18 июл куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Намояндалар мажлиси томонидан қабул қилинган ва Миллий мажлис томонидан маъқулланган бир қатор қонунларни имзолади.
Тожикистон Республикасининг "Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси тўғрисида", "Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Миллий
мажлиси аъзоси ва Намояндалар мажлиси депутатининг ҳуқуқий мақоми тўғрисида", "Тожикистон Республикаси Ҳукумати тўғрисида"ги конституцион қонунлари, Тожикистон Республикасининг "Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тўғрисида" ва "Ички сайёҳлик тўғрисида"ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш шулар жумласидандир.
Тожикистон Республикасининг "Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси тўғрисида", "Тожикистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар тўғрисида", "Тожикистон Республикаси Ҳукумати тўғрисида"ги конституцион қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар ушбу органлар фаолиятини мустаҳкамлаш ҳамда мазкур ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни Тожикистон Республикаси Конституциясига 2016 йил 22 январ куни киритилган ўзгартишу қўшимчаларга мувофиқлаштириш мақсадида киритилган бўлиб, Миллий мажлис аъзолари, Намояндалар мажлиси депутатлари ва мамлакат Ҳукумати аъзоларининг масъулиятларини юксалтиришга йўналтирилган. Миллий мажлис аъзоси, Намояндалар мажлиси депутати сифатида фақатгина Тожикистон Республикаси фуқаролигига эга бўлган шахс сайланиши ёки тайинланиши мумкинлиги кўрсатилган. Ўз навбатида, бошқа давлат фуқаролигини олиш Миллий мажлис аъзоси, Намояндалар мажлиси депутати ва Ҳукумат аъзоси ваколатини тўхтатиш учун асос бўла олади.
Тожикистон Республикасининг "Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тўғрисида"ги қонуни хўжалик фаолияти жараёнида табиатга салбий таъсир олдини олиш ва камайтириш мақсадида қабул қилинган бўлиб, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тартиби, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш иншоотлари ҳисоби, классификацияси ҳамда Тожикистон Республикаси Ҳукумати ва ушбу соҳадаги бошқа давлат органларининг ваколатларини белгилайди.
Тожикистон Республикасининг "Ички сайёҳлик тўғрисида"ги қонуни ички сайёҳликнинг ташкилий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий асосларини белгилаб, соҳани ривожлантириш учун шароит яратишга йўналтирилган.
Қонунда ички сайёҳлик тизими, соҳани ривожлантиришда давлат ёрдами ва рағбатлантириши, ички сайёҳлик соҳасида хизмат кўрсатишни ташкил қилиш тартиби, давлат органлари ваколатлари, хизмат кўрсатиш субъектлари ва сайёҳларнинг мажбуриятлари, соҳанинг халқаро ҳамкорликлари ва унинг бошқа қирралари тартибга солинган.
Имзоланган қонунлар тинчлик ва бирликни мустаҳкамлаш, инсон, унинг ҳуқуқ ва озодликларини ҳимоялаш, давлат, ташкилотлар ва муассасалар манфаатларини ҳимоялаш, жиноятчиликка қарши кураш ва жамоатчилик тартиботини мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий фаолиятни ривожлантириш, жамият ҳаёти турли соҳаларини тараққий эттиришга йўналтирилган.
Қабул қилинган қонунларнинг тўлиқ матни яқин кунларда мамлакат расмий матбуотида эълон қилинади.
"Ховар" ТМАА.