Ўлкамизда ҳукм сурган шиддатли ва сурункали ёмғирли кунлардан сўнг, ўтган ҳафта истироҳат кунлари ҳаво очилиб, сайру гашт учун қулай кунлар бўлди. Бу ёқимли ҳавода юртдошларимиз орасида ички сайёҳликка қизиққанлар сони ортганлигини кузатиш мумкин эди. Оила аъзоларимиз билан Ҳисор шаҳрининг сайёҳлик ва тарихий мавзеларига сафаримиз ниҳоятда кўнгилли кечди.
Саёҳатимизни Ҳисор шаҳрининг Шарора шаҳарчаси ҳудудидаги бозордан
бошладик. Озиқ-овқат маҳсулотларининг фаровонлиги кўзга ташланиши билан бирга, бу ерда ҳам картошканинг нархи ошганлигини кузатса бўларди. Бу маҳсулотнинг бир килограмми нархи 7,5 сомоний эканлиги кузги картошка захираси камайиб, янги ҳосил ҳозирча бозорга чиқмаганлигининг натижаси бўлса керак.
Нафақат, юртдошларимиз, балки хорижий сайёҳларнинг диққатини жалб этиб келаётган Ҳисор қалъасида саёҳатчиларнинг гавжум эканлиги кўзга ташланарди. Бу тарихий масканга ташриф буюрган ўрта умумтаълим муассасалари, олийгоҳлар талабалари қалъа тарихидан сўзловчи осори-атиқалар, махсус дўконларда сотувга қўйилган халқ ҳунармандчилиги маҳсулотларини катта қизиқиш билан томоша қилишаётган эди. Шундайгина қалъанинг ортида жойлашган ва улоқ мусобақалари ўтказиш учун қулай текисликда эса, от миниб сайил қилиш имконияти яратилганди. Айниқса, ёшлар отга миниб, сайил қилишга ўч эканликлари яққол кўзга ташланарди. Гуруҳ-гуруҳ ёшларнинг отларга миниб, чоптириш манзаралари беихтиёр кишининг таассуротида Ҳисор беклиги даврида навкарларнинг от чоптириш манзарасини пайдо қиларди.
Ҳисор қалъаси масъуллари томонидан саёҳатга келувчилар учун йўлбошловчилар хизмати жорий этганлиги эса, хорижий сайёҳлар учун яратилган қулайликлардан бири эди.
Энг асосийси, Ҳисор қалъасида ҳукм сурган озода, осойишта ва обод муҳит эди. Қулай об-ҳаво эса, кўнгилларга ўзгача завқ улашаётганди.
Саёҳатга келувчиларнинг бир қисми қалъа ҳудудидаги ошхонадаги мазали таомларни тановул қилишса, айрим саёҳатчилар шундайгина қалъанинг ортида жойлашган Қараев номли ошхонага ташриф буюришарди.
Умуман, қадимий Ҳисор шаҳрида саёҳат қилишга мувофиқ масканлар жуда кўп. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти иштирокида очилган «Қовун» мажмуаси, гўзал ва нотакрор Алмоси дараси, кўпчилик шифо мақсадида ташриф буюрадиган, Хирманак қишлоғида жойлашган «Оби шифо» табобат маскани ва қадимий Ҳисорнинг бошқа кўплаб тарихий ҳамда бетакрор табиий манзарали мавзелари саёҳатни ихтиёр этган ички ва хорижий сайёҳларнинг диққатини жалб этаётганлиги ўлкамизда бу соҳанинг истиқболи порлоқ эканлигидан дарак беради…
Абдулазиз ЁРОВ,
Рўдакий ноҳияси.