Ҳаёт яралмишдир
турфа қўшиқдан,
Шаксиз қўшиқ эрур
ҳаётнинг боши.
Куйла, эй хонанда,
муҳаббат-ишқдан,
Муғанний, созлагил
сирли тор қошин.
Авж пардада куйла
юракдан жўшиб,
Мозий қаъридаги
тилсимни бир-бир.
Бобо-ю момолар таърифин келтир,
Дунёнинг чиройи улар биландир.
Тўртликлар
Яшаган умрингми? Қайтмас ҳеч қачон,
Кечган қисматингдан йиллар нишона.
Шукур қилдинг гоҳо, баъзида гумон,
Тақдир битганини кўргай пешона.
* * *
Дилимни мен сенга, бир сенга тутдим,
Тилак якто эди – жуфтлашса юрак.
Мен уни орзиқиб узоқ, зор кутдим,
Бироқ армон бўлди бул ҳавас, тилак.
* * *
Билиб қўй: дунёда қат – қаватдир ҳам,
Қайғу билан шодлик яшар эгизак.
Маҳзун дил баъзида тортганда алам,
Дейман: тақдирга тан бермоқлик керак.
Турсун Шамс.