Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи доирасида Пекин шаҳрида Тожикистон ва Хитойнинг Сармоявий-иқтисодий форумида иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Тадбирни кириш сўзи билан Хитой Халқ Республикасининг Тижорат вазири Чун Жан очиб, сўнгра сўз навбатини Тожикистон Республикаси
Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмонга берди.
Бу учрашувнинг ўтказилиши икки қўшни мамлакатнинг келгусидаги тижорат, иқтисодиёт ва сармоявий ҳамкорликлари реал имкониятларини янада кўпроқ ва яхшироқ намойиш этиш учун қулай фурсат, дея аталди.
Тожикистон Республикаси Ҳукумати тадбиркорлар, хорижий сармоядорлар учун яхши ва қулай шароитлар яратиш бўйича мақсадли чора-тадбирлар қабул қилаётгани, тадбиркорликни ривожлантириш ва сармоялар жалб этишни мамлакат иқтисодий сиёсатининг истиқболли йўналишларидан бири сифатида эълон қилгани қайд этилди.
Давлат бошлиғи сўнгги йилларда Тожикистон «Ўнта етакчи ислоҳотчи мамлакат» рўйхатига уч марта киритилгани, тижоратни қайдга олиш, солиқ, кредит ва халқаро савдо кўрсаткичлари бўйича «Тижоратни ривожлантириш» рейтингида ўз мавқеини яхшилагани, Хитой Халқ Республикаси тадбиркорлик доиралари ва компаниялари ҳам Тожикистон Республикасида солиқ солишнинг 240тага яқин имтиёзлари ва қарийб 70 хил сармоявий рағбатлантиришдан фойдаланишлари мумкинлигини қониқиш билан зикр этди.
Иқтисодиёт, энергетика, инфратузилма, транспорт ва коммуникация, металлургия, машинасозлик саноати, қазиб олиш ва фойдали қазилмалар, жумладан, тоғ минералларини қайта ишлаш, химия, енгил ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, агросаноат комплекси ва сайёҳлик соҳаларида икки томонлама ҳамкорликларни йўлга қуйиш учун фойдали таклифлар илгари сурилди.
Тожикистон Республикасининг тўртта озод иқтисодий минтақаси, Тожикистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида ҳамкорлик дастурининг имзоланиши ҳамда Тожикистон ва Хитой саноат минтақасини ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш икки мамлакат тадбиркорлик ва бизнес доиралари икки томонлама муносабатларини мустаҳкамловчи бошқа имкониятлар сифатида кўрсатиб ўтилди.
Тожикистонда Хитой тадбиркорлик ва бизнес доиралари билан конструктив ҳамкорликларни йўлга қўйиш учун барча зарур шароитлар яратилгани, бу имкониятлардан самарали фойдаланиш иккала томон учун ҳам ҳар томонлама фойдали эканлиги таъкидланди.
Тожикистон ва Хитой Сармоявий-иқтисодий форумида Сармоялар ва давлат мол-мулкини бошқариш давлат комитети раиси Файзиддин Қаҳҳорзода Тожикистон иқтисодиёти турли соҳалари, жумладан, гидроэнергетика, нефт ва газ, саноат, тоғ минералларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги, алюминий маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш, банк тизими, сайёҳлик ва бошқа соҳаларни сармоялаштиришнинг кенг имкониятлари бўйича батафсил тақдимотни намойиш этди.