«Барқи тожик» давлат энергохолдинг компанияси Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Солиқ комитетидан қарздор корхоналар рўйхатида етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда комитетнинг олти ойлик фаолияти якунига бағишланган матбуот конференциясида Солиқ комитети раиси Нусратулло Давлатзода журналистларга маълумот берди.
Унинг айтишига кўра, «Барқи тожик»нинг солиқдан қарзи жорий йил ярмида 152 миллион сомонийдан (24,2 миллион доллар) ошган.
Шунингдек, солиқдан катта миқдорда қарздорлар рўйхатидан «Тожик алюминий компанияси» давлат унитар корхонаси (41,6 миллион сомоний), «Сангтўда-1» очиқ акционерлик жамияти (33,2 миллион сомоний), «Алюминсохтмон» давлат корхонаси (10,2 миллион сомоний) ҳам ўрин олган. «Коммунал-манзил хўжалиги» давлат унитар корхонасига қарашли ташкилотларнинг солиқдан умумий қарзлари 17,2 миллион сомонийни ташкил этади.
- Жорий йилнинг 1 июлига қадар мамлакат бўйлаб солиқ қарзининг умумий ҳажми 702 миллион сомонийга тенг, - деди Нусратулло Давлатзода. – Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 83 миллион сомоний ортиқдир.
Шу билан бирга, комитет раисининг таъкидлашича, жорий йил олти ойлиги якунига кўра, солиқ жамғариш режаси 2,7 фоиз ортиғи билан ижро этилган.
Бундан ташқари, матбуот конференциясида Тожикистон солиқ муассасаси ва «Вавилон-Мобайл» компаниясининг миллионлаб сомонийлик солиқ қарзини даврама-давра тўлаши ҳақида келишилганлиги ҳақида журналистларга маълумот берилди.
- Компаниянинг молиявий имкониятлари чекланганлиги боис биз шундай қарорга келдик, - деди Н. Давлатзода. – Кейинги икки ойда компания 5 миллион сомоний қарзини тўлади. «Вавилон-Мобайл» компанияси Солиқ комитетидан яна 336 миллион сомоний қарздор. Яқин ойларда бу маблағ тўлалигича давлат бюджетига ўтказилади.
Нусратулло Давлатзоданинг сўзларига кўра, жаҳонда рўй берган молиявий-иқтисодий инқироз Тожикистон корхоналари ишлаб чиқариш ҳамда молиявий фаолиятларига ҳам салбий таъсир кўрсатган.
- Инқироздан, айниқса, қурилиш соҳасида фаолият юритаётган корхоналар кўпроқ зиён чекмоқда, - деди Н. Давлатзода. – Умуман, маҳсулотлар савдо-сотиғи билан шуғулланувчиларнинг бариси инқироздан зарар кўрдилар.
Солиқ комитети раисининг таъкидлашича, ҳисобот даврида солиқ жамғариш режаси ТБМВда 12,4 фоиз, Хатлон вилоятида 5,1 фоиз ва Душанбе шаҳрида 0,8 фоиз ортиғи билан ижро этилган. Суғд вилояти солиқ топшириш режасини уддалай олмай, режани 98,6 фоиз бажарган, холос.
Ўз мухбир.