Жамият тараққиётида, у қайси тузумга асосланишидан қатъий назар, комил инсон омили етакчи ўринда туради.
Зеро, равнақ топдирувчи кучнинг негизини фуқаролик жамияти аъзоларининг маънавияти, дунёқараши ва замон билан ҳамнафас қадам ташлаши белгилайди.
Баски шундай экан, устувор маънавият, дунёқараш ва фуқаронинг жамиятдаги етакчи фаолиятига билим масканларида тамал тоши қўйилади.
Ўқувчиларга замонавий билим бериш, уларни халқпарвар ва Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, турли бузғунчи ҳамда жиноий гуруҳлар сафларига қўшилиб кетишининг олдини олиш масаласига давлатимиз сарвари, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг жорий йил 20 январида мамлакат олий қонун чиқарувчи органи- Олий Мажлисга йўллаган Паёмида ҳам бот-бот таъкидлаб ўтилди.
Ёш авлодга замонавий билим бериб, эл ва юртга бўлган меҳр-муҳаббат кўникмаларини ҳосил қилишда Президент Паёмининг ўзи муҳим манба вазифасини бажаради.
Таълим муассасаларида ўтказиладиган тарбиявий соатлар, синфдан ташқари ишлар, ижтимоий фанлардан сабоқ бериш жараёнларидан ташқари аниқ фанлар, хусусан, математика дарсларида ҳам жонажон Тожикистонимиз равнақи билан боғлиқ факт ва рақамларни талабалар онгига сингдириш билан Ватан келажагини яратувчилар қилиб тарбиялаш мумкин.
Масалан, Паёмда келтирилган факту рақамлар асосида масалалар тузиб, уларнинг ечимини топиш йўли билан ёшларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ободончилик ишларига қизиқиш уйғотиш, келгусида уларни ана шундай жараёнлар иштирокчиларига айлантириб юборишнинг йўллари бор.
Мисол учун, 110 километр масофадан иборат бўлган Хўжанд-Исфара автомобил магистралини таъмирлаш ва қайта қуриш учун 310 миллион сомоний маблағ ажратилган.
Агар кунига 300 метр йўл қайта қурилиб, асфалт ётқизилса, ушбу автомобил йўлини тиклаш ва қайта қуриш учун қанча вақт керак бўлади?
Ва ҳар бир километр учун қанчадан маблағ сарфланади?..
Паёмда турли соҳалар бўйича келтирилган бундай факту рақамлар ёрдамида юзлаб масалалар тузиш қийин иш эмас…
Мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, ёш авлодга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, бу борада Президентимизнинг янги кўрсатмалари тўғрисида ўқувчиларга керакли маълумотларни бериш фойдадан холи бўлмайди.
Чунки бундай усул билан ёшларни аждодлар изидан бориб, улар рўёбга чиқарган яратувчанлик ишларининг давомчилари қилиб тарбиялаш даврнинг долзарб талабларидан биридир.
Аждодларнинг барча бунёдкорликларини билиб, ўз онгини бойитган тақдирдагина ёшларимиз жамиятнинг фаол аъзолари ва келажакнинг етук яратувчилари бўлиб етишишади…
Наргиза МУСТАФОҚУЛОВА,
аниқ фанлар ўқитувчиси.