Бу мавзуда ёзиш осонмас. «Ватан» деб қўйибдилар. Жон билан эгизак ва тан билан узвий боғлиқ. Бу – уни тириклар севсин, ҳимоя қилсин, обод этсин, дегани. Шу сабаб, Ватан учун аждодлар жонини садқа билишган ва фидо этганлар. Бу заминда неча-неча қаҳрамон авлодларнинг тани ётибди ҳоки туроб бўлиб. Шунинг учун ҳам бизга Ватан.
У бугун танида жони борлар учунгина эмас, шу юрт озодлиги деб шаҳид ўтганлар, ободлиги учун тер тўкиб, қора ерга сингганларнинг ҳам ватани.
Ватан талаффузи юрак номли булоқдан қайнаб чиқувчи бу табаррук сўз – она, ота, фарзанд каби маънодош.
Ким онасини севмаса, отасини улуғламаса, фарзандига меҳр беролмай, «Ватан» деса, унинг сўзи қуруқ, ўзи қуруқ.
Бу сўзни айтса, асли ватангадолар айтсин. Тинглаган улардан тингласин: таъмини туяди, рангини кўради, ҳидини ҳис қилади. Тил ожиз қолган чоқ армон бўлиб, уларнинг кўзларида акс этгай. Қароқларидан силқиган томчида бир олам соғинч, бир дунё аламзада илинжни кўргайсиз.
Улар ўзи туғилган юрт манзараларини қорачиқлари қатида асрайди…
Худди ҳозирги пайтлар эди. «Гулматов ҳажга кетибди», деган гап тарқалди. Орадан анча вақт ўтиб: «Келди, келди», дейишди. Ҳамма зиёратга шошилди.
Собиқ «Иттифоқ» колхози асосчиларидан бири ҳожи Ҳасан ота оқ либосда – фариштадек ҳикоя қиларди.
-Каъбатуллоҳ – Оллоҳнинг уйи. Унда ҳамма баб-баравар. Шоҳ ҳам, гадо ҳам. Барчанинг мартабаси бир – меҳмон. Оллоҳ меҳмони. Муслим-муслималар чинакам биродарлар. Одамнинг оқи, сариғи, қораси – тепа-тенг. Биров бировга мутеъ эмас. Ҳамманинг миллати бир – Иброҳим Халилуллоҳ, тили ўхшаш – имою ишора, даражаси бир – бандалик. Миллатчилик бегона, кибр-ҳаво узоқ, озор йўқ.
-Коммунизм экан-ку!-деб юборди тарих ўқитувчиси кўзлари чақнаб.
Ҳожи бобо ўз ҳикоясини давом эттирарди:
-Бибилойиқ момо деган тўқсон ёшли бир кампир болаларига айттириб, уйига таклиф этди.
Бордик. Асли ўзимизнинг Данғарадан экан. Момонинг биринчи саволи шу бўлди: «Оёғингга нима кийиб келдинг?»
Ўғиллар жим, мен ҳайрон. «Калиш-маҳси»-дедим хавотир билан.
-Этик кийиб келмадингми?- кампир тамшанди ва икки-уч нафас жим қолди. Умидсиз кўзларидан ёш думалаб, ажинлар ўзанидан сизди.
Эзилдим, афсусландим. Эгик вужуд бош кўтариб, илтижоли тикилди ва беҳол тилга кирди:
-Этик кийиб келсанг эди. Ўкчасига ёпишган лойни кўчириб, оғзимга солсам – армоним қолмасди. Оҳ Чолтов, оҳ Толбулоқ! Тупроғингдан айланай, Ватан!
Момонинг оғзидан ўт пуркалди. Бутун вужудимиз куйиб, бирон нарса демоққа тил ҳам қовжираганди…
Буни тинглаган ҳалиги ўқитувчи ҳулоса чиқарди.
-Коммунизм – Ватанда бўлмоқ, унинг бағрида ўлмоқ экан!
Ватан нелигин юртидан ажралганлар айтсин.
Ватан, дея кўксига урувчилар тингласин.
Афсуски, бизда ҳам кекирдагига зўр берувчилар пайдо бўлмоқда. Улар бугунги кунда Сурия ва Ироқ мамлакатларида Ватан деб, Ислом деб, айюҳаннос солганларича ноҳақ қон тўкишаётган террорчилар йўриғига йўртганлардир.
Исфара ва Спитамен ноҳияларидаги бундай адашганларни ўз онаси, отаси, фарзандлари ва демак – Ватанига хиёнат ханжарини ўқталганлар деб билиш мумкин. Уларнинг ота-оналари, фарзандлари ҳолига бир қаранг. Телевидение орқали кўрсатилган омонат ҳовли, юпун болалар террорчилар гуруҳига ўн, йигирма беш, саксон минглаб пул беришга қодир одам уйига сира ўхшамайди.
Унинг ўзи эса «Биродарларни қўллаб- қувватлаш учун фалончига бунча, писмадончига унча», деб айтяпти.
Эсиз, фарзандлар ҳақидан қийилган пул, лаънат ул қотил пулга!
Ғамдан, уятдан эгилган оталардан бири «Пўлатдан чиққан ўқ» ўғлини оқ қилди. Она титраб-қақшайди, неваралар ҳайрону лол.
Онани йиғлатган, отанинг дуоибадига сазовор, фарзандларини аросатда қолдирган ўғил, оила бошлиғи биринчи навбатда – Ватан хоини.
Унинг Ислом дея, Ватан, дея томоқ йиртгани бекор. Мусулмонман, дегани ёлғон, ўғилман, дегани рўё, отаман, дегани сохта…
«Оҳ Чолтов, оҳ Толбулоқ!» дея ўз юрти тупроғини қурутдек шимишга илҳақ тўқсон ёшли кампир ҳақиқий ватанпарвар, асл муслима ва чин инсондир!
Ҳ. ЭРБОБОЕВ.