23 май куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон пойтахтнинг марказий стадионида Ёшлар кунига бағишлаб ўтказилган маданий тадбирда иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Дастлаб Давлат бошлиғи тантанали тадбирнинг барча иштирокчилари ва улар сиймосида мамлакатимизнинг барча бахтли ёшларини Ёшлар куни билан
табриклади.
Миллат пешвоси мамлакат Ҳукуматининг ёшлар бунёдкорлик кучларини ҳамма томонлама қўллаб-қувватлашга доир ҳаракат ва интилишларини зикр этар экан, давлат ва Ҳукумат раҳбарияти мустақилликни қўлга киритган илк кунларданоқ давлат ёшлар сиёсатини ижтимоий соҳада истиқболли йўналишлардан бири ҳисоблашини қайд қилди.
Ёшлар сиёсати аҳамияти ва шакллантириш заруратини ҳисобга олган ҳолда, республика раҳбарияти томонидан бир қатор қонун ва давлат дастурлари, жумладан, Тожикистон Республикасининг "Давлатнинг ёшлар сиёсати тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган.
Бу ташаббус давлатнинг жамият фаол қатлами, яъни ўсмирлар ва ёшларга нисбатан алоҳида қизиқиши ёрқин кўрсаткичи ҳисобланади.
Айнан республика Ҳукуматининг ташаббуслари ва доимий қўллаб-қувватлаши туфайли бугун ёшларимиз мустаҳкам ирода билан илм ўрганиб, касб ва ҳунар эгаллашаётгани, севимли мамлакатимизни ободонлаштириш ва ривожлантириш йўлида фаол ҳаракат қилишаётгани қайд қилинди.
Ўз чиқишида Давлат бошлиғи жамоатчиликни ёшларда юксак миллий, ватанпарварлик ва ўзига хосликни тарбиялашга вазифадор қилди.
Ўсмирлар ва ёшлар озод ва мустақил Тожикистон, гўзал ва жаннатмакон мамлакатда яшаётганликлари, ноёб маданият ва маънавият ворислари эканликларига шукрона тарзида Тожикистоннинг ҳар бир қарич ерини ўзлари учун муқаддас ҳисоблайдиган руҳда вояга етишлари зарур.
Сўзи охирида Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон барча ёшларни байрамлари билан яна бир марта табриклаб, ёшлар бундан кейин ҳам аждодлар эзгу режалари ва ниятлари, қадимий тожик миллатининг минг йиллик орзуларини амалга татбиқ этувчилар сифатида Ватанга юксак масъулият, садоқат ва ифтихор билан хизмат қилишлари ҳамда яшашларига ишонч билдирди.
Ёшлар кунига бағишланган тантанали тадбир ранг-баранг концерт дастури билан давом этди. Тадбир иштирокчиларига ёшлар ютуқлари ва мамлакат ривожу равнақини ўзида акс эттирган концерт дастури намойиш этилди.
«Ховар» ТМАА.