4 август куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон бунёдкорлик ва дала ишларининг бориши билан танишиш мақсадида Хатлон вилоятининг Қабодиён ноҳиясига ташриф буюрди.
Муваққат аэропортда ноҳиянинг шарафли ва меҳнатсевар халқи Давлат бошлиғини ўзига хос самимият ва чексиз эҳтиром билан кутиб олишди.
Хатлон вилоятининг Қабодиён ноҳиясига иш ташрифи доирасида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон "Тахти Сангин" қишлоқ жамоатининг Ҳаваскор қишлоғи деҳқон хўжаликларида дала ишларининг бориши, жумладан, пахта теримининг бошланиши ва сабзавотлар етиштирилиши билан танишди.
Жорий йил Қабодиён ноҳияси деҳқонлари ғалланинг барча турларидан кутилган ҳосилни олганликлари маълум қилинди. Кўрсаткичларга биноан, деҳқонлар жорий йилнинг 1 июлигача 2 минг 300 гектар умумий майдондан 10 минг тоннадан зиёд ғалла йиғиб олишган.
Миллат пешвоси, шунингдек, Ҳаваскор қишлоғининг "Маҳмади Полвон" деҳқон хўжалигида пахтакорлар ишлари билан танишди. Мазкур хўжалик меҳнаткашлари жорий йил 6 гектар майдонда пахтанинг "Тожикистон" навини янги плёнка усулида экишни йўлга қўйишган.
Жорий йил Қабодиён ноҳиясининг барча деҳқон хўжаликларида 7 минг 510 гектар майдонга пахта экилгани маълум қилинди. Кузатувларга қараганда, пахталар яхши ривожланмоқда ва ноҳия деҳқонлари 2017 йилда гектаридан ўртача 25-30 центнердан пахта жамғаришни режалаштиришяпти.
Давлат бошлиғи, шунингдек, Ҳаваскор қишлоғининг "Мўсобобо" деҳқон хўжалигида такрорий экин ишларининг бориши билан ҳам танишди. Беш гектардан ташкил топган ушбу хўжалик ерларида эртачи экинлар экилиши йўлга қўйилган. Мазкур хўжалик меҳнаткашлари такрорий экин билан боғлиқ ишларнинг 80 фоизини, аллақачон, охирига етказишган. Улар томонидан картошка, помидор, карам, пиёз, шоли ва бошқа турдаги сабзавотларнинг такрорий экини йўлга қўйилган. Умуман, ноҳияда 2 минг 764 гектар майдонга такрорий экин экилган бўлиб, бу режанинг 92 фоизини ташкил қилади.
Кўргазмада тайёр саноат маҳсулотлари намойишга чиқарилди. "Насими Раҳим" масъулияти чекланган жамияти бугун Қабодиён ноҳиясида тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастури доирасида фаолият юритаётган корхоналардан бири ҳисобланади. Мазкур корхона мева ва сабзавотлардан тайёрланган консерваларнинг 10 турини намойишга чиқарди.
Ноҳияда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилган. "Ороиши диёр" МЧЖ цементдан турли қурилиш материаллари, жумладан, декоратив тош плиталар тайёрлайдиган ишлаб чиқариш корхоналаридан бири ҳисобланади. "Аввалин" ёпиқ ҳиссадорлик жамияти Қабодиён ноҳиясининг энг йирик корхоналаридан бири ҳисобланиб, унда қизилмия илдизини қайта ишлаш орқали жигар касалликларини даволаш учун шифобахш дори-дармон воситалари ҳамда глицирризин кислотаси ишлаб чиқарилади. Мазкур корхона 2010 йили республика Ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши натижасида ташкил этилган бўлиб, айни пайтда бу ерда қизилмиядан дори-дармон воситалари ва қизилмия қолдиғидан брикет ёнилғи материали ишлаб чиқарилади.
Давлат бошлиғига Қабодиён ноҳиясида кичик шохли чорва боши 32 мингтани ташкил қилиши, бу ўтган йилга нисбатан 816 бошга кўп эканлиги борасида хабар берилди. Йирик шохли чорва ноҳия миқёсида 1 минг 769 бошга етган. Чорвачилик соҳаси йиллик режасини ижро этиш ноҳияда 120 фоизга таъминланган.