Миллат пешвоси ўзининг навбатдаги Паёмида таъкидлаганидек, 2018 йилнинг Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, дея эълон қилиниши халқ ижтимоий-иқтисодий ҳаётида мазкур йўналишлар аҳамиятини англашга жиддий туртки берди.
Зикр этилган масалалар ҳал этилишини тезлаштириш ва қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантириш заруратини ҳисобга олган ҳолда, 2019-2021
йиллар - Қишлоқлар, сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йиллари, деб эълон қилинишини тавсия этди.
Сайёҳлик соҳасида инфратузилма ва дастурлар лойиҳалари кўп бўлиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш учун бир йил етарли бўлмайди. Шунинг учун ҳам, Миллат пешвосининг тавсияси ўз вақтида бўлиб, соҳанинг устувор тараққиёти учун хизмат қилади.
Таъкидлаш лозимки, 2018 йилнинг Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, дея эълон қилиниши сайёҳлик соҳасининг кейинги жадал ривожланиши учун мустаҳкам асос бўла олди. Бу даврда бир қатор муҳим ишлар бажарилди. Жумладан, мамлакат миллий сайёҳлик портали ёки сайти 5 тилда тайёрланиб, интернет тармоғида фаолият бошлади. Шу йўл билан, мамлакат сайёҳлик соҳаси дунё бозори, бошқача қилиб айтганда, халқаро туристик тизимга уланди.
Миллат пешвоси яратиб берган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда, бугунги кунгача 75та янги сайёҳлик ширкатлари таъсис этилиб, мамлакат сайёҳлик бозорига кирди ҳамда туристик компанияларнинг умумий сони 145тага етди.
Сайёҳлик инфратузилмаларини бунёд этиш учун асбоб-ускуна, техника ва қурилиш материалларини олиб кириш борасида ҳам бир қатор лойиҳалар, жумладан, меҳмонхоналар, сайёҳлик мажмуалари, истироҳат боғлари, осма йўллар қуриш амалга татбиқ этиш босқичида турибди.
Ўтган даврда республика ҳудудида ички ва хорижий сайёҳлару меҳмонлар 297та меҳмонхона, 94та санаторий, дам олиш масканлари ва 58та сайёҳлик ахборот бурчакларидан фойдаланишди. Тожикистон Республикасининг «Сайёҳлик тўғрисида» ва «Ҳунармандчилик тўғрисида»ги қонунлари лойиҳалари тайёрланди.
Мамлакат Ҳукуматининг бунёдкорлик сиёсати замирида Тожикистон сайёҳлик соҳаси жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий ва диққаттортар сифатида баҳоланиб, мавқеси борган сари мустаҳкамланиб бораётганлиги ифтихор боисидир. Халқаро ташкилотлар Тожикистонни сайёҳлар учун пиёда сайр қилиш, соддалаштирган тартибдаги виза тизими, дунёнинг энг чиройли йўллари, хавфсиз мавзелар ва тунги хавфсизлик таъминланган мамлакатлар ўнталигига киритгани ҳам қувонарли ҳолдир.
Нуъмон АБДУҒАФФОРЗОДА,
Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Сайёҳликни ривожлантириш комитети раиси.