Интернет, уяли телефонлар кундалик ҳаётимизга тўлиқ кириб келди. Эндиликда бу матаҳлардан мактаб болалари ҳам бемалол фойдалана олишади, десак унчалик ҳам муболаға бўлмас.
Кундалик турмуш тарзимизнинг бир қисмига айланиб улгурган уяли телефонларнинг инсон организмига зарари ҳақида жуда кўп ва хўб айтилган ва айтилмоқда. Аммо инсоният ҳамиша тараққиёт сари интилиб яшаган ва яшайверади ҳам. Шу боис, ҳар қанча зарарли бўлмасин, тараққиётдан ортда қолгиси келмайди инсоннинг.
Аммо биз ушбу мақоламизда мобил телефонлар зарари ҳақида эмас, балки ижтимоий тармоқлару мессенжерлардан келаётган баъзи бир нохуш sms-суратлар, sms-хабарлар мазмун-мундарижасига, уларнинг онгимизга нечоғлик зарари борлиги ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. Зеро, жисмоний зарардан маънавий зарарнинг юки оғирроқ, ахир…
Дарвоқе, бугунги кунда мессенжерларнинг номи-ю турининг саноғи йўқ. Устига устак, ижтимоий тармоқлар ва ҳоказолар кеча-кундуз фаол. Улар орқали дақиқа сайин ахборот алмашинуви юз бериб туради. Тўғри, дақиқа сайин алмашинадиган ахборотларнинг инсон учун фойдали томони ҳам жуда кўп. Бироқ фойдаси қаторида кишининг умрини елга совурадиганлари ҳам бир талай, албатта.
Сайтлару мессенжерлар орқали келаётган ахборотлару sms-суратлар, sms-хабарларни "яхши" ва "ёмон"га ажрата олиш, синтезлаш учун эса, кишида лозим даражадаги билим, тажриба бўлмоғи шарт. Минг афсуски, ҳамма ҳам ана шу билим ва тажрибага эга эмас. Айниқса, ҳали ҳеч қандай тажриба ва билимга эга бўлмаган ёшлар у ёки бу хабар, ё мақоланинг асл мақсади нелигини тўлиқ англаб етолмайдилар.
Мисол учун, диний саволларга жавоб бераётган кишининг қаерлик ва қайси мазҳабдан эканлигини аниқ билмасдан туриб, у бераётган фатволарга кўр-кўрона эргашиб кетаверадилар. Бу эргашиб кетиш оқибатида, ҳатто, ўз мазҳаббошиси Имоми Аъзам (р.а.)ни танимай, унга тош отиш даражасигача етиб бормоқдалар… Бу - ўта ачинарли ҳол!
Уламолардан бири: "Бир пайтлар мазҳаб суннат аҳли имомларимиз сони тўртта бўлиб, фатволар улардан олинарди. Эндиликда эса, битта имом қолган. У ҳам бўлса - ҳазрати Гугл…"- деганди минг таассуф билан.
Ҳа, уламонинг куйинганича бор. Марказий Осиё, шу жумладан, Тожикистон диёрида етти иқлимга донғи кетган олиму уламолар ҳамма давру замонларда бўлган ва ҳозир ҳам бор. Нега, биз диний саволларимиз ила уларга мурожаат қилмаймиз-у, ўзимиз ҳаётда бирон марта кўрмаган, интернетда мустаор (қалбаки) номлар билан тарғибот олиб борувчи кишилардан масъала сўраймиз ва улар фатволарини чин, деб қабул қиламиз. Ва ҳатто, улар айтган сўзлар таъсирида узоқ йиллар ўлигу тиригимизда ёнимизда бўлган дин ходимлари билан ёқалашишгача, фатво талашишгача етиб борилаяпти…
Мессенжерлар воситасида тарқалаётган (аниқроғи, кимлардир орқали махсус тарқатилаётган) баъзи sms-хабарларда эса, умуман, мантиқ йўқ. Шундай бўлишига қарамай, кишилар тўхтовсиз тарқатиш билан оворадирлар.
Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун бир неча мисол келтирамиз. Рус тилида тарқалаётган бир сурат-хабарда шундай маъно бор: "Муҳамммад алайҳис-салом Маккада 570 йилнинг 20 апрелида таваллуд топган. Агар сен ушбу хабарни 20 кишига тарқатсанг, барча орзуларинг ушалади. Эринчоқлик қилма. Агар тарқатмасанг, 20 йил бошинг балодан чиқмайди."
Иккинчи smsда эса: "Аллоҳ таолонинг 9та исми сифатини мисол келтириб, Аллоҳнинг 99 исми бор, 9таси сизга. Бу smsни тарқатинг, йўқса, 9 йил давомида балоланасиз!"
Яна битта sms-хабарда эса, Пайғамбаримиз неваралари Зайнаб (р.а.)га очиқ туҳмат қилинади. Яъни "Мен 13 ёшдаман, оғир касалга йўлиқдим. Пайғамбаримиз неваралари Зайнаб (р.а.) қабрига бориб кўзда ёш ила ухлаб қолибман. Тушимда у киши менга ушбу кўрганларингни халққа тарқатасан, деди. Бир бойга айтдим, гапимга ишонмади, 13 кунда бойлигидан айрилди. Бир камбағалга айтдим, ишонди. 13 кунда иши ўнгланиб, бойиб кетди. Сиз ҳам тарқатмасангиз, фалокатга йўлиқасиз…"
Аҳамият беряпсизми, барча хабарларда такрорланаётган сон бир хил ва таҳдид-қўрқитиш ҳам бир хил. Яъни балога йўлиқасан, фалокат босади ва ҳоказо. Бу хил smsлар қандайдир доираларнинг психологик тажрибалари ҳам бўлиши мумкин. Эҳтимол, ўша доиралар ушбу мантиқсиз, бироқ таҳдиду қўрқувга ўралган sms-хабарлари орқали "миямизни юваётган" ва биз улар учун "тажриба қуёни" вазифасини ўтаётган бўлсак?
Шўролар даврида ҳам шу каби хатлар бор эди. Шахсан ўзим ўқиганман. Ўзбекчаси қуйидагича мазмунда бўларди. "Аҳмад исмли Макка имоми тушида Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўрибди. Расулаллоҳ (с.а.в.) айтибмишким, бу йил олти юз нафар ҳаж қилганмиш ва уларнинг ҳажи қабул бўлмаганмиш. Ушбу хатни 20 кишига ёзиб тарқатган киши орзусига етади, тарқатмаган киши эса, балоланади… ".
Рус тилидагиси эса, христианларга қарата ёзилган бўлиб, унинг ҳам мазмуни юқоридагидек эди. Фақат Муҳаммад (с.а.в.) ўрнига Исус Христос, дейилганди, холос.
Хўш, бу ҳақда олимларимиз нима дейишади? Тожикистон Ислом маркази Фатво бўлими етакчи мутахассиси, таниқли уламо Абдулвоҳид Ҳомидовга мурожаат қилдик.
- Мусулмон одам бу каби тайини йўқ хабарларга асло ишонмаслиги лозим. Аксинча, киши асоссиз ва кимларнингдир тегирмонига сув қуяётган sms-хабарларни тарқатиш ортидан гуноҳкор бўлиб қолиши мумкин. Зотан, бу хабарлар аслида ёлғон, тарқатувчи эса, ёлғонни тарқатган саналади. "Ал-каззобу ла ядхулул жанна", яъни "Ёлғончи жаннатга кирмайди" ҳадисига биноан, ҳатто, жаннатдан маҳрум бўлиб қолиш хавфи бор. Киши ўзи аниқ билмаган нарсани асло тарқатмаслиги лозим. "Бу йил Рамазон ойи фалон куни келармиш. Ҳадисда Рамазон келишини кишиларга тарқатиб, суюнчи олинг дейилган" мазмунидаги хабарлар ҳам нодуруст. Зеро, Рамазоннинг аниқ куни ойни кўришлик билан собит бўлади. Ва бу мазмундаги ҳадис йўқ, - деб жавоб берди домла.
Ўзини Икромжон деб таништирган яна бир суҳбатдошимиз эса:
- Бу каби sms-хабарлар менга ҳам жуда кўп келади. Мен уларни шунчаки профилимдан ўчириб ташлайман. Бир куни қарасам, "Агар шу хабарни тарқатсанг, уч кун ичида бойиб кетасан",- мазмундаги хабарни дуппа-дуруст, ақли ҳуши жойида бир акахонимиз жўнатиб турибди, денг. Бу smsнинг крючок-илгаги назаримда, "уч кун ичида бойиб кетасан" деган жумласи бўлса керак. Бундай олиб қаралганда, ушбу хабару хабар-суратлар мазмуни ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.
Хулоса қилиб айтганда, профилингизга келиб тушаётган бу тахлит sms-хабарларни жойида йўқ қилиб юборинг, ундаги таҳдидлардан асло қўрқманг. Ана шундагина бехавотир яшайсиз.
Мақоламиз охирида яқиндагина профилимизга келиб тушган бир хабар билан таништирай. Унда ёзилишича, ушбу хабарни тарқатган киши бир кундан сўнг Хитойга борармиш… Буниси энди ошиб кетди-ёв, шундаймасми, азиз муштарий, Сиз нима дейсиз?
Абдулло САИДОВ,
"Халқ овози".