Мана, яна матбуот коференциялари – республика давлат вазирлигу идоралари, қўмита-ю агентликлари ва ташкилоту муассасалари оммавий ахборот воситалари орқали ўз фаолиятлари ҳақида маълумот берадиган палла бошланди. Ҳар доимгидек биринчилардан бўлиб мамлакат Маориф ва илм вазирлиги ўз матбуот конференциясини ўтказди.
-Ўтган йил Руминия давлатида бўлиб ўтган математика фанидан халқаро олимпиада якунларига кўра, Тожикистон еттинчи ўринни эгаллаб, халқаро олимпиадада иштирок этиш ва ўрин эгаллаш бўйича дунё мамлакатлари ўнталигига кирди,- деди мамлакат маориф ва илм вазири Нуриддин Саид.
Унинг сўзларига кўра, 2016 йил бошидан республика таълим муассасалари ўқувчилари дунёнинг 15 давлатида ўтказилган олимпиадада иштирок этиб, 127та медални қўлга киритишган. Шундан 21та олтин, 33та кумуш ва 73таси бронза медалларидир. Қувонарлиси шундаки, дунёнинг 30 мамлакати ўқувчилари орасида ўтказилган олимпиадада Душанбе шаҳридаги Президент халқаро мактабининг 11-синф ўқувчиси Комила Шоҳидова рус тили фанидан иштирок этиб, Гран-при соҳиби бўлган.
Журналистлар мамлакат маориф ва илм соҳасидаги ютуқлар ҳақида қувониб гапираётган вазир диққатини соҳадаги мавжуд камчиликларга қаратишди: кадрлар ва дарслик китоблари етишмаслиги, соҳага ажратилаётган бюджет маблағларининг кўплигига қарамасдан, мактаблардаги таълим сифати пастлиги, ўқувчилардан турли газета-журнал, бадиий китоблар ва байрамларга пул талаб қилиниши ва ҳоказолар…
- Мактаб - ким нимани истаса пуллайдиган тижорат жойи эмас. Мактабнинг биринчи даражали вазифаси – таълим-тарбия бериш. Шундай экан, бошқа барча турдаги фаолият, сиз айтгандек, турли хил пул йиғишлар, бадиий ва турли газета-журналларни сотиш ҳамда ўқувчилардан суғурта учун пул тўплаш ҳоллари, умуман, мумкин эмас. Агар шундай ҳолатларнинг гувоҳи бўлиб, бизга хабар қилсангиз, ўша мактаб директорини бир соат ҳам ишлагани қўймаймиз,- деди вазир.
«Халқ овози» мухбирининг ўзбек филологияси факултетини битирганлар тожик тилидан дарс беришлари мумкинми? - деган саволига вазирликнинг масъул ходими Сайвали Қодиров қуйидагича жавоб берди:
-Ҳа, агар улар тожик тилидан дарс беришни хоҳлашса, Садриддин Айний номли Тожикистон педагогика университети ҳамда Тожикистон Республикаси Маориф ва илм вазирлигига мурожаат қилиб, дипломларини мувофиқлаштиришлари мумкин.
Матбуот конференциясида маълумот берилишича, эндиликда 8 ва 9-синфларнинг давлат ва ҳуқуқ асослари фани юзасидан таълим режасига қўшимчалар киритилади. Унга кўра, ўқувчилар Тожикистон Республикаси Конституцияси, Тожикистон Республикасининг иккита миллий қонуни: «Фарзандлар таълим ва тарбиясида ота-оналар масъулияти тўғрисида» ва «Тожикистон Республикасида анъаналар, тантаналар ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунларни тўлиқ ўрганишади.
Нега, айнан, бу ўзгаришлар саккизинчи ва тўққизинчи синфлар таълим дастурига киритилганлигига шарҳ берган мамлакат маориф ва илм вазири Нуриддин Саид шундай деди:
-Тожикистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, юртимизда асосий мажбурий таълим тўққиз йиллик ҳисобланади. 9-синфни битирган ўқувчилар касб-ҳунар эгаллаш мақсадида турли қисқа муддатли курсларда ўқишларини давом эттиришлари мумкин. Уларнинг ҳам қонунларимизнинг тўлиқ моҳиятини англашдан четда қолмасликларини таъминлаш мақсадида, бу қўшимчаларни айнан 8 ва 9-синфлар таълим дастурига киритдик. Бу эса, ўзининг самарасини беради, деган умиддамиз.
Зуҳриддин Умаров,
«Халқ овози».