МАОРИФ

ШАФФОФ ИМТИҲОНЛАР САРИ ИЛК ОДИМЛАР

Муаллиф: Super user Категория: МАОРИФ
Чоп этилган 18 Май 2014 Кӯришлар: 1338
Печат

 ШАФФОФ ИМТИҲОНЛАР САРИ ИЛК ОДИМЛАРМамлакат Президенти Миллий тест маркази давлат муассасаси янги биносининг очилиш маросимида сӯзлаган нутқида таъкидлаганидек, абитуриентларнинг олийгоҳларга қабул қилишнинг бугунги кунгача амал қилган усули олий маълумотга етишиш тенгсизлиги, коррупция ва порахӯрлик туғилиши, олийгоҳларга студентларни қабул қилиш жараёнини назорат қилишнинг мураккаблашувига сабаб бӯлар эди.

Бу йил Миллий тест маркази орқали ӯтказиладиган марказлашган имтиҳонларда юқоридаги иллатлар бартараф этилиб, шаффофлик таъминлангани ҳолда мамлакат олийгоҳларига ҳақиқий билимли талабалар қабул қилинадими? Умуман, бунга тайёргарлик ишлари қай аҳволда?

Аввало қайд этиш лозимки, Умумжаҳон банкининг 8 миллион 300 минг сомоний ҳажмидаги грант маблағлари эвазига қурилган Миллий тест марказининг фаолият бошлаши ва абитуриентларнинг марказлаштирилган имтиҳонлар орқали олийгоҳларга қабул қилиниши, давлат раҳбари Эмомали Раҳмон таъкидлаганидек, маориф соҳаси ислоҳотида муҳим қадам бӯлмоқда.

Аммо ҳар қандай янгилик бошланишида қийинчиликлар бӯлгани каби бу масалада ҳам ишларнинг маълум қисми ҳали олдинда. Қолаверса, абитуриентларни янги усул билан олийгоҳларга қабул қилиш йӯл-йӯриғини ҳужжат топширувчиларга ӯргатишдек муҳим бир иш борки, бунга алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Бу хусусда оммавий ахборот воситалари, хусусан, марказий ва вилоят телевидениелари мунтазам равишда тушунтириш ишлари, кӯрсатувлар олиб бормоқда. Аммо ӯрта мактаб битирувчи синф ӯқувчилари билан суҳбатларимиз жараёнида маълум бӯлдики, уларнинг кӯпчилиги ҳали етарлича маълумотга эга эмас.

Олий таълим муассасалари маъмуриятининг бу масаладаги маълумотлари ва фикри билан танишиш мақсадида Суғд вилоятида энг катта олийгоҳ ҳисобланган академик Бобожон Ғафуров номидаги Хӯжанд давлат университети мутасаддиларига мурожаат этдик. Олийгоҳ ректорининг таълим бӯйича ӯринбосари Абдуфаттоҳ Раҳимов бу хусусда шундай дейди:

- Абитуриентларни Миллий тест маркази орқали олийгоҳга қабул қилиш давлатимизнинг бугунги кунда илгари сураётган сиёсати бӯлиб, бунга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакат Президенти топшириғи асосида бугун хорижий олийгоҳлар филиалларидан ташқари Тожикистон Республикасининг барча олийгоҳларига талабалар тӯлиқ Миллий тест маркази орқали қабул қилинади. Шуни ҳам алоҳида қайд этишни истардимки, Душанбе шаҳрида ӯтказилган семинарларда қатнашиш жараёнида Миллий тест маркази барча тайёргарликларни кӯрганлигининг гувоҳи бӯлдик. Ӯйлайманки, бу масалада бирор муаммо чиқмайди.

Алоҳида қайд этиш лозимки, жорий йилда олий ӯқув юртлари, жумладан, Хӯжанд давлат университети абитуриентларнинг қабулига бирор хил таъсир кӯрсатмайди. Бу масалада Миллий тест маркази томонидан комиссия ташкил этилган. Бу комиссия Суғд вилоятида ҳам ӯз фаолиятини йӯлга қӯйган.

Имтиҳонларни олиш масаласида эса, вилоят шаҳру ноҳиялари маориф муассасаларидан 30-35 нафар мутахассислар семинарларда қатнашишди. Улар Хӯжанд шаҳрида, Б.Ғафуров ноҳияси ва ӯйлайманки, Истаравшан шаҳрида ҳам ташкил этиладиган Миллий тест маркази бӯлимларида имтиҳонларни олиш тарзи хусусида махсус семинарлар ӯтказади. Бу жараёнда бизнинг олийгоҳдан ҳам нозир сифатида бирор киши даъват этилиши кутилмоқда. Лекин ҳозирча бу хусусда ҳеч қандай маълумот олганимиз йӯқ. Аммо бу Хӯжанд Давлат университетининг абитуриентлар қабулига ҳеч қандай алоқаси йӯқ, деган маънони билдирмайди. Биз, асосан, тарғибу ташвиқ этишга эътибор қаратмоқдамиз. Аҳоли орасида ҳам ОАВ орқали ҳам олийгоҳ ишчилари томонидан бевосита учрашувлар ӯтказиб тарғибот, ташвиқот ишлари олиб бориш жуда муҳим ҳисобланади. Абитуриентлар бизнинг олийгоҳимизни танлашлари ва бизга ӯқишга келишлари учун, аввало, ӯзимиз ҳаракат қилишимиз лозим.

Қабул имтиҳонлари ӯтказилишига эса, бирор хил таъсир кӯрсатмаймиз, таъсир ӯтказиш ҳуқуқига ҳам эга эмасмиз.

Йӯлланма ёки квота ёрдамида кирадиганлар ҳам Миллий тест маркази томонидан қабул қилинади. Президент квотаси билан қабул қилинадиганлар ёки ота-онасиз абитуриентлар ҳужжат топширишда қайдга олинади. Уларга имтиҳонлар жараёнида имконият берилади. Бу масала ҳам тӯлиқ Миллий тест маркази томонидан қабул қилинади ва олийгоҳ бу жараёнга бирор хил таъсир ӯтказа олмайди.

Олийгоҳга билим даражаси қандай талабалар қабул қилинганини биз фақатгина ӯқув йили давомида олинадиган синов ва имтиҳонлар натижасидан аниқлай олишимиз мумкин. Лекин шуни алоҳида қайд этишни истардимки, бу қадар тайёргарликлар ва Миллий тест маркази томонидан замонавий техник жиҳозлари ёрдамида олинадиган имтиҳонлар натижасида,бу йил олийгоҳларга, жумладан, ХДУга ҳам билим даражаси юқори бӯлган талабалар қабул қилинади.

Мамлакат Президенти Миллий тест маркази очилиш маросимида олийгоҳлар раҳбарлари олдида сӯзга чиқиб, Миллий тест марказига юқори баҳо берган, ушбу усулни кенг тарғиб этишни тавсия этиб, “Келгусида барча олийгоҳларда имтиҳонларнинг ҳамма турларини электрон тарзда шаффоф ва адолатли ӯтказиш зарур”–дея таъкидлаганди.  

Тожикистон Ҳуқуқ, савдо ва сиёсат давлат университети ректори Жамшед Жӯрабоевнинг айтишича, мазкур олийгоҳда таълим тӯла кредит системасида йӯлга қӯйилган. Олийгоҳда барча имтиҳонлар тест шаклида ва компютер воситасида олинади. Олийгоҳ ҳозирда 400 дан ортиқ компютерларга эга ва янги ӯқув йилидан Миллий тест маркази орқали қабул қилинган талабаларни қабул қилиш ва таълим бериш учун барча шароитлар яратилган.

Академик Муҳаммад Осимий номидаги Тожикистон Техника университетининг Хӯжанд шаҳридаги политехника институтидан олинган маълумотларга кӯра эса, бу олийгоҳда 2010 йилдан бери тест маркази амал қилади. Барча якуний имтиҳонлар тест шаклида замонавий техник жиҳозлар ёрдамида олинади. Бу усул яхши натижа бермоқда. Олийгоҳ давлат атестациясидан муваффақиятли ӯтиб, Республика Маориф ва илм вазирлиги Таълим сифатини назорат қилиш агентлиги томонидан фанларни ӯзлаштириш бӯйича мамлакатда энг яхши олий муассаса, деб топилган.

Олийгоҳ директори Анвар Мақсудовнинг фикрича, олийгоҳларга Миллий тест маркази орқали марказлашган имтиҳонлар билан абитуриентларни қабул қилишда қӯшни мамлакатлар тажрибасини кузатадиган бӯлсак, қабул 10-15 фоизга камаяди. Шунинг учун ҳам Политехника институти маъмурияти Суғд вилоятининг барча шаҳру ноҳияларига олийгоҳ ӯқитувчиларини сафарбар этиб, институт қӯлга киритган ютуқлар ва таълим тизими ҳамда сифати ҳақида ӯрта мактабларнинг битирувчи синф ӯқувчиларига тӯлиқроқ маълумот етказишни режалаштирган.

Академик М.Осимий номидаги ТТУПИ директорининг айтишича, мазкур олийгоҳда талабаларга кенг имкониятлар яратилган. Олийгоҳда уч талабага битта компютер тӯғри келади.Олийгоҳ кадрларни қӯллаб-қувватлаш масаласида ҳам мамлакатда етакчилик қилади. Олийгоҳ ӯқитувчиларининг ӯртача маоши Республикада энг юқори кӯрсаткичлардан ҳисобланади. Ёш олимлар кӯрсаткичи бӯйича ҳам мамлакатда биринчи ӯринда туради.

Ӯтган йили Республика олий мактаблари студентлари орасида ӯтказилган фан олимпиадасида ҳам олийгоҳ талабалари фахрли ӯринларни қӯлга киритган.

Буларнинг ҳаммаси олийгоҳда таълим тизимини замонавий техник воситалар ёрдамида йӯлга қӯйиб, барча синову имтиҳонларни шаффоф ӯтказиш самараси эканлигини қайд этади.

Академик М. Осимий номидаги Политехника институти семинару конференциялар ташкил этиш ҳамда олийгоҳ устоз ва талабалари томонидан ихтиро қилинган янгиликларни намойиш этишга ҳам алоҳида урғу бериб келади. Биргина ӯтган 2013 йилда олийгоҳда тӯртта жумҳуриявий, иккита халқаро ва битта вилоят миқёсида илмий-амалий конференциялар ӯтказилган.

Жорий йил январ ойининг 24-санасида ҳам Тожикистон Техник университети Хӯжанд шаҳридаги Политехника институтида мамлакат Президентининг олий ӯқув юртлари имтиҳонларини марказлаштириш тӯғрисидаги дастурини амалга татбиқ этиш мақсадида илмий-амалий конференция ташкил этилди.

“Олий мактабларда марказлаштирилган имтиҳонларни ташкил этишнинг замонавий усуллари: ҳал этишнинг янги йӯллари” номи остида ташкил этилган мазкур конференцияда мамлакатнинг бир қатор олийгоҳлари раҳбарлари, олимлар ва хорижий давлатлардан ҳам соҳа мутахассислари иштирок этди.

Институт директори Анвар Мақсудов конференцияни очиш баробарида ушбу анжуманни ташкил этишдан асосий мақсад - тажриба алмашиш ва тест маркази фаолиятини бойитиш эканлигини таъкидлади.

Анвар Мақсудовнинг фикрича, марказлаштирилган имтиҳонлар талаба билимини ҳақиқий ва адолатли баҳолаш, ӯзаро соғлом рақобат орқали уларнинг билим олишга бӯлган интилишларини орттириш, дарсларни ӯзлаштиришини доимий назоратга олиш имкониятини беради.

Олийгоҳда талабаларнинг барча ёзма ишлари ӯқитувчилар иштирокисиз замонавий техникалар воситасида текширилади.

Тожикистон Техник университети Политехника институти тест маркази бошлиғи Дилафрӯз Сангинованинг айтишича, марказлаштирилган имтиҳонлар якуний натижаси олий мактабда таълим сифатини оширишга ёрдам берадиган кӯплаб жиҳатларни ӯрганишга имконият туғдиради. Жумладан, муаллимнинг дарс ӯтиш сифати, ӯқитувчининг синов ва имтиҳонларда адолатли баҳолаши, имтиҳон саволларининг сифат ёки мураккаблиги, гуруҳ ва мутахассисликларда талабаларнинг ӯзлаштиришини аниқлаш мумкин.

Қозоғистон Республикаси Миллий тест маркази ва ахборот технологиялари идораси бошлиғи Бабур Мукановнинг Тожикистон Техник университети Хӯжанд шаҳридаги Политехника институтида ӯтказилган конференцияда сӯзга чиқиб, таъкидлашича, Қозоғистонда 2004 йилдан бери Миллий тест маркази амал қилади ва бу марказ орқали ҳар йили 70 мингдан ортиқ абитуриентлар олийгоҳларга йӯлланма олади. Унинг фикрича, абитуриентларни марказлашган имтиҳонлар ёрдамида Миллий тест маркази орқали олийгоҳларга қабул қилиш, адолат ва шаффофликни таъминлашнинг энг самарали усулларидандир.

Мамлакатимизда ҳам Миллий тест маркази давлат муассасаси фаолият бошлаши ва қабул имтиҳонлари ушбу марказ томонидан марказлаштирилган ҳолда олиниши олийгоҳларга абитуриентларни қабул қилишда учрайдиган порахӯрлик ҳолларини йӯқотиши кутилмоқда. Бу йӯлда шаффофликни таъминлайдиган асосий омиллар сифатида, қабул имтиҳонларини топшириш жараёнида варақаларда абитуриентлар фамилия, номи ёзилмай, штрих кодлар кӯрсатилиши ва натижаларни текшириш, жамлаш ҳамда баҳолаш компютер дастури асосида, одам иштирокисиз амалга оширилиши айтилмоқда.

Миллий тест маркази биносида эса, хавфсизликни таъминлаш мақсадида бино ичкарисига кириш учун ишчиларга пластик карталар жорий этилган ҳамда барча хона ва коридорларга доимий кузатув камералари ӯрнатилган.

Хуллас, жорий йилда мамлакатнинг барча олийгоҳларига ҳақиқий билимли, ӯқиб-ӯрганиб, етук мутахассис бӯлиб, давлатимиз келажаги учун хизмат қиладиган ёшлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Аслида, Миллий тест марказини яратишдан асосий мақсад ҳам олийгоҳларга кириш имтиҳонларини шаффоф ва адолатли ӯтказиш ҳамда имтиҳонларни абитуриентларнинг яшаш жойларига яқин нуқталарда ӯтказиш орқали мамлакат ёшларининг тенг ва озод иштирокини таъминлашдир.

 

Озод МЕЛИБОЕВ,

“Халқ овози”

Joomla блог