24 январ куни Миллат қасрида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақаси бўйича махсус намояндаси Питер Бурианни қабул қилди.
Учрашувда Тожикистон ва Европа Иттифоқи икки томонлама ва кўп қиррали ҳамкорликларининг ҳозирги ҳолати ҳамда келгусидаги
тараққиёти истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар Тожикистон ва Европа Иттифоқи муносабатлари даражасини юқори баҳолаб, сиёсий-иқтисодий ва маданий ҳамкорликлар кенгайиши тенденциясидан қониқиш изҳор қилишди.
Тожикистон томони Европа Иттифоқи билан ўзининг дўстона ва фаол алоқаларини ривожлантиришу кенгайтириш учун тинимсиз ҳаракат қилаётгани, бу йўналишда Тожикистон ва Европа Иттифоқи ўртасида шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув, сиёсий масалалар ва хавфсизлик бўйича диалоглар, инсон ҳуқуқи соҳасидаги, иқтисодий муносабатлар ва парламентлараро алоқалар соҳасида ҳамкорликлар бўйича комитет имкониятларидан самарали фойдаланаётгани қайд қилинди.
Томонлар, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг 2020 йилгача кўп йиллик индикатив дастури, Европа Иттифоқининг Тожикистон учун минтақавий стратегияси доирасида кўп қиррали ҳамкорликлар масалалари юзасидан фикр алмашишди.
Тожикистон ва Европа Иттифоқи ўртасида маҳсулот айирбошлаш ҳажми ўсишидан қониқиш изҳор қилинди. Суҳбатдошлар, шунингдек, жаҳон молиявий инқирозининг Тожикистон иқтисодиётига таъсирини камайтириш йўлида алоқаларни чуқурлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратишди.
Маориф ва илм соҳасидаги ҳамкорликларни келгусида кучайтиришдан манфаатдорлик изҳор қилиниб, бу йўналишда аниқ фанлар ва янги технологиялар соҳаларида малакали кадрларни тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.
Учрашувда, шунингдек, минтақавий ва халқаро хавфсизлик, Афғонистондаги мушкул ҳарбий-сиёсий вазият, халқаро терроризм ва экстремизм таҳдидининг ошиб бораётгани ҳақидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Тожикистон ва Европа Иттифоқининг икки томонлама ва кўп қиррали ҳамкорликлари ошиб бораётган глобал таҳдидларга қарши кураш жараёни ҳамда Тожикистоннинг Афғонистон Ислом Республикаси билан давлат чегараси мустаҳкамланишига янада кўпроқ ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.
"Ховар" ТМАА.