20 август куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон таниқли тожик спортчиси Дилшод Назаровни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳридаги 2016 йилги Ёзги Олимпия ўйинларида босқон ирғитиш бўйича мусобақалари финал босқичида ғолибликка эришгани ва олтин медални қўлга киритиши муносабати билан табриклади.
Давлат бошлиғи Дилшод Назаров Олимпия ўйинларининг олтин медалини қўлга киритгани туфайли Тожикистон шарафини ҳимоя қилиб, давлат байроғини юксак кўтаргани, бу тожик халқи учун ифтихор белгиси эканлигини таъкидлади.
Дилшод Назаровнинг сўзларига кўра, ушбу нуфузли мусобақаларда ғалабага миллий бирлик, мустақиллик, Миллат пешвоси Эмомали Раҳмоннинг қўллаб-қувватлаши туфайли эришган. Айнан Давлат бошлиғининг ҳаракатлари ва ташаббуслари туфайли мамлакатда спорт тараққиёти таъминланиб, спортчиларимиз турли даражадаги халқаро спорт мусобақаларида иштирок этишяпти ва совринли ўринларни эгаллашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, босқон ирғитиш бўйича мусобақалар финал қисми 19 август соат 21:05да, Душанбе вақти билан эрталабки соат 5:05 дақиқада Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳридаги Олимпия стадионида бошланди. Дилшод Назаров 78,68 метрлик натижа кўрсатиб, ўз рақибларидан ўзиб кетди.
Дилшод Назаров Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳридаги 2016 йилги Ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олган биринчи тожик спортчиси ҳисобланади. Ўтган йил май ойида Чехия Республикасида босқон ирғитиш бўйича Гран-при сериясидаги жаҳон мусобақаларида 79,36 метр натижани кўрсатиб, иккинчи ўринни эгаллади ва Рио-2016 Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.
Таниқли тожик босқон ирғитувчиси Дилшод Назаров 1982 йилнинг 6 май куни Душанбе шаҳрида туғилган. 2015 йил Пекиндаги Жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори, 2006, 2010 ва 2014 йиллар Осиё ўйинлари ғолиби, Осиё уч карра чемпиони (2009, 2013, 2015 йиллар), ўсмирлар орасида икки карра Осиё чемпиони (1999 ва 2001 йиллар) ҳисобланади.
Дилшод Назаров 2014 йилнинг январидан Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Ёшлар, спорт ва сайёҳлик комитети раиси ўринбосари ҳамда Тожикистон Енгил атлетика федерацияси раиси ҳисобланади.
Оилали, икки фарзанднинг отаси.
«Ховар» ТМАА.