НАЗМ

НАВБАҲОР

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 19 Март 2015 Кӯришлар: 867
Печат

 

navbahorЁмғир шовуллайди, майсалар куйлар,

Атрофда кезади сархуш бир наво.

Табиат инсонга дил розин сўйлар,

Қалбларга завқ берар руҳафзо ҳаво.

Ўйчан тоғларда ҳам рангин тароват,

Баҳорий туйғудан диллар беқарор.

Борлиққа боқ, дўстим,

тўкин саодат-

Бу ахир баҳордир,

Бу ахир баҳор!

 

Олис диёрлардан қайтмоқда қушлар,

Мўлжаллаб ям-яшил қайрағочларни.

Соғиниб кутади шипдаги инлар,

Қаноти толиққан қалдирғочларни…

Мана, сизга Ватан - чор тараф кушод,

Турфа хатарларсиз беғубор диёр.

Қушларим, беҳадик айлангиз парвоз,

Ўлкамда баҳордир,

Тўкин навбаҳор!

 

Саховат балқиган чеҳралар янглиғ,

Само равоқидан порлайди қуёш.

Борлиқда сеҳрангиз латофат, жамол,

Борлиқда гўзаллик яшнар беқиёс…

Ҳислар туғёнидан энтикиб масрур,

Қўшиқ куйламоқда гўшаю канор:

Одамлар, одамлар, қадр айланг, яйранг,

Бу ахир баҳордир,

Тўкин навбаҳор!

Зикрулло Валиев.

Joomla блог