МАОРИФ

Элга ярашган эзгу анъана

Муаллиф: Super user Категория: МАОРИФ
Чоп этилган 20 Декабр 2018 Кӯришлар: 346
Печат

 

maktab 2018 1- Халқ учун нондан кейин энг муҳими мактабдир, - дея ёзган эди Жорж Дантон.

Ҳақиқатдан ҳам, мактаб ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг тафаккури, дунёқарашини шакллантириш, келажакда етук инсон сифатида камол топишида муҳим ва тақдирсоз рол ўйнайди. Шу боисдан бўлса керакки, аджодларимиз азалдан мадраса ва таълимгоҳлар бунёд этишга биринчи даражали эътибор

қаратиб келишган.

Мамлакатимиз ўз давлат мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг, маориф соҳаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўтган йиллар мобайнида республика бўйлаб янги олийгоҳлар ташкил этилди, дунёнинг нуфузли университетлари филлиаллари очилди, замонавий мактаблар бунёд этилди. Шу билан бирга, мавжуд ўқув юртлари ва таълим муассасаларидаги шароитларни замон талаблари даражасига кўтариш, уларни қайта тиклашу таъмирлаш масаласига ҳам давлат ва Ҳукумат раҳбарияти томонидан махсус эътибор қаратила бошланди. Бу борада маҳаллий тадбиркорлару саховатли инсонларнинг ҳам ташаббусларини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиздир.

Хусусан, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг халқимиз учун энг азиз саналган мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш борасидаги кўрсатма-ю топшириқлари ижроси доирасида республика бўйлаб ободончилигу бунёдкорлик ишлари янгича тус олди. Юртимизнинг чекка-чекка шаҳру қишлоқларида ҳам мактаблар, тиббиёт нуқталари, хизмат кўрсатиш марказлари, нонвойхона, сартарошхона-ю гўзаллик салонлари бунёд этиш ишларига киришилди.

Давлат бошлиғи топшириғини ўз вақтида бажариш мақсадида, давлат ҳокимияти Панжакент шаҳри ижроия органи томонидан ҳам чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, айни пайтда, шаҳарда ободончиликнинг 1300 куни эълон қилинган.

maktab 2018Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон ташаббусидан илҳомланган Панжакент шаҳрининг Саразм қишлоқ жамоатига қарашли Яккасада қишлоғи аҳли ҳам яхши ниятлар ила бир ёқадан бош чиқариб, ҳашар йўли билан янги мактаб биноси қурилишига бел боғлашди.

Яккасада қишлоғи, нафақат, Саразм қишлоқ жамоатида, балки Панжакент шаҳридаги катта ва кўзга кўринган қишлоқлардан бири бўлиб, унда уч ярим минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади.

- Қишлоғимиздаги 38-ўрта умумтаълим муассасаси биноси 1963 йилда 194 ўринга мўлжалланиб қурилган. Йиллар ўтиши ва аҳоли сонининг ортиб бориши ўлароқ мактаб биноси анчайин эскириб, синфхоналар етишмаслиги муаммоси пайдо бўлди. Бир неча йил олдин ҳашар йўли билан қўшимча синфхоналар қургандик. Лекин шу пайтгача капитал таъмирни кўрмаган мактаб биноси яроқсиз ва ҳатто, авария ҳолатига келиб қолди, - дейди мактаб директори Низом Ибрагимов.

Панжакент шаҳри раиси Ислом Шафеиён иш сафарларининг бирида Яккасада қишлоғидаги 38-ўрта умумтаълим муассасасига ташриф буюрди. Муассаса биносининг аянчли ҳолатига гувоҳ бўлган шаҳар раиси қишлоқ аҳли билан бўлган мулоқотда мактаб учун янги бино қуриш ташаббусини илгари суради. Ташаббус яккасадаликлар томонидан қўллаб-қувватланиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

- Аслида янги мактаб биноси қурилиши учун 1991 йилда ер участкаси ажратилган эди, - дейди Н.Ибрагимов. - Лекин тўқсонинчи йиллардаги воқеа-ҳодисалардан кейин қийинчилик йиллари бошланиб, қурилиш масаласи одамлар ёдидан кўтарилди.

- Ҳашар - элга ярашар, - деган нақл бор халқимизда. Бунёдкор халқимиз бир ишга бел боғладими, уни, албатта, охирига етказади. Эзгу ниятлар билан қишлоқ оқсоқоллари Лутфулло Каримов, Нарзиқул Усмонов, Хайрулло Каримов, Зиёдулло Ҳакимқулов, Ўролбой Солиев ва бошқалар қурилиш ишлари бошланишига бош-қош бўлдилар.

Янги мактаб қурилишига қишлоқ аҳлининг ҳар бири ўз ҳиссасини қўшишга интиларди. Дастлаб, пойдевор учун Одил Насриддинов, Рўзигул Йўлдошева тош тўкишган бўлса, кейинчалик бу хайрли ишни Орифбой Неъматов, Юнус Хўжаёров, Хатам Абдиев, Баҳодир Бобораҳимовлар давом эттиришди.

Қишлоқ фаоллари Ўролбой Гадоев, Исҳоқ Ҳайдаров, Бувираҳима Умарова, Маҳбуба Йўлдошева, Жамила Солиева ва бошқалар қурилиш ишларига имкон қадар ёрдам қўлини чўзишди.

- Фарзандларимиз учун янги мактаб бунёд этилишини анчадан буён орзу қилардик, - дейди мактаб ота-оналар комитети раиси Алишер Неъматов. - Ота-оналар комитети ҳам қурилиш ишларига четдан қараб турмади. Имкониятимиз борича ҳар биримиз ёрдам бердик. Бунда комитетимиз аъзолари Абдулло Қўзибоев, Анвар Исмоилов, Муслима Хўжабекова, Раъногул Мелиқуловаларнинг хизматлари чексиз бўлди.

Хорижда меҳнат муҳожирлигида юрган яккасадалик йигитлар ҳам жонбозлик кўрсатишди, хусусан, Шерали Имомов янги мактаб биноси томини ёпиш учун 550 дона шифер олиб берди. Уста Аҳмад Ҳамроев бошчилигида усталар - Сидиқбой Бўриев, Йигитали Набиев, Норқул Қўзибоевлар беминнат хизмат қилдилар.

- Аввало, юртимизда ҳукм сураётган тинчлигу осойишталик, фаровонлик учун қишлоқдошларимиз номидан Миллатнинг муаззам пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмонга миннатдорчилик билдирмоқчиман, - дейди меҳнат фахрийси Лутфулло Каримов. - Давлатимиз раҳбари олиб бораётган оқилона ва узоқни кўзловчи сиёсат туфайли юртимизнинг чекка-чекка қишлоқлари ҳам янада кўркамлашиб, обод бўлиб бормоқда. Бунга қишлоғимизда бунёд этилган янги мактаб биноси мисол бўла олади.

Қурилиш ишларига бевосита 38-ўрта умумтаълим муассасаси директори Низом Ибрагимов бошчилик қилган бўлса-да, ўқитувчилар Фахриддин Неъматов, Асомиддин Каримов, Садриддин Неъматов, Нурали Умаров, Бекмурод Абдураҳмонов ва умуман, ўқитувчилар жамоасининг заҳматларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

- Саразмликлар қадимдан шаҳарсоз ва бунёдкор бўлишган, - дейди Саразм қишлоқ жамоати раиси Баҳром Сатториён биз билан суҳбатда. - Буни Президентимиз муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг бевосита ташаббуси билан 2010 йилда ЮНЕСКО умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган, 5500 йиллик тарихга эга қадим Саразм шаҳарчаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунда ҳам саразмликлар бунёдкорлик ишларини давом эттиришмоқда. Давлат мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида жамоатнинг Шўрнова қишлоғида ҳашар йўли билан 240 нафар ўқувчи ўрнига мўлжалланган мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, Чимқалъа қишлоғида қурилиш материаллари дўкони ва нонвойхона бунёд этилди. Ушбу хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида Яккасада қишлоғи аҳли ҳам ўз маблағлари ҳисобидан янги мактаб биноси қурилишини ниҳоясига етказдилар.

Қилинган аҳил меҳнат натижасида 11та синфхона, 4та фан кабинети, ўқитувчилар хонаси ва 2та кичик залдан иборат мактаб биноси қад кўтарди. Эндиги навбат уни монтажлаш, жиҳозлаш ва фойдаланишга топширишга. Бу ишда Яккасада қишлоғи аҳлига давлат ҳокимияти Суғд вилояти ва Панжакент шаҳри ижроия органлари ҳам кўмаклашишса, нур устига аъло нур бўларди.

- Машҳур француз ёзувчиси Барбюс Анрининг бир гапи бор, - дейди 38-ўрта умумтаълим муассасасининг ўзбек тили ва адабиёти фанлари ўқитувчиси Муҳиддин Неъматов. - "Мактаб вояга етаётган авлод тафаккурини шакллантириш устахонасидир: агар келажакни қўлдан чиқаришни истамасанг, мактабни қўлда мустаҳкам тутмоғинг лозим". Ана шу ҳақиқат замирида, бугун қишлоқдошларимизнинг аҳил меҳнати эвазига қад кўтарган янги мактабдан Ватанимиз тараққиёти ва миллатимиз порлоқ келажагига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшадиган билимдон, зукко, ватанпарвар, халқсевар ҳамда энг асосийси, садоқатли ва фидойи ёшлар етишиб чиқади, деган умиддамиз.

Халқимизнинг мана шундай бунёдкорлик ва эзгу анъаналари туфайли, юртимизнинг ҳар гўшаси янада обод бўлиб, давлат мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб ва кўтаринки руҳда кутиб оламиз.

 

Зуҳриддин УМАРОВ, "Халқ овози".

Joomla блог