Ҳар бир давлату миллатни дунё аҳлига танитадиган асосий воситалардан бири, бу ўша мамлакатнинг давлат рамзларидир. Уларда, аввало, миллатнинг ўтмиши, бугуни, бой тарихий ва маданий қадриятлари, миллийлиги ўз аксини топиб, халқни порлоқ келажак сари етаклайди.
Биз яқинда чорак асрлик юбилейини катта тантаналар билан нишонлаган Тожикистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йилнинг 16 ноябридан
2 декабригача давом этган ХVI сессиясида бир қатор тарихий қарорлар қабул қилиниши баробарида, мустақил давлатимиз байроғини ҳам қабул қилиш масаласи кўндаланг турарди. Халқ депутатлари ўша йилнинг 24 ноябрида бу масалани ҳам ижобий ҳал этишиб, бир овоздан давлатимизнинг янги байроғини тасдиқладилар.
Тожикистон Олий Кенгашининг янги сайланган Раиси муҳтарам Эмомали Раҳмон эса, мана шу байроқни ўпиб, ушбу масъулиятли вазифада ўзининг тинчликпарварлик ва бунёдкорлик сиёсатини бошлади.
Давлат байроғининг қабул қилинганига ҳам 25 йил тўлди.
Миллий байроққа эҳтиром кўрсатиш мақсадида 2009 йил Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ташаббуси билан 24 ноябр – Давлат байроғи куни сифатида эълон қилинди.
Ушбу ташаббус ортидан, 2011 йилнинг 30 августида пойтахтимиз Душанбеда миллий байроғимиз 165 метр баландликка кўтарилиб, Гиннес рекордлар китобига киритилди.
Ҳа, бугун мустақил Тожикистонимизнинг ҳар бир фуқароси учун фахр, ғурур, озодлик ва миллий ўзликни англаш тимсоли бўлган давлатимиз байроғи тинч ва осуда Ватанимизнинг барча гўшасида абадий ҳилпираб, бизни буюк мақсад ва улкан марралар сари бошлайверсин...
Зуҳриддин УМАРОВ, «Халқ овози».