сиёсати бўлиб, унинг моҳияти миллат келажаги бўлган ёшларни жисмонан етук қилиб тарбиялашдир.
Шу боисдан ҳам, мамлакат Ҳукумати ёшлар ўртасида спортни
Муфассал...2015
1-2015
2-2015
3-2015
4-2015
5-2015
6-2015
7-2015
8-2015
9-2015
10-2015
11-2015
12-2015
13-2015
14-2015
15-2015
16-2015
17-2015
18-2015
19-2015
20-2015
21-2015
22-2015
23-2015
24-2015
25-2015
26-2015
27-2015
28-2015
29-2015
30-2015
31-2015
32-2015
33-2015
34-2015
35-2015
36-2015
37-2015
38-2015
39-2015
40-2015
41-2015
42-2015
43-2015
44-2015
45-2015
46-2015
47-2015
48-2015
49-2015
50-2015
51-2015
52-2015