Ҳар бир жамиятда ёшлар ўзларининг бунёдкорлик ташаббуслари, янгиликларга, адолатга, замонавий билимларга астойдил интилишлари билан жамият тараққиётининг етакчи кучларидан бирини ташкил этишади.
Шунинг учун ҳам, давлат мустақиллигининг чорак асрлик юбилейи кенг нишонланган даврда Тожикистон Республикаси Ҳукумати, хусусан, унинг раиси,
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, муҳтарам Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг кўплаб чиқишларида таъкидланганидек, илгари сурилаётган ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири ёшларга қаратилганлиги ҳам бежиз эмас.
Давлат бошлиғи ўтган 2016 йилнинг 22 декабрида ўзининг мамлакат юқори қонун чиқарувчи органига йўллаган Паёмида ҳам ёшларга кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик яққол кўзга ташланади.
Президент Паёмида мана бундай сатрлар бор: - Биз ёшлар учун шундай шароит яратайлик ва уларни шу тарзда тарбия қилайликки, фарзандларимиз ҳаётда тўғри йўлни танлаб, замонавий билимларни пухта ўзлаштирсинлар, бугунги кун касбу ҳунарларини эгаллашсин ва келажакда жамиятда ўзларига муносиб мавқега эга бўлишсин.
Биз яратувчан ёшларимиз билан фахрланамиз. Зеро, Ватанимиз мустақиллик даври ёшлари бугун миллий ор-номус, муносиб ташаббуслари ва юксак ватанпарварлик ҳисси билан азиз Тожикистонимиз тараққиётида арзирли улушларини қўшадилар ва ўз она-Ватанларига садоқат билан хизмат қиладилар…
Ҳақиқатдан ҳам, мамлакатимизда ёшлар тарбияси ва ҳаёти билан боғлиқ амалга оширилаётган ишларнинг кўлами – жуда кенг. Бу жараён ёшлар тарбиясида биз – маориф ходимлари ва ўқитувчилар зиммасидаги масъулият залворини бир неча баравар оширади.
Шунинг учун ҳам, Президентимиз Паёмида белгилаб берилган кўрсатмаларни ўз фаолиятимизда муҳим дастур қилиб олсаккина, ишимизда мазмун ва самара бўлиши тайин.
Биринчи навбатда, ёшларимиз ҳақ-ҳуқуқлари ва замонавий билимларни пухта эгаллашлари, порлоқ келажакларини аниқлаб берувчи меъёрий ҳужжатлар моҳиятини уларнинг онгига пухта сингдиришимиз лозим.
Масалан, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Олий Мажлисга йўллаган Паёми, унинг моҳияти, 2017 йилнинг Ёшлар йили, деб эълон қилиниши, хорижий, жумладан, рус тилини чуқур ўзлаштиришнинг ёшлар ҳаётида тутган ўрни ҳақидаги фикрлари юзасидан тегишлича маълумотларни бериш фойдадан холи бўлмайди.
Бунинг моҳиятини ёшлар онгига етказиш учун тарбиявий соатлар ва синфдан ташқари олиб борилаётган дарслар жараёнида Давлат сарварининг Олий Мажлисга йўллаган Паёми материалларидан унумли фойдаланилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ёшларнинг билим олишлари, ўрта махсус ва олий маълумот соҳиби бўлишлари, спорт билан мунтазам шуғулланиб, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишлари учун яратилаётган шароитлар айтишга арзирлидир.
Ёш авлод онгига замонавийлик руҳини сингдириш, уларни яратувчанликнинг янгидан-янги йўналишларига бошлашда асосий омил вазифасини бажаради.
Бу эса, авваламбор, биз устозлардан хорижий тиллар, хусусан, рус тилидан таълим беришнинг энг сўнгги, замонавий усулларини пухта ўзлаштиришимизни талаб қилади.
Шундагина, халқ ва Ватан томонидан зиммамизга юклатилган юксак масъулият ҳисси ҳамда ишончни шараф билан оқлашимиз мумкин…
Холбиби ШАИМОВА,
рус тили ва адабиёти фанлари ўқитувчиси, Турсунзода шаҳри.