Машҳур тожик шоираси Фарзонаи Хўжандий Афғонистоннинг "Килки Заррин" мукофотига сазовор бўлди. Мазкур мукофот қўшни давлатнинг Ахборот ва маданият вазирлиги томонидан берилади. Ўтказилган танловда тожик шоирасининг шеърлари энг яхши, дея эътироф этилган.
Мазкур танлов Афғонистонда 2010 йилдан буён ўтказилади. Танловда афғон шоирлари ва адиблари иштирок этиб келишади.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан хабар қилишларича, нуфузли танловда биринчи марта тожикистонлик ижодкор ғолиб, деб топилган. Шу ўринда, жорий йилги танловда афғонистонлик 30 нафар ижодкор қатнашганини эслатиш жоиз.
Тожикистон Халқ шоираси, Абу Абдулло Рўдакий номли Тожикистон Давлат мукофотининг лауреати Фарзонанинг номини Тожикистондан ташқарида ҳам яхши билишади. Унинг асарлари Европа ва Осиёдаги кўплаб мамлакатларда нашр этилган. Яқинда Фарзонанинг шеърлари Ўзбекистоннинг адабий журналларидан бири - "Шарқ Юлдузи"да чоп этилди. Шеърларни Одил Икром маҳорат билан таржима қилган.
Жасур отахонлар қадрландилар
Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 73 йиллиги арафасида вилоятда яшаётган уруш қатнашчилари қадрландилар. Жумладан, Гулистон шаҳрида яшаётган 94 ёшли Воҳид Самадовнинг хонадонига Тожикистон Республикаси Президенти Ижроия аппарати вакили Раҳматулло Файззода, давлат ҳокимияти Суғд вилояти ижроия органи вакили Саидамин Исомиддинзода ва Гулистон шаҳри раиси Матлубахон Амонзодалар ташриф буюришди.
Раҳматулло Файззода уруш фахрийсини Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон номидан табриклаб, тўрт минг сомоний миқдоридаги пул мукофотини тақдим этди. Шунингдек, Воҳид Самадовга вилоят раисининг бир ярим минг сомонийлик ва шаҳар раисининг минг сомонийлик туҳфалари топширилди.
Ҳозирда табаррук 94 ёшдаги Воҳид Самадов Бобожон Ғафуров ноҳиясининг Қистакўз (ҳозирги Хистеварз) қишлоғида туғилган. У фашизмга қарши курашдаги жасоратлари учун йигирмага яқин орден ва медал билан тақдирланган.
Айни бир пайтда, республика, вилоят ва Жаббор Расулов ноҳияси ҳукуматлари вакиллари бу ердаги етти нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси ва бир нафар фронт ортида матонат кўрсатган инсоннинг хонадонларида бўлиб, уларни табриклаб, туҳфалар топширишди. Бу жанговар отахонлар орасида ғўлакандозлик Қамбар Ҳайдаров, Саймат Холиқов, Мирзаали Ибрагимовлар ҳам бор эди.
Вилоятнинг бошқа шаҳар ва ноҳияларида ҳам уруш қатнашчилари бўлган табаррук қариялар қадрланишди.
Жумладан, Хўжандда 39 нафар, Исфарада 13 нафар уруш фахрийси ва фронт ортида меҳнат қилган инсонларга, Конибодомда 5 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига маблағ берилди.
Ғолиб шогирд ва устозига - мукофот
Спитамен ноҳиясидаги 3-ўрта умумтаълим муассасаси ўқувчиси Аҳрор Исмоилий Белоруссия пойтахти - Минск шаҳридан ғалаба билан қайтди. У Менделеев номли халқаро олимпиадада кимё фани бўйича қатнашиб, фахрли учинчи ўринни эгаллади. Мазкур нуфузли олимпиадада дунёнинг 24 давлатидан 135 нафар ўқувчи қатнашганди.
Муаллим оиласида тарбия топаётган Аҳрор фан олимпиадаларида мунтазам иштирок этиб келади. Жумладан, ўтган йили кимё фанидан ўтказилган республика олимпиадасида биринчи ўрин ва олтин медални қўлга киритиб, Таиландда бўлиб ўтадиган халқаро олимпиадага йўлланма олганди.
Жорий йилда эса, Аҳрор республика олимпиадасида кимё фани бўйича мутлақ ғолиб чиқди.
Ноҳия раиси Акрам Сулаймонзода ёш иқтидор эгаси Аҳрорни қабул қилиб, унга илм чўққиларини дадил забт этаверишини тилади. Аҳрор ва унинг устози, кимё фани ўқитувчиси, Тожикистон маорифи аълочиси Одилжон Эрматовга ноҳия раиси бир ярим минг сомонийдан маблағ берди.
Ўз мухбир.