МИНТАҚАЛАР

Завод қайта қурилади

Муаллиф: Super user Категория: МИНТАҚАЛАР
Чоп этилган 26 Январ 2018 Кӯришлар: 703
Печат

 

transfor 2018Хитойлик мутахассислар Қўрғонтепа шаҳри трансформатор заводини қайта қуриш масаласини ўрганиб чиқишмоқда. Хитойнинг «Лю Мин» компанияси бу мақсадда юртимизга ўз мутахассисларини юборади.

- Бу борада мулоқотлар Хитойда ўтказилганди, - деди «Трансформатор» ОҲЖ директори Назарали Давлатшоев журналистларга. – Мулоқотлар якунига кўра, хитойлик мутахассислар заводимизга ташриф буюришади.

Директорнинг айтишича, дастлабки келишувларга кўра, Хитой компанияси заводни қайта қуришнинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқади, шунингдек, ўз ҳисобидан корхонани модернизация қилади.

- Дастлабки мулоқотлар якунига кўра, завод раҳбарияти ҳамкорлик усули, яъни заводни модернизация қилиш шартлари ҳақида бир қарорга келади, - деди Н. Давлатшоев. – Икки вариант кўриб чиқилмоқда: биринчиси – кредит асосида, бунинг учун сарфланган маблағни босқичма-босқич қайтариш шарти билан, иккинчиси – қўшма корхона тузиш.

Н. Давлатшоевнинг сўзларига кўра, Хитой томони мазкур лойиҳага республикада завод маҳсулотига бўлган эҳтиёж ҳамда келгусида Афғонистон бозорига чиқишни кўзлаб, қизиқиш билдирмоқда.

 

Қариялар уйига инсонпарварлик ёрдами

Россия Федерациясининг Тожикистон Республикасида жойлашган 201-ҳарбий базаси 451-ҳарбий госпитали тиббиёт ходимлари Хатлон вилояти Ёвон ноҳиясидаги қариялар уйига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишди.

Ҳарбий хизматчилар 201-ҳарбий база қошидаги ибодатхона бошлиғи билан биргаликда қариялар уйида яшаётганлар учун шахсий гигиена воситалари, консерва, табиий сок ва қандолатчилик маҳсулотларидан иборат озуқалар келтиришди. 

Қариялар уйига ташриф давомида ҳарбий база бошлиғи ўринбосарининг дин ишлари бўйича ўринбосари Роман Чебоненко мазкур муассасада яшовчилар билан суҳбат уюштирди.

Айни пайтда Ёвон ноҳияси қариялар уйида 130 нафар қария ва ногиронлар яшайди.

Госпитал ходимлари учун инсонпарварлик тадбирлари ўтказиш анъана тусига кирган. Ўтган 2017 йилда россиялик тиббиёт ходимлари Душанбе ва Кўлоб шаҳарларидаги болалар уйига ёрдам беришганди.

 

Нефтни қайта ишлаш корхонаси қурилиши

«Данғара» озод иқтисодий минтақаси ҳудудида қурилаётган нефтни қайта ишлаш корхонасининг биринчи навбати жорий йилда ишга тушади. Бу ҳақда журналистларга Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлигининг Озод иқтисодий минтақаларни маъмурийлаштириш бошқармаси бошлиғи Фаридун Розиқов хабар берди. Унинг сўзларига кўра, объектдаги қурилиш ишлари 99 фоиз бажарилган. Айни пайтда хитойлик мутахассислар маҳаллий кадрларни ускуналар билан ишлашга ўргатишмоқда.

- Завод мунтазам фаолият юритиши учун анчагина хом ашё захира қилиш керак, - деди Ф. Розиқов. – Лойиҳа ҳомийси - Хитой компанияси Россия ва Эронда хом нефт етказиб бериш юзасидан музокаралар ўтказди. Қурилиш қисмига тегишли ҳамда хом ашё етказиб бериш масалалари ҳал бўлгач, завод жорий йилда фаолиятини бошлаши режалаштирилган.

Шунингдек, Қўрғонтепа-Кўлоб темир йўлидан заводгача 1,5 километр темир йўл тортилиши кўзда тутилган.

 

Болалар учун футбол фестивали

Қўрғонтепа шаҳрида Хатлон вилояти бўйлаб «Футбол сизнинг ёнингизга келади» ҳовлилараро футбол лигаси очилиши доирасида болалар учун футбол фестивали ўтказилди.

Тожикистон футбол федерацияси расмий сайтининг хабар беришича, Қўрғонтепа шаҳрида ўтказилган футбол фестивалида 100 нафарга яқин бола қатнашди. Спорт тадбири илиқ дўстона вазиятда ўтди, болалар фестивалда фаол қатнашишди.

Тадбир сўнгида Тожикистон Болалар ва ўсмирлар футбол лигаси Хатлон вилояти Футбол федерациясига спорт жиҳозлари (тўп, дарвоза учун тўр, кичкина дарвозачалар, спорт костюмлари, ҳакамлар учун қўнғироқ ва карточкалар) тақдим этди.

Жорий йилда «Футбол сизнинг ёнингизга келади» лойиҳаси вилоятнинг саккизта – Қўрғонтепа, Кўлоб шаҳарлари, Шаҳритуз, Жалолиддин Балхий, Абдураҳмон Жомий, Фархор, Данғара, Восе ноҳияларида ўтказилади.

«Футбол сизнинг ёнингизга келади» ҳовлилараро футбол лигасининг бош ҳомийси «Tcell» компанияси ҳисобланади.

 

Ўз мухбир.

Joomla блог