28 июн куни Миллат қасрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийяртони қабул қилди.
Суҳбат аввалида Давлат бошлиғи Тожикистон ташқи сиёсатида Венгрия билан икки томонлама ва кўп қиррали муносабатлар муҳим ўрин эгаллаши ва 25 йилдан буён ўзаро манфаат даражасида давом этаётганини айтди.
Бугунги учрашув Тожикистон ва Венгриянинг жорий ва келгусидаги кўп томонлама ҳамкорликларини кўриб чиқиш учун қулай имконият, дея аталди.
Тожикистон ва Венгриянинг сиёсий ҳамкорликлари даражасидан қониқиш изҳор қилиниб, иккала томон ҳам БМТ, Европа Иттифоқи, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда бошқа халқаро иқтисодий ва молиявий ташкилотлар доирасида келгусидаги муваффақиятли алоқалардан манфаатдорликларини билдиришди.
Суҳбатдошлар иқтисодиёт, савдо, сармоялар, гидроэнергетика, ахборот технологиялари, маориф, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва маданият соҳаларидаги давлатлараро ҳамкорликларни мустаҳкамлашдан манфаатдорликларини билдиришиб, келажакда парламентлараро ҳамкорликларни мустаҳкамлаш, тадбиркорлар, тижоратчилар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, Иқтисодий, савдо, илмий ва техник ҳамкорликлар бўйича ҳукуматлараро комиссияни ташкил этиш, пахта толаси, мевалар, сабзавотлар, тоғ минераллари, қимматбаҳо тошлар ва металларни қайта ишлаш муштарак лойиҳаларини амалда татбиқ этиш, тўқимачилик ва қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришда иштирок ҳамда сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликларни мустаҳкамлаш муҳимлигини зикр этишди.
Тожикистоннинг сув захираларидан фойдаланишдаги роли ва етакчилиги ҳамда сув масалаларини ҳал қилишдаги глобал ташаббусларига юқори баҳо берилиб, Тожикистон ва Венгриянинг иккала давлатнинг ҳам Сув масалалари бўйича олий даражадаги панелга аъзоликлари доирасидаги давлатлараро ҳамкорликларини мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд қилинди.
Учрашувда, шунингдек, Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш, халқаро терроризм ва экстремизм, наркотик моддалар ноқонуний савдоси ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
"Ховар" ТМАА.