- 2018 йилни дўсту биродар Тожикистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги алоқалар янги тарихининг олтин саҳифаси дейиш мумкин, - деди Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Худоберди Холиқназар ушбу марказ томонидан ташкил этилган «Тожикистон ва Ўзбекистон маданий ҳамкорликлари» мавзусидаги давра столи кириш қисмида.
Мана шундай самимий сўзлар билан бошланган давра столида Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эргаш Шоисматов, мамлакатимизнинг таниқли сиёсатчилари, олимлари, тадқиқотчилари ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Худоберди Холиқназар ўз нутқида тожик ва ўзбек халқларининг азалий дўстлиги, биродарлиги ва қардошлиги ҳақида тўхталиб, яқинда Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази томонидан Тожикистон ва Ўзбекистон чегара ҳудудларида яшайдиган аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилганлиги ҳамда унда берилган саволларга аксарият ижобий жавоб қайтарганлигини маълум қилди.
- Мисол учун, «Тожикистон ва Ўзбекистон алоқаларидаги энг эсда қоларли воқеа қайси эди?»- деган саволга кўпчилик: «Икки мамлакат Президентларининг Душанбедаги яккама-якка учрашуви ва «Дўстлик оқшоми» хотиралари бир умрга ёдимизда қолгувсидир», -дея жавоб беришган. Ҳақиқатдан ҳам, бу тарихий мулоқот бўлди, - деди Х.Холиқназар ва сўзида давом этар экан: - Тожикистон Республикаси Президенти, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг яқинда Ўзбекистон Республикасига бўладиган давлат ташрифи жараёнида икки дўсту биродар мамлакат ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисидаги келишув имзоланиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳужжат мамлакатларимиз ўртасидаги кейинги алоқалар учун мустаҳкам пойдевор сифатида хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эргаш Шоисматовга сўз навбати берилганда, элчи жаноблари жорий йил баҳоридаги учрашув аҳамиятини яна бир марта таъкидлаб, унинг доирасида имзоланган давлатлараро ҳужжатларнинг мамлакатлараро муносабатлардаги ролига юқори баҳо берди.
-Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг август ойида режалаштирилган Ўзбекистонга давлат ташрифига Ўзбекистонда катта тайёргарлик кўрилмоқда. Ташриф доирасида икки қўшни давлатларнинг ўзаро самарали ва яхши қўшничилик муносабатларини такомиллаштиришга хизмат қиладиган муҳим ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон элчисининг сўзларига кўра, давлатимиз раҳбарининг қўшни давлатга ташрифи жараёнида икки мамлакат тадбиркорлик доиралари вакилларининг форуми ҳамда Тожикистон Республикаси саноат маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади. Ушбу иқтисодий тадбирлар Тожикистон ва Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ҳамкорликлари ривожига жиддий туртки бўлиши таъкидланди.
Қолаверса, қардош халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида, олий мартабали меҳмон ташрифи доирасида илм-фан, маданият ва зиёлилар вакилларидан иборат 80 нафардан ортиқ Тожикистон Республикаси делегациясининг Ўзбекистонга сафар қилиши, улар ушбу мамлакатнинг Тошкент, Самарқанд ва бошқа тарихий шаҳарларида бўлишлари, илм-фан, маданият ва санъат вакиллари билан учрашуву мулоқотлар уюштиришлари айтилди.
Мана шундай маданият, адабиёт, санъат ва зиёлилар вакилларининг доимий учрашувлари муштарак тарих ва маданиятга эга халқларимиз ўртасидаги дўстликнинг абадий бўлишига салмоқли ҳисса қўшиши аниқ.
Ўзбекистон Республикасининг Тожикистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эргаш Шоисматов нутқи сўнгида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш рамзи ўлароқ, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази кутубхонасига мустақиллик йилларида ушбу мамлакатда чоп этилган турли соҳаларга оид китобларни тақдим этди. Бу китоблар, асосан, Ўзбекистоннинг кўҳна ва бугунги тарихи, тарихий ёргорлик ва муқаддас қадамжолари, тили, адабиёти, маданияти, этнографияси ҳамда ташқи сиёсати ҳақида бўлиб, улар ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этилган.
«Тожикистон ва Ўзбекистон маданий ҳамкорликлари» деб ном олган давра столида, шунингдек, тарихчи, адабиётшунос ва этнограф олимлар, жумладан, Тожикистон Миллий университети профессорлари Мисбоҳиддин Нарзиқул, Равшан Раҳмоний ва М.Низомийлар икки қардош халқ ўртасидаги муштарак тарих, адабиёт, маданият ва урф-одатлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Давра столи иштирокчилари давлат ва миллатлараро дўстлигу биродарлик алоқаларини янада ривожлантириш, икки халқнинг буюк аждодлари – мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоий асос солган дўстликка содиқ қолиш ҳамда уни илоҳий неъмат сифатида асраб-авайлаш борасида амалий таклиф ва тавсияларини илгари суришди.
Зуҳриддин УМАРОВ, «Халқ овози».