МАДАНИЯТ

Ҳунарларда миллий қадриятларимиз яшайди

Муаллиф: Super user Категория: МАДАНИЯТ
Чоп этилган 28 Сентябр 2018 Кӯришлар: 1725
Печат

 

hunar 2018Тинчлик ва миллий бирлик асосчисиМиллат пешвоси, Тожикистон республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг ташаббуси билан жорий йил Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилиниши қадимий анъаналаримиз тикланиши учун янада кенгроқ имконият туғдирганлигирост. Айниқса, момолар удумларига юз буриш, боболар ҳунарларини қайтадан тиклаш қадриятларимизга эҳтиром кўрсатилиши ҳамда

ўзлигимизни англашда муҳим аҳамият касб этади. Ўтмишимизни унутмаслик эса, ёрқин келажакка бошлаши табиийдир.

Холдурой опа Маматқулова ҳам бошқа юртдошларимиз қаторида халқ ҳунармандчилигига эътибор юксалганидан беҳад мамнун. У киши онасидан ўрганган миллий ҳунарлар сирларини қизлари, келинлари ва қишлоқдош шогирдларига ўргатиш билан бирга, ўзи ҳам қўл ҳунари маҳсулотларини юксак шавқ-завқ билан тайёрлайди. Онахоннинг бир этак неваралари бор. Қиз неваралар, аллақачон, момолари атрофида айланишиб, у кишининг ҳунарлари сирларини эгаллай бошлаганлар.

hunar 2018 2Холдурой Маматқулова Темурмалик ноҳиясининг Лақай Қармишев номли қишлоқ жамоатидаги Ғурулди қишлоғида истиқомат қилади. Етмишни қоралаётган онахон марҳум турмуш ўртоғи Маманазар ака билан фарзандларини ватанпарварлик ва элу юртга садоқат руҳида тарбиялашган. Айни пайтда қизлари Бибилола, Раъно, Холби, Назокат, Зарина, Мадиналар онанинг момолардан мерос олган ҳунарларини пухта эгаллашган. Ўғиллари – Тожибой, Расул, Илҳом, Олимжон, Шавкат, Фаррухлар маълумотли бўлиб, турли касб-ҳунар этагини тутганлар. Фарзандлар тарбияси билан бир қаторда Холдурой опа узоқ йиллар дастлаб колхозда, сўнгра фермада сигир соғувчи бўлиб ишлаган. Айни пайтда онахон қишлоқ хотин-қизлар комитети раиси. Ёшларга ўзининг намунали ҳаёти билан ибрат бўлиб, ёш қизлару келинчакларга момолар ҳунарларини ўргатади. У киши пахтадан ипак йигириб, ранг-баранг гилам, хўржинлар тўқиш, жунга ранг солиб, турли пайпоқ, қўлқоплар тўқиш, дўппи, миллий игна учли кашта, тўнга чироз тикишда қишлоқдаги моҳир ҳунарманд онахон ҳисобланади. Бундан ташқари, Холдурой опа рангли мунчоқлар тизиш, кигиз қўйиш, қуроқ тикишда катта тажриба тўплаган. Шу боис бўлса керак, онахонни бекор турган ҳолатда учратолмайсиз. У кишининг атрофида ҳамиша қишлоқ аёллари тўпланган ва бирор иш устида эканлигини кўрасиз. Қўшнилари Мисқолой Бозорова ва Гулсара Давлатовалар онахонга ҳамиша ёрдам берганликларидан бўлса керак, ҳунармадчиликда у кишидан қолишмайдилар.

hunar 2018 3Холдурой опа Маматқулова меҳрибонлиги, хушмуомалалиги, айниқса, ҳунармандлиги боис қишлоқдош аёллар орасида обрў-эътиборга эга. Онахоннинг қизлари ва келинлари қаторида шогирдлари Момогул Ўразова, Муҳаббат Мирзоевалар ҳам у кишидан миллий ҳунармандчилик сирларини ўрганмоқдалар.

- Ўтмишини яхши билмаган элнинг келажаги бўлмайди, - дейди Холдурой Маматқулова. – Момоларимиз ҳунарлари, миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизда тарихимиз яшайди. Давлатимиз сарвари, муҳтарам Президентимиз Эмомали Раҳмон Жаноби олийларининг эзгу ташаббуслари халқимизни ёрқин келажакка бошлайди. Ёшларимизда ватанпарварлик, ўзликни англаш ҳисларини тарбиялайди. Шунинг учун ҳам, эл орасидан чиққан халқчил Президентимизнинг элимиз удумларига эътибори ўз вақтидаги амалий тадбир бўлди. Қолаверса, халқимизда «Ҳунарнинг энг ёмони қорин тўйдиради», деган ҳикмат бор.

Умри азизи давомида миллий ҳунарларни пухта ўрганган, уларни ёшларга ўргатиб келаётган Холдурой опа Маматқулова фарзандлар тарбиясини ота-оналарнинг масъулиятли бурчи, деб билади.

- Юртимизда ўрнатилган осойишталикнинг шукронасини қилиб яшаб, фарзандларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ота-она, таълим муассасаси ўқитувчиларининг биринчи даражали вазифаси, - дейди Х. Маматқулова суҳбатини давом эттириб. – Афсуски, бугун айрим ёшларимиз турли бегона ғоялар билан суғорилган ҳаракатларга жалб этилаётганлиги ҳолатлари кўзга ташланади. Мустақиллигимиз ютуқлари бераётган имкониятларнинг моҳияти, қадр-қийматини ёшлар онгига сингдириш биз – катта ёшлиларнинг бурчи. Агар ёшлар тарбиясига бефарқ бўлсак, ҳали ғўр бўлган ёшларнинг онгини заҳарлайдиган миллат душманлари, азиз Тожикистонимиз қўлга киритаётган ютуқларни кўролмаётганлар учун бу қўл келади. Менимча, тарбиянинг асоси ҳар бир оилада тўғри йўлга қўйилмоғи керак.

Айни пайтда Холдурой опа Маматқулова ва шогирдлари ёш қизларни ўрмак тўқиш, кувида сузмадан қатиқ олиш, турли бичиш-тикиш, матога кашта солиш ишларига ўргатаётганлиги қувонарлидир.

- Тожикистон жанубида яшаётган ўзбекларнинг ўз миллий кашталари бор, - дейди Холдурой опа. – Агар чакан кўйлак, сўзаналаримиз тожикларнинг ҳунарларига қоришиб кетган бўлса, игна кашта тикиш, мапремеч тўқиш каби ҳунарларда миллий хусусиятлар яққол кўзга ташланади. Шунингдек, от учун ёпинчиқлар тўқишнинг ўз нозикликлари бор. Мен бу ҳунарлар сирларини ёшларга ўргатиб келяпман. Худо хоҳласа, миллий ҳунарларимиз янада сайқал топиб, ўзларида миллий анъаналаримизни сақлаб, келажак авлодларга ҳам етиб боради.

 

Ойша КЎГАНОВА, Темурмалик ноҳиясидаги 21-ўрта умумтаълим муассасаси тарих ва ҳуқуқ фанлари ўқитувчиси.

Суратда: Холдурой Маматқулова иш устидаги лаҳзалар ва қўл ҳунарлари намуналари акс этган.