30 ноябр куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ)нинг Коллектив хавфсизлик кенгаши навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Белорус Республикасининг Минск шаҳрига сафар қилди.
Шу куни Тожикистон Республикаси Президенти Минск шаҳрида
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг Коллектив хавфсизлик кенгаши навбатдаги мажлисида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Мажлис ишида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Арманистон Президенти Серж Саргсян, Белорус Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этди.
Тор доирада ўтган учрашув аввалида минтақа ва дунёдаги ҳозирги вазият муҳокама этилганидан кейин, КХШТга аъзо давлатлар бошлиқлари ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда аъзо давлатларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича турли соҳалардаги ҳамкорликлар ва мажлис кун тартибидаги бошқа масалаларни белгилаб олишди.
Ўз чиқишида Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон мажлис иштирокчилари диққатини сайёра муаммолари, аъзо давлатлар хавфсизлигига таҳдид солувчи глобал ва минтақавий хатарлар ҳамда муштарак ҳаракатлар заруратига қаратди. Миллат пешвоси терроризм ва экстремизмнинг кучайиб бораётгани, қурол-яроқлар, наркотик моддалар ноқонуний савдоси ва уюшган трансчегаравий жиноятчиликнинг бошқа шакллари олдимизга янгидан-янги вазифалар қўяётганини қайд қилди.
Тожикистон Президенти ўз чиқишида шериклар диққатини Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегараларни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатларнинг жанубий чегараси сифатида ҳимоялаш ва мудофаа этишни мустаҳкамлашга қаратди.
Ўз чиқиши охирида Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмон 2025 йилгача давр учун коллектив хавфсизлик стратегиясини амалга татбиқ этиш режаси ҳамда қабул қилинган резолюциялар ташкилотга аъзо давлатлар коллектив хавфсизлигини таъминлаш учун жуда мушкул масалаларни ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшишига ишонч билдирди.
Навбатдаги мажлис Коллектив хавфсизлик шартноманинг 25 йиллиги ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг 15 йиллиги муносабати билан Коллектив хавфсизлик шартномасига аъзо мамлакатлар бошлиқларининг муштарак декларацияси қабул қилиниши билан ўз ишини якунлади.
«Ховар» ТМАА.