НАЗМ

Шукрким, муҳаббат яшар кўнглимда!

Муаллиф: Super user Категория: НАЗМ
Чоп этилган 10 Май 2018 Кӯришлар: 474
Печат

 

a abdullo 2018Акбар Абдулло 1950 йил 9 июнда Хатлон вилоятининг Шўрообод (ҳозирги Шамсиддин Шоҳин) ноҳияси Даштижум қишлоғида туғилган. Восе ноҳиясидаги ўрта умутаълим муассасасини тугатгач, Душанбе шаҳридаги Индустриал педагогика техникумида таҳсил олган. 1972-1976 йилларда Совет Иттифоқи Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳридаги Олий мактабини битирган.

Шеърлари рус тилига таржима қилиниб, кўплаб алманахларда чоп этилган. «Ёлғизлик сирлари», «Дил эҳтиёжи», «Дард шоири» каби китоблар муаллифи. Айни пайтда Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раисининг ёрдамчиси вазифасида ишламоқда.

 

БАРГ

Дарахт шохидаги танҳо тиллабарг

Шамол таъсирида ялтирар эди.

Билганим шу онда менинг вужудим

Танҳо тилла баргдек қалтирар эди.

 

Барг узилиб тушди шохидан буткул,

Хазон ўз ҳукмини ўқиб ногаҳон,

Гўё нокасларнинг найрангларидан

Ерга йиқилгандек, титрадим шу он.

 

ШОИР ИШҚИ

Хаёл оғушида кўча кезаркан

Шеъримни пичирлаб айтиб юраман.

Девона кўнгилнинг орзуларини

Ботинимда қайта тиклаб бораман.

 

Ногаҳон бир дилбар ёнма-ён юриб,

Нозли нигоҳи-ла менга боқади.

Зорли юрагимни бепичоқ тилиб,

Озурда жонимда олов ёқади.

 

Шу онда у менинг яшнаб очилган

Ижод гулбоғимнинг янги гулидир.

Сарвдек келишган қадди қомати

Тоза хаёлимнинг тик устунидир.

 

Қалбимда кина-ю адоватим йўқ,

Дунёга меҳр бор содда дилимда.

Уйсиз бир девона каби бўлсам-да,

Шукрким, муҳаббат яшар кўнглимда!

 

***

Азалдан ошиғинг эрдим, англармисан?

                                                     Англамайсан,

Кўксимда куйиклар кўрдим, англармисан?

                                                     Англамайсан.

 

Висолингга етмоқ учун

                                умри жоним фидо айлаб,

Давлатим, ганжимсан дердим,

                           англармисан? Англамайсан.

 

Сен менинг бетакрор бахтим,

                         сен менинг давлатим, тахтим,

Аҳдимда жовидон турдим, англармисан?

                                                      Англамайсан.

 

Ёлғиз тунлар фиғон этдим,

                                 бағримни доғу қон этдим,

Шу ҳолда ҳам ҳолинг сўрдим,

                           англармисан? Англамайсан.

 

Сендан олисдаман эй жон,

                          дилим тиғлар ҳар он ҳижрон,

Бағрим аро доғлар кўрдим, англармисан?

                                                     Англамайсан.

 

ДИЛ САВДОСИ

Илк бахтим тарк айлади,

Орзуга тўла дилим.

Илк бахтим тарк айлади,

Ишқингга тўла дилим.

 

Рангин гуллари ила

Умрим баҳори ўтди.

Азиз жон баҳосида

Дилнинг хумори кетди.

 

Кўзимдан нурлар қочди,

Қолди унда нигоҳинг.

Бахтинг гул атрин сочди,

Бахтим - жигарим оҳи.

 

Қолди ишқу умидим

Бу жоним дунёсида.

Лек сенинг меҳринг яшар

Жонимнинг савдосида.

 

Ҳасанбой Ғойиб таржимаси.

Joomla блог