Улуғ Ватан уруши қатнашчиси Қорижон Аҳмедов ва унинг умр йўлдоши - Лидия Аҳмедова Ғалаба байрамини янги уйда кутиб олишди. Хўжанд шаҳри раиси ўринбосари Умидахон Муродий қарияларни янги уй ва Ғалаба байрами билан табриклаб, уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилади.
96 ёшли Қорижон Аҳмедов фашистларга қарши мардонавор курашган. Унинг аёли - Лидия Аҳмедова фронт ортида кечани кеча,
кундузни кундуз демасдан меҳнат қилиб, Ғалаба онларини яқинлаштиришга ҳисса қўшган. Ҳозирда Лидия Аҳмедова 92 ёшда. Келгуси йили Аҳмедовлар турмуш қурганликларининг 70 йиллигини нишонлаш ниятидалар.
Хўжанд шаҳри раиси вазифасини бажарувчи Шарифзода Шариф Файз ўтган ойда Аҳмедовлар хонадонида меҳмон бўлиб, уларга янги уй совға этишни мақсад қилиб қўйганди. У шаҳар капитал қурилиш идораси ҳамда шаҳарсозлик ва меъморчилик бўлимига Ғалаба байрамигача Аҳмедовлар учун янги уй қуриб беришни топширганди.
Қариялар ўзларига нисбатан кўрсатилган катта ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдиришиб, Тожикистон осмонининг мудом тинч бўлиши, юртимизнинг гуллаб-яшнашини тиладилар.
Эркин сўз масъулияти
Кейинги йилларда вилоятда журналистларнинг расмий ташкилотлардан зарур хабарларни олиш имкониятлари яхшиланган. Айниқса, вилоят раиси ва Хўжанд шаҳар раиси матбуот марказларининг журналистлар билан алоқаси кучайган.
Бу фикрлар Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро эркин матбуот кунига бағишланган конференцияда янгради. Шунингдек, мазкур тадбир қатнашчилари вилоятда журналистлар меҳнатини рағбатлантириш учун вилоят раиси томонидан "Бунёдкор қалам" танловининг таъсис этилганини билдиришди. Мазкур танлов журналистлар фаоллигини ошираётгани, улар ёритаётган мавзулар доирасини кенгайтираётгани таъкидланди.
Тожикистон Журналистлар Иттифоқи Суғд вилояти бўлими раиси Илҳом Жамолиён, Хўжанд шаҳар раиси матбуот котиби Маҳмуджон Дадабоев, Хўжанд Давлат университети муаллимаси Дилбар Самадова, "Ҳақиқати Суғд" газетаси ходими Набиуллоҳ Суннатий тижорат журналистикаси, у келтириб чиқараётган муаммолар, сўз эркинлиги масъулияти ва касбий-ахлоқий меъёрларга риоя қилиш, ёш журналист кадрлар тайёрлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни, хабарлар бўшлиғи ва ахборот хавфсизлиги мавзуларида сўз юритишди.
Ўз мухбир.