1 апрел куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти амалдаги раиси, Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайерни қабул қилди.
Учрашувда Тожикистон ва Германия икки томонлама ҳамкорликлари масалалари ҳамда икки мамлакатнинг Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро алоқалари муҳокама қилинди.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон учрашув аввалида: «Тожикистон Германия Федератив Республикасининг ЕХҲТга раислиги даврида ўрнатилган истиқболларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ҳамда ЕХҲТда диалогни янгилаш, ишонч ва хавфсизликни қайта тиклаш, унинг потенциалини мустаҳкамлаш, Ташкилот имкониятларидан инқирозларни бартараф этиш ва мунозараларни ҳал қилишда фаол фойдаланишни биринчи ўринга қўяди»,- дея зикр қилди.
Томонлар минтақа ва дунёдаги ҳозирги вазият, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорлик, Афғонистон муаммолари, чегарадаги вазиятлар, терроризм, диний экстремизм ва уюшган жиноятчилик юзасидан фикр алмашар эканлар, бу йўналишда ўзаро муносабатларни ривожлантириш ва кенгайтириш минтақа ва дунё мамлакатлари манфаатларига жавоб беришини таъкидлашди.
Тожикистон ва Германия Федератив Республикасининг савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликлари ҳозирги ҳолати ва келгусидаги истиқболлари муҳокамаси чоғида бугун мамлакатлар ўртасидаги шерикчилик устувор тараққиётни таъминловчи барқарор даражада тургани ва мамлакатлар ўртасида яхши шартнома-ҳуқуқий база мавжуд эканлиги қайд қилинди.
Учрашувда Германия Федератив Республикаси Ҳукуматига «Иқлимий молиялаштиришга тайёргарлик» Дастури доирасида Яшил Иқлим Фондига кириш учун ёрдами ҳамда Тожикистон транспорт ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кичик ва йирик сармоявий лойиҳалар амалга татбиқ этилишига қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик изҳор қилинди.
Томонлар Тожикистон ва Германиянинг илм, маориф, маданият ва соғлиқни сақлаш соҳаларида икки томонлама ҳамкорликларини ривожлантириш ва кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини қайд қилдилар.
Сув-энергетик, транспорт-транзит ва экологик масалалар юзасидан мазмунли суҳбат қурилди.
«Ховар» ТМАА.