Инсоннинг болаликда эшитганлари ҳеч қачон ёдидан кўтарилмас экан. Онам унчалик саводли бўлмасалар-да, лекин эртак, ривоят ва бошларидан кечирган турли хил ҳикояларни маромига етказиб сўзлаб берардилар. Бундай эртак ва ривоятларни кўпинча қишнинг узун тунлари биз ака-укалар иссиқ кўрпага ўралганча, мароқ билан тинглардик.
Хотирамга абадий муҳрланиб қолган ўша воқеия ҳикоялардан бирини ҳукмингизга ҳавола қилмоқчиман.
Она томондан бобом Зомин районида туғилиб, ўз замонининг саводли кишиларидан бири бўлган. Шунингдек, бобом анча нуктадон, диёнатли, халқсевар киши бўлган эканлар. Ўтган асрнинг 20-йилларида ёш Шўролар давлати идораларида масъул лавозимларда ишлаган. У даврларда одамларнинг асосий улови от экан. Дарвоқе, Зомин томонларда бизнинг Шаҳристон ва Истаравшан ноҳияларидек қишлоқлар, овуллар жуда кўп бўлган. Бобом шу қишлоқларга ҳукумат ишлари юзасидан ўзларининг тўриқларида бориб турганлар.
Онамнинг айтишларича, бобом бу жонворни жуда яхши кўрганлар, ўзи емай, унга едирган, яхши парваришни канда қилмаганлар. Табиийки, от буни ҳис этиб, бобомга меҳр қўйган. У кишининг овозини етти чақиримдан ҳам эшитиб: «Мен бу ердаман», дегандек кишнаркан.
Зомин ва бошқа жойларда бобом бу от билан кўпкари чопганда, ҳеч қачон совринсиз қолмаган. Ўша йиллари бобом ҳали қирқ ёшга ҳам тўлмаган экан. Айни вужудидан куч ёғилиб турган паллада бобом касал бўлиб қолади. Кўп ётиб қолмай, уч кун ичида вафот этади.
Энг таъсирли томони шундаки, у киши миниб юрган ўша тўриқ ҳовли ўртасидаги жаккамихга (жаккамих – арча ёки қаттиқ дарахтдан йўнилган каттакон қозиқ) боғланганча, эгаси касал бўлгандан буён ем-хашакка умуман қарамайди. Соҳибининг вафотини сезгач, кўзларидан ёш шашқатор бўлиб оқади.
Таъзияга келган одамлар аввалига отнинг бу ҳолатини унчалик сезишмади. Қачонки тобутни кўтариб, ҳовлидан чиқаётганларида, жонивор от икки олдинги оёқларини кўтариб чунонам қайғули кишнайдики, шунда бу айрилиққа чидай олмаган отнинг йиғлаганини ҳис қиладилар. Дарҳақиқат, ўша куни от эгасининг ўлимидан қаттиқ изтироб чекиб йиғлаган экан.
Онамнинг бу ҳикоялари қачон эсимга тушганда, бу забонсиз жониворнинг одамларга бўлган меҳри беқиёслигидан ҳайратга тушаман. Ахир, Хоразм шоҳи Жалолиддин Мангубердини ёв қўлидан қутқариб чиққан шу от эмасми? Ёки Алпомиш зиндондан, севган ёри Барчинойни рақиблар қутқусидан ажралиб ёрига етиштирган шу Бойчибор эмасми? Гапимнинг интиҳосида шуни айтмоқчиман, инсон зотига нисбатан шунчалик меҳру садоқатни қайдан олгансан, эй тили йўқ жонивор?!.
Бозор Норқулов,
Шаҳристон ноҳияси.