СПОРТ

АРМИЯЧИЛАРНИНГ ЁРҚИН ҒАЛАБАСИ

Муаллиф: Super user Категория: СПОРТ
Чоп этилган 11 Май 2017 Кӯришлар: 808
Печат

cska-barkchi5

Республикамиз минтақаларидаги стадионларда футбол бўйича олий лига жамоалари ўртасида Тожикистон XXVI чемпионатининг навбатдаги 9-тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Турнинг «миллионлар ўйини» мухлислари диққатини ўзига жалб этган  марказий учрашуви Мудофаа вазирлиги стадионида ўтказилди.

Унда майдон эгалари Марказий армия спорт клуби футболчилари турсунзодалик «металлург»ларни қабул қилишди.

Жамоанинг эронлик лигионери Меҳди Жалидий ва Фирдавс Чақаловлар киритган голлар ҳисобига армиячилар ёрқин ғалабага эришишди.

Бу турда Суғд вилоятининг «Хўжанд» жамоаси Ҳисорнинг «Барқчи» клубига қарши майдонга тушди. Дилшод Бозоров ҳисобига ёзилган ягона гол хўжандликлар ғалабасини таъминлади.

Қўрғонтепа шаҳрида «Вахш» - «Ҳосилот» Хатлон дербисига мезбонлик қилган вахшчилар 2:0 ҳисобида устунликка эришиб, турнир жадвалидаги «хавфли минтақа»ни тарк этдилар.

 

АПРЕЛ ОЙИ СОВРИНДОРЛАРИ

Тожикистон футбол лигаси ойнинг энг яхши ўйинчиси, мураббийси ва ҳаками йўналишлари бўйича совринлар таъсис этди.

Ўтган ой якунларига кўра, энг яхши ўйинчи йўналиши бўйича Душанбенинг ЦСКА «Памир» жамоаси аъзоси Шарафжон Солиҳов ғолиб топилди.

Энг яхши мураббий сўрови бўйича пойтахтнинг «Истиқлол» клуби бош мураббийи Муҳсин Муҳаммадиев ҳаммадан кўп овоз олди.

Ҳакамлар ўртасида эса, душанбелик Беҳрўз Муртазоевнинг қўли баланд келди.

Биринчи лига иштирокчилариаро эълон қилинган ягона - энг яхши ўйинчи йўналиши ғолиблигига Ваҳдат шаҳрининг «Ваҳдат» жамоаси ўйинчиси Фируз Бобиев муносиб топилди.

Ғолибларга Тожикистон футбол федерациясининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

 

------------    Кикбоксинг    ------------

АШХОБОДДА ЭРИШИЛГАН ЗАФАР

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида спортнинг кикбоксинг тури бўйича Осиё чемпионати мусобақалари ўз ниҳоясига етди.

Турнирда қитъанинг 17 давлати намояндалари ўзаро ғолиблик учун кураш олиб бордилар.

Тожикистон таэквондо (ИТФ) ва кикбоксинг федерациясидан маълум қилишларича, юртимиз вакиллари умумжамоа ҳисобида фахрли учинчи жойни ишғол этдилар.

Турнир ғолиблиги мезбонлар – туркманистонлик спортчилар, иккинчи ўрин эса, Эрон намояндаларига насиб этди.

Олдинда спортчиларимизни бундан-да нуфузли мусобақалар кутмоқда. Жорий йилнинг ёзги-кузги мавсумида Кореяда таэквондонинг ИТФ (Халқаро таэквондо федерацияси) йўналиши бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. 

 

=======    Жаҳонда    =======

------------    Хоккей    ------------

НУФУЗЛИ МУСОБАҚА СТАРТИ

Германиянинг Кёлн ва Франция пойтахти Париж шаҳарларида шайбали хоккей бўйича жаҳон чемпионати мусобақаларига старт берилди.

Унда дунёнинг энг кучли терма жамоалари қуйидаги гуруҳларга бўлиниб, жаҳон чемпиони унвони учун беллашишмоқда:

«А» гуруҳи: Швеция, Латвия, Германия, Словакия, Россия Федерацияси, Италия, Америка Қўшма Штатлари, Дания;

«В» гуруҳи: Канада, Чехия, Норвегия, Финляндия, Швейцария, Словения, Франция, Белорус.

Жаҳон чемпионати беллашувлари май ойининг 21 санасигача давом этади ва шу куни ғолиб аниқланади.

 

------------    Бокс    ------------

ГОЛОВКИННИНГ БИРЛАШТИРИЛГАН ЖАНГИ

Ўрта вазндаги спортчилар орасида касбий бокснинг WBА (Super) (Бутунжаҳон боксчилар ассоциацияси), WBC (Бутунжаҳон боксчилар кенгаши), IBF (Халқаро боксчилар федерацияси), IBO (Халқаро боксчилар ташкилоти) йўналишлари бўйича жаҳон чемпиони, қозоғистонлик Геннадий Головкин ва биринчи ўрта вазн тоифасида WBO (Бутунжаҳон боксчилар ташкилоти) йўналиши бўйича жаҳон чемпиони, мексикалик Саул Алвереслар ўртасида бирлаштирилган чемпионлик жанги ўтказиш тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Муштлашув 2017 йилнинг 16 сентябри куни ўтказилади. Жанг ташкиллаштириладиган жой ҳақида қўшимча маълумот берилади.

 

------------    Шаҳмат    ------------

АРМАНИСТОНЛИК – СУПЕРТУРНИР ҒОЛИБИ

Карлсруэ ва Баден-Баден (Германия) шаҳарларида шаҳмат бўйича Grenke Chess Classik халқаро супертурнири якунига етди.

Беллашувларнинг олтинчи турида америкалик гроссмейстер Фабиано Каруанага қарши дона сурган ва дуранг натижа қайд этиб, 5,5 очко жамғарган Арманистон намояндаси Левон Аронян муддатидан илгари ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Уни таъқиб этиб келган амалдаги жаҳон чемпиони, норвегиялик Магнус Карлсен ва Фабиано Каруаналар 4 очкодан тўплашга муваффақ бўлишди.

Мазкур супертурнир анъана тусини олган бўлиб, ҳар йили Германия шаҳарларида ўтказиб келинади.

«Халқ овози»нинг спорт шарҳловчиси.

Joomla блог