СИЁСАТ

ЁШЛАР – ЮРТ РАВНАҚИНИНГ АСОСИЙ ПОЙДЕВОРИ

Муаллиф: Super user Категория: СИЁСАТ
Чоп этилган 23 Феврал 2017 Кӯришлар: 1675
Печат

 

yoshlar 2017 2Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ўтган йилнинг 22 декабрида Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Паёмида мустақил юрт ёшларининг жамият равнақи йўлидаги масъулияти, мамлакатимизнинг келгусидаги ҳаётини ёшларсиз тасаввур этиш мумкин эмаслигини қайд этиб, жорий йилни Ёшлар йили, деб эълон қилди.

Президентимизнинг бу таклифини Ватанимиз ёшлари юксак миллий ифтихор билан қабул қилиб, йил давомида нималарга қодир эканлигини, албатта, намоён этади. Зеро, ёшлар ўзининг олижаноб ташаббуси, софдиликка, адолатга, башарий ҳақиқатга чексиз интилиши билан тараққиётнинг буюк кучларидан бири ҳисобланади. Ҳар қандай жамиятда тўғри ривожланиш йўлини танлаган давлат, аввало, ўз ёшларига таянади ва улар учун барча шарт-шароитларни яратиб беради. Шундай экан, Тожикистонимиз ёшлари учун яратилаётган қулайликлар, аллақачон, ўз самарасини бермоқда. Айниқса, Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши туфайли юртимиздаги юзлаб ёшлар чет элларда таҳсил олиб, ватанимизни дунёга танитмоқда.

 

__________________________________________________

 «Бугунги ёшларимиз, яъни мустақиллик даври ўсмирлари ўзининг  билим савияси, саводхонлиги, юксак дунё қараши-ю, ахлоқ-одоби билан олдинги ёшлардан том маънода фарқ қиладики, бу билан фахрланишимиз керак».

 

Эмомали Раҳмон.

__________________________________________________

Муҳтарам Президентимизнинг ушбу таклифидан руҳланган Ёвон ноҳияси «Ҳаёти нав» жамоати қошидаги ёшлар комитетида ҳам йиллик иш режасига қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, жамоат ҳудудида яшовчи ёшлар билан ишлаш, уларнинг жамият ишларига фаоллигини янада кучайтириш ишлари режалаштирилмоқда. Жамоатдаги 61-ўрта умумтаълим муассасаси директори Бахтали Каримов мактаб ёшларининг келгуси фаолияти ҳақида гапириб:

 -Уларнинг баркамол бўлиши жуда ҳам зарур, деб ҳисоблайман. Бола мактабни тугатгандан кейин ҳам кўп нарсани ўрганиши мумкин, аммо машғулот кўникмаси ва ахлоқий камолотнинг асоси ёшликдан шаклланади,- дейди.

Ёшлар комитетининг асосий тадбирларидан бири қишлоқ ёшлари, айниқса, қизларни олий ўқув юртларига жалб қилиш, уларни ватанимизнинг порлоқ келажаги учун муносиб фарзандлар этиб тарбиялаш ишлари йўлга қўйилмоқда. Шу ўринда қайд этиш керакки, биргина Ваҳдат қишлоғидан ўтган йили ўнлаб қизлар Миллий тест маркази орқали олий ва ўрта махсус билим юртларига қабул қилиниб, таҳсил олмоқда.

Паёмда таъкидланганидек, мамлакатимиз Қуролли кучлари сафида хизмат бурчини мардларча адо этаётган йигитлар Ватан ҳимояси ва ҳарбий мудофаани мустаҳкамлашга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Тожикистон тинчлиги, унинг устувор тараққиёти йўлида ёшларнинг ташаббускорлиги, ҳаётда муносиб ўринларини топишлари учун яратилаётган барча қулайликлардан фойдаланишлари лозим. Мамлакат мудофаа тизимидаги замонавий қулайликларнинг йўлга қўйилиши ортидан сўнгги йилларда Ватан хизматига ихтиёрий равишда қабул қилинаётган мард ва жасур йигитлар сони сезиларли даражада ошмоқда.

«Ҳаёти нав» жамоати қошидаги ҳарбий бўлим ходимларининг ёшларни ҳарбий билим юртларига, қисқа муддатли ҳарбий ҳайдовчилар тайёрлаш курсларига жалб қилиш чора-тадбирлари, айниқса, таҳсинга сазовордир. Чунки ёшларнинг замонавий билимларни пухта эгаллаши, касб танлаш, ватан ҳимояси, ихтирочилик ва ташаббускорлик ғояларини илгари суриш юрт равнақининг асосий пойдеворидир.

 

Ўз мухбир.