Москва шаҳридаги Россия Футбол иттифоқининг «Футбол уйи» биносида «Ҳамдўстлик кубоги-2016» турнирида иштирок этувчи жамоаларни гуруҳларга бўлиш учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Унинг натижаларига кўра, украиналик мутахассис Роман Пилипчук бошқарувидаги Тожикистон ёшлар (U-22) терма жамоаси «В» гуруҳида россияликларга қарши тўп сурадиган бўлди.
Жамоалар гуруҳларга қуйидагича тақсимланди:
«А» гуруҳи: Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Молдова;
«В» гуруҳи: Латвия, Эстония, Россия Федерацияси, Тожикистон.
Маълумки, мазкур турнир 2016 йилнинг 17-23 январ кунлари Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтади.
«ЧОРТАНГ» - МИНТАҚА ҒОЛИБИ
Мини-футбол бўйича «Тожикистон кубоги-2015-2016» мусобақаларининг биринчи босқич доирасидаги Кўлоб минтақаси беллашувлари ниҳоясига етди.
Минтақада иккинчи босқич йўлланмасини қўлга киритиш учун ўнта жамоа кураш олиб борди.
Ҳал қилувчи финал босқичи учрашувида эса, «Чортанг» ва «Эсхата» клублари майдонга тушди.
Ўйиннинг асосий вақти дуранг кўринишдаги - 1:1 ҳисоби билан якун топди.
Ғолиб ўйиндан кейинги олти метрлик зарба бериш йўли билан аниқланди. Бу борада «Чортанг» командасидагилар тажрибали эканликларини исботлаб, 4:3 ҳисобида ғалаба қозондилар.
Ушбу турнир уч босқичда ўтказилади. Биринчи-минтақавий, иккинчи «Про» (Касбий футзал лигаси) жамоалари иштирокида. Сўнгги учинчи босқичда эса, мамлакатнинг энг зўр 10та жамоаси бош соврин учун кураш олиб боради.
ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ МЕДАЛЛАРИ
Қозоғистон Республикасида курашнинг спорт ва жанговар самбо турлари бўйича ёшлар ва катталар ўртасида «Осиё чемпионати- 2015» беллашувлари ўтказилди.
Унда иштирок этган Тожикистон терма жамоаси самбочилари улкан зафарлар қучиб қайтдилар.
Курашчиларимиз 28та - 13та олтин, 9та кумуш, 6та бронза медалларига сазовор бўлдилар.
Қитъа биринчилигида Осиёнинг Афғонистон, Индонезия, Қозоғистон, Корея, Қирғизистон, Малайзия, Монголия, Непал, Тожикистон, Ўзбекистон сингари ўндан зиёд давлатларининг 300 нафардан ортиқ спортчилари ўз Ватанлари шарафини ҳимоя қилдилар.
«БАРСЕЛОНА» - САЙЁРАДА ТЕНГСИЗ
Япониянинг Иокогама шаҳрида футбол бўйича клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати турнири ўтказилди.
Сайёранинг энг кучли жамоасини аниқлаб берувчи учрашувда Европа ва Жанубий Америка қитъаларининг намояндалари Испаниянинг «Барселона» ҳамда Аргентинанинг «Ривер Плейт» жамоалари тўптепарлари «яшил майдонга» тушдилар.
Учрашув испанларнинг устунлигида ўтиб, улар ўз ҳужумчилари Луис Суарес эришган «дубл» ва Лионел Месси киритган гол эвазига йирик-3:0 ҳисобида ғалаба қозондилар.
Шундай қилиб, Испаниянинг «Барселона» клуби дунёдаги энг зўр жамоа, деб тан олинди.
РОССИЯНИНГ «ҚОНИҚАРСИЗ» ЧИҚИШИ
Москвада шайбали хоккей бўйича Европа турнирининг иккинчи босқичи саналган «Биринчи канал кубоги» мусобақалари тугади.
Унда энг кўп очко жамғарган Швеция терма жамоаси ўз тарихида иккинчи марта мазкур турнирда ютиб чиқди.
Иккинчи ўрин финларга, учинчи жой эса, Чехия терма жамоасига насиб этди.
Майдон эгалари россиялик хоккейчилар эса, турнирда шведларга 0:3, чехларга 2:4 ҳисобида ютқаздилар. Финляндия термасини 8:1 ҳисобида доғда қолдирдилар.
Шундай қилиб, Олег Знарок шогирдлари уч имкониятдан уч очко жамғариб, турнир жадвалининг энг сўнгги поғонасини эгалладилар.
Россия хоккей федерацияси президенти, афсонавий дарвозабон Владислав Третяк мамлакати терма жамоаси чиқишини «қониқарсиз», дея баҳолади.
КУБАЛИК – КАМАР СОҲИБИ
Америка Қўшма Штатларининг Лас-Вегас шаҳрида енгил вазнли боксчилар ўртасида касбий бокснинг IBF (Халқаро боксчилар федерацияси) йўналиши бўйича вакант (бўш) чемпионлик унвонини қўлга киритиш учун жанг бўлиб ўтди.
Чемпионлик учун россиялик Денис Шафиков ва Куба давлати намояндаси Рансес Бертелёмилар рингга чиқдилар.
Муштлашувнинг биринчи босқичини яхши ўтказган россиялик боксчи иккинчи босқичда анча сусткашликка йўл қўйди. Натижада, ён ҳакамлар 119-109, 116-112, 116-112 ҳисобида «озодлик ороли» боксчисини ғолиб, деб топдилар ва ғолиблик камарини топширдилар.
Россиялик боксчи мағлубиятидан сўнг, журналистларга берган интервюсида «қасос жанги» ўтказиш нияти борлигини маълум қилган.
«Халқ овози»нинг спорт шарҳловчиси.