МИНТАҚАЛАР

Меҳр-муҳаббат, эҳтиром ва садоқат ифодаси

Муаллиф: Super user Категория: МИНТАҚАЛАР
Чоп этилган 24 Ноябр 2016 Кӯришлар: 687
Печат

 

sugdiyonТожикистонда биринчи марта Президент айёми нишонланар экан, вилоятда бу муносабат билан илмий, маданий, оммавий тадбирлар бўлиб ўтди. Бу тадбирларда қатнашган суғдликлар ўзларининг Миллат пешвоси, мамлакат Президенти Эмомали Раҳмонга нисбатан бўлган меҳр-муҳаббат, эҳтиром ва садоқатларини намойиш этишди.

Суғд вилояти марказидаги янги «Суғдиён» қасрида Тожикистон Республикаси Президенти айёмига бағишланган маданий тадбир бўлиб ўтди. Вилоят раиси Абдураҳмон Қодирий, фаоллар, олим ва адиблар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган байрам кечасида Суғднинг таниқли санъаткорлари билан бирга ёш истеъдод эгалари ўз санъатларини намойиш этишди.

Хўжанд шаҳридаги  Арт-галереяда ёш фотосуратчи Аловиддин Калоновнинг  Президент айёмига бағишланган «Зебо диёр» деб аталган асарлари  намойиш этилди.

Тожикистон Давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат дорилфунунида Президент айёмига бағишлаб ўтказилган илмий конференция «Тожик миллатининг муаззам йўлбошчиси», деб аталди. Дорилфунун ректори, тарих фанлари  доктори Жўразода Жамшид Ҳабибуллонинг «Эмомали Раҳмон – тинчлик ва миллий бирлик асосчиси» мавзусидаги илмий маърузаси диққат билан тингланди. Олимлар Абдуҳаким Шарипов, Саидмуродхон Мамадовларнинг мамлакат Президентининг маорифни ривожлантириш  ва иқтисодий тараққиётдаги хизматлари борасидаги илмий маърузалари конференция иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Конференция иштирокчилари Миллат пешвоси борасидаги ҳужжатли филмни томоша қилишди.

Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги барча кутубхоналарда мамлакат Президентининг асарлари намойиш этилди. Президент айёми муносабати билан Бобожон Ғафуров номли республика музейида очиқ эшиклар куни ўтказилди. Шу куни музейга ташриф буюрган уч минг нафарга яқин киши Миллат пешвосига бағишланган кўргазмани томоша қилишди. Ноҳияда Президент айёми муносабати билан олимлар, сиёсатшунослар, ижодкорлар билан учрашувлар бўлиб ўтди. «Президент болалар нигоҳида» деб аталган ёш рассомлар мусобақаси ўтказилди.

Спитамен ноҳиясида Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг янги китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Гулистон шаҳрида эса, мазкур тадбирлар қатори ёш велосипедчилар мусобақалашишди.

Вилоятнинг бошқа шаҳар ва ноҳияларида ҳам Президент айёми оммавий байрамга айланиб кетди.

 

Белорус саноатчилари билан ҳамкорлик кучаяди

Хўжанддаги «Суғд» озод иқтисодий минтақаси ва Белорус Республикасининг «Минск» озод иқтисодий минтақаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик борасида битим имзоланди. Шунингдек,  вилоят марказидаги «Файзи Расул» ва Белоруснинг «Полоцк сут комбинати», «Роҳи сомон» ва  «БелавтоМАЗ» корхоналари орасида ҳамкорликни бошлаш ва янги технологияларни айирбошлаш борасида келишувга эришилди.

Суғд вилояти раиси матбуот хизматидан билдиришларича, бу ҳамкорликлар Белорус Республикаси Савдо палатаси вакиллари ва вилоят саноатчилари ўртасидаги учрашувлар натижасидир. Белоруслик меҳмонлар икки кун давомида вилоятда бўлар эканлар, бу ерда саноатни ривожлантиришга муҳим аҳамият берилаётганлиги, иқтисодий кўрсаткичлар тобора яхшиланаётганлиги гувоҳи бўлишди. Белорус Республикаси  Савдо палатаси раиси ўринбосари раҳбарлик қилган гуруҳда Минск, Витебск ва Городен шаҳарлари саноатчилари, тадбиркор ва тижоратчилари бор эди.

Вилоят раиси ўринбосари  Анвар Яъқубий меҳмонларга Суғдда саноатни янада ривожлантириш учун мавжуд имкониятлар, вилоятнинг иқтисодий ва ижтимоий вазияти ҳақида сўзлаб берди. 

Меҳмонлар «Қолинҳои Қайроққум», «Порсои Хўжанд» корхоналарида, янги бунёд этилаётган Сайҳун шаҳрида, Хўжанддаги марказий «Панжшанбе» бозорида бўлишди. «Хўжанд қалъаси» маданий-тарихий мажмуасини қизиқиш билан томоша қилишди. 

 

Танлов ва шифокорларга ҳавас

Спитамен ноҳиясида соғлиқни сақлаш ходимлари орасида ўтказилган танлов ғолиблари аниқланди. «2016 йилнинг энг яхши тиббий муассасаси, дўхтири ва шафқат ҳамшираси», деб аталган мазкур танлов вилоятда эълон этилган «Соғлом шахс йили» доирасида ўтказилди.

Танловда ноҳия 1-саломатлик маркази энг яхши саломатлик маркази, Куруш қишлоқ жамоатидаги саломатлик маркази энг яхши қишлоқ саломатлик маркази, деб топилди. Энг яхши бўлим деб эса, ноҳия марказий беморхонасининг юрак хасталиклари бўлими саналди. Тоғаяк қишлоқ жамоатидаги Шавкат қишлоғидаги тиббий нуқта энг яхши тиббий нуқта, дея эътироф этилди. Ихтисосларига кўра Ғолибжон Ғарибов, Ўктам Аҳмедбоев, Матлуба Холиқова, Саодат Аҳмедбоевалар энг яхши дўхтирлар қаторидан жой олишди. Йилнинг энг яхши ҳамшираси сифатида эса, 1-саломатлик марказида ишлайдиган Нигора Носирова ғолиб чиқди.

Ноҳия раиси Сулаймонзода Акрам Раҳим ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширди.

Ноҳия раиси ўринбосари Дилрабо Раҳимийнинг қайд этишича, танлов шифокорларнинг ўз касбини янада эъзозлашлари, касбий малакани оширишга интилишлари, беморларга хизмат кўрсатиш даражасини янада яхшилашлари, соҳадаги замонавий тажрибаларни тарғиб этиш ва кенг ёйиш учун катта туртки берган. Ва айни пайтда ёшлар орасида эл саломатлигини асраш йўлида меҳнат қилаётган шифокорлар касбига нисбатан ҳавас уйғотган ва уларда тиббиёт ходими бўлиш иштиёқи пайдо бўлган.

 

Арзон ва сифатли маҳсулотлар бозорчаси

Хўжанд шаҳри аҳолиси 20 хилдан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотларини бозордагига қараганда, 15-30 фоизгача арзон нархда сотиб ола бошлади. Бу имконият шаҳарда очилган муваққат савдо бозорчалари туфайли пайдо бўлди. Бу ерда вилоятнинг Гулистон, Конибодом, Истаравшан, Панжакент шаҳарлари, Бобожон Ғафуров, Жаббор Расулов, Деваштич, Ашт, Спитамен, Шаҳристон каби ноҳияларидаги мева-сабзавот, гўшт-сутни қайта ишловчилар, деҳқонлар, боғбонлар ва чорвадорлар етиштирган маҳсулотлар сотилмоқда.

Давлат ҳокимияти Хўжанд шаҳри ижроия органи мазкур савдони шаҳарликларни сифатли ва арзон қишлоқ хўжаликлари маҳсулотлари сотиб олиш, қишга ғамлаш, бозорларда нарх-навони сунъий оширишнинг олдини олиш мақсадида ташкил этди. 

Шаҳарликлар арзон ва сифатли маҳсулотларни мамнунлик билан сотиб олишмоқда. Шаҳар раиси матбуот хизматидан хабар қилишларича, савдонинг дастлабки кунлариданоқ 230 тоннага яқин маҳсулот сотилган.

Ўз мухбир.

Joomla блог