13 август куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон картошкапарварлик ва асаларичилик соҳалари билан танишиш мақсадида Ваҳдат шаҳрининг Ромит қишлоқ жамоатидаги Канаск мавзесига иш сафари уюштирди.
Бу хушманзара минтақада Давлат бошлиғи муҳтарам Эмомали Раҳмон деҳқон хўжаликларида картошкапарварлар фаолияти, қишлоқ хўжалиги соҳаси тараққиёти ҳолати билан танишди.
Таъкидлаш жоизки, Канаск мавзеси умумий майдони 44 минг гектарни ташкил қилиб, минтақа ўзининг салқин иқлими ва хушманзара табиати билан ажралиб туради.
Канаск мавзеси Ваҳдат шаҳрининг шимолий-шарқий қисмида, шаҳар марказидан 100 километр масофада денгиз сатҳидан 2400-2500 метр баландликда жойлашган.
Канаск ўзининг доривор гиёҳлари, зилол чашмалари, иссиқ булоқлари билан машҳур бўлиб, чорвачилик ва асаларичилик учун жуда қулайдир.
Бу мавзе қирлари ва яшил ўтлоқларида айни пайтда 210 нафар чорвадор 50 минг бошдан зиёд йирик ва кичик шохли чорва парвариши билан шуғулланмоқда.
Мамлакат Президенти Эмомали Раҳмонга картошкапарварлик соҳасини ривожлантириш учун деҳқон хўжаликларига аниқ бир миқдорда ер участкалари ажратилгани маълум қилинди. Жумладан, Канаск мавзесида «Диамант К» МЧЖ томонидан 63 гектар ҳамда бошқа деҳқон хўжаликлари томонидан 20 гектар майдонга картошка экилган.
Меҳнаткашлар билан суҳбат чоғида Ваҳдат шаҳри аҳолиси қишлоқ хўжалик соҳасини ривожлантириш Миллат пешвоси Эмомали Раҳмоннинг доимий қўллаб-қувватлаши билан бевосита боғлиқ эканлигини таъкидлашди.
Жорий йилда шаҳар деҳқонлари мамлакат Президентининг ердан унумли ва самарали фойдаланиш, такрорий экинларни амалга ошириш, шу йўл билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини яхшилашга доир топшириқ ва кўрсатмаларини амалда ижро этиш мақсадида режалаштирилган 3 минг 375 гектар ўрнига 4 минг 200 гектар майдонда такрорий экин экишди. Бу режанинг 121 фоизини ташкил қилади ва ўтган йилга нисбатан 725 гектарга зиёддир.
2016 йили 737 гектар майдонда картошка парвариш қилинган бўлиб, бу 2015 йил кўрсаткичидан 250 гектар зиёддир. Статистик маълумотларга биноан, 2016 йилнинг 10 августигача 21 минг тонна картошка йиғиб олинган. Бу ўтган йилнинг шу давридан 3 минг тоннага кўпдир.
Канаск мавзесида мамлакат Президенти, шунингдек, асаларипарварлар фаолияти билан ҳам танишди.
Бундан ташқари, Ваҳдат шаҳрининг 100 нафар фуқароси ўз хўжалигининг 400 аъзоси билан 10 минг асалари оиласи парвариши билан шуғулланмоқда.
Канаск мавзеси гуллари, доривор ўсимликлари, яхши экологик шароити асалари парвариши ва юқори сифатли асал ишлаб чиқариш учун жудаям қулайдир.
Жорий йилда асаларичилар Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг асал ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга доир топшириқ ва кўрсатмаларини амалга татбиқ этиш мақсадида Канаск мавзесидан 160 тоннадан зиёд асал йиғиштиришни режалаштирганлар.
2015 йили Ваҳдат шаҳри асаларичилари, умуман, 233,7 тонна асал тайёрлашган бўлиб, жорий йил бу кўрсаткични 250 тоннага етказишни ният қилишган.
Асаларичилар билан суҳбат чоғида мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон яхши зотларини келтириш орқали асалари оилалари сонини кўпайтириш ҳамда экспорт ва ички бозор учун асал ишлаб чиқариш ҳажмини келгусида оширишни таъминлаш топшириғини берди.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Канаск мавзесига иш сафаридан мақсад минтақада картошкапарварлик ва асаларичиликни ривожлантиришга ёрдам бериш билан боғлиқдир.
Канаск мавзесида картошкапарварлик соҳаси тараққиёти шароити ва имкониятлари билан танишувдан сўнг, мамлакат Президенти Тожикистон Ҳукумати, давлат ҳокимияти Ваҳдат шаҳри маҳаллий ижроия органи раҳбариятига картошка экиш учун 1000 гектар ерни ўзлаштириш йўлида аниқ чоралар қабул қилиш топшириғини берди.
Бундан ташқари, бу мавзени экологик сайёҳлик минтақасига айлантириш топширилди. Чунки, бу минтақа ўзининг ноёб табиати, нодир доривор ўсимликлари, зилол чашмалари, иссиқ булоқлари туфайли бу мақсад учун жуда мосдир. Ички ва ташқи сайёҳларни жалб этишга ёрдам бериш мақсадида минтақани барча сайёҳлик инфратузилмаси, жумладан, йўл ва алоқа билан таъминлаш топширилди.
«Ховар» ТМАА.