ИҚТИСОД

БОҒ ЯРАТИБ, ШУҲРАТ ҚОЗОНДИ

Муаллиф: Super user Категория: ИҚТИСОД
Чоп этилган 18 Август 2016 Кӯришлар: 1661
Печат

 

boggЯхшидан боғ қолади, деганлар. Ниҳол экиб, уни парваришлаш савобли ишлардан саналади. Қадимда ҳам ниҳол экиш, боғ яратишга жуда катта эътибор беришган. Нақл қилишларича, юз ёшдан ошган чол баҳор пайти мевали дарахт ниҳолини ўтказаётганда бир йўловчи шундай дебди:

-Эй бобо, ёшингиз ҳам анчага бориб қолибди, мевасини ейиш сизга насиб қиладими, йўқми, нега ўзингизни бунча қийнайсиз?

-Эй ўғлим, мен мевасини емасам ҳам ўткинчи йўловчилар, қолган фарзандлару набираларимиз ейишади ёки соясида дам олишади-ку, - дея жавоб берибди чол.

Орадан беш йил ўтибди. Чолнинг умри узоқ экан. Айни пишиқчилик пайти чол ўзи эккан ўрикнинг соясида дам олиб, мевасидан еб ўтирибди. Ҳаво иссиқлигидан ўша йўловчи ўтаркан, чолнинг ёнига дам олишга  ўтирибди. Чол ҳил-ҳил пишган ўрикни унинг олдига қўйибди. Хатосини тушунган йўловчи чолга миннатдорчилик билдириб, сап-сариқ ўрикдан тўйгунча ебди...

Ҳа, халқ ниҳолларни бир кун учун экмай, келажакни ўйлайди. Намуна қишлоқ жамоати Саройкамар (Бешкапа) қишлоғининг «Субон» номли деҳқон хўжалигида бир гектар ерда боғ яратишди. Ўрикзор орасида юриб, ҳосилнинг мўллиги гувоҳи бўлдик. Деҳқон хўжалиги раҳбари Сулаймон Субоновни ўғли Маҳмуд билан боғда учратдик.

Беш йил илгари бунёд этилган боғ яхши парвариш қилинган. Боғни бир умр қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаган агроном, пахтачилик бригадаси бошлиғи, боғбон Сулаймон Субонов яратган.

Президентимиз муҳтарам Эмомали Раҳмон боғ яратишга катта эътибор қаратади. С.Субонов ниҳолларни Хўжанд шаҳридан олиб келди ва хўжалик деҳқонлари билан уни агрономлик қоидалари асосида ерга ўтқазиб, ниҳолларни кўз қорачиғидай асради. Ҳаммага маълумки, ўрик инсон организми учун минг бир дардга даво. Ундан тайёрланган ичимлик  юрак хасталиги-ю бошқа касалликларни даволашда ёрдам беради.

-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Тожикистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Паёмини ўқиб, жуда ҳам илҳомланиб кетдик, - дейди «Субон» деҳқон хўжалиги раҳбари С. Субонов. - Сўнгги йилларда мамлакатимизда боғдорчилик, токпарварлик, асаларипарварлик, балиқчилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги соҳаларига алоҳида эътибор қаратилган. Биз шу кўрсатмаларга амал қилиб, мўл ҳосил олиш учун тиришяпмиз. М. Сулаймонов, Ш. Ҳасанова, И. Субоновлар билан биргаликда меҳнат қилишиб, боғдан яхши ҳосил олишга астойдил бел боғлаганмиз.

С. Субонов боғ яратиб, эл орасида шуҳрат қозонди.

 

Ж. Ҳасанов,

Панж ноҳияси.